Ўзбекистон | 17:25 / 30.11.2017
13966
2 дақиқада ўқилади

Uzbekistan Airways дунёнинг энг яхши аэропортларидан биридан мутахассисларни таклиф қилди

Фото: Ўзбекистон ҳаво йўллари

Жанубий Кореянинг «Инчхон» халқаро аэропорти корпорациясининг икки маслаҳатчиси уч ой мобайнида пойтахт аэропортидаги «Тошкент-2» халқаро йўллари терминалининг иш самарадорлигини ошириш устида иш олиб боради. Бу ҳақда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК ахборот хизмати хабар қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига қилган давлат ташрифи доирасида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК делегацияси «Инчхон» халқаро аэропорти (Incheon International Airport Corporation – IIAC) президенти Чуанг Ил-Ёнг билан учрашув ўтказди.

Учрашув давомида Тошкент аэропортидаги «Тошкент-2» халқаро йўллари терминалининг иш самарадорлигини ошириш йўллари муҳокама қилинди. Иккала тараф ўртасида «Тошкент-2» халқаро йўллари терминалининг ишини яхшилаш бўйича таклифларни тайёрлаш учун консультант сифатида «Инчхон» халқаро аэропорти корпорациясининг мутахассисларини жалб этишни кўзда тутувчи Ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Аэропорт инфратузилмасини ривожлантириш ва эксплуатация қилиш соҳасида муҳим тажриба ва катта ютуқларга эга «Инчхон» халқаро аэропорти «Ўзбекистон ҳаво йўллари»га пойтахт ҳаво масканида йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини оширишга ёрдам беришдан манфаатдор эканлигини изҳор этди.

Кўп йиллик тажрибага ва операцион ноу-хауга эга «Инчхон» аэропортининг ҳамкорлиги Тошкент шаҳридаги аэропортда сервис соҳасини яхшилашга сезиларли ёрдам беради.

Маълумот ўрнида: «Инчхон» халқаро аэропорти – дунёдаги энг катта ва йўловчиси энг кўп аэропортлардан бири ҳисобланади ва йилига 57 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатади. 2005 йилдан бошлаб, ҳар йили «Инчхон» аэропорти Халқаро аэропортлар кенгаши талқини бўйича дунёдаги энг яхши аэропорт деб эътироф этилмоқда ва Британиянинг Skytrax тадқиқот компанияси талқини бўйича «Беш юлдуз» юқори рейтингини олиб келяпти.

Мавзуга оид