Ўзбекистон | 18:30 / 02.01.2018
22656
6 дақиқада ўқилади

«Техникага қизиқувчи ўқувчини шеър ёдлашга мажбурлашдан не наф?» — Вазирликка таклиф

Бугунги кунда республикамизнинг барча соҳаларида илғор ислоҳотлар, янгиликлар, ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Бу амалга оширилаётган ислоҳотлар жамият ривожи, халқ фаровонлигига хизмат қилиши президент томонидан бот-бот таъкидланмоқда. Бир йил ичида қабул қилинган бир неча ўнлаб қарор, фармон ва фармойишлар жамиятимизнинг барча соҳаларини кенг қамраб олди.

Бошқа соҳалар қатори таълим тизимида ҳам муҳим ва зарурий қарорлар туфайли, бир неча йиллардан бери мавжуд бўлган муаммо ҳамда камчиликларни бартараф этиш юзасидан ислоҳотлар бошлаб юборилди.

Жумладан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 30 сентябрда мактабгача таълим тизимини бошқаришни такомиллаштириш ҳақидаги фармонни имзолагани, тўққиз йиллик мактаб таълимидан ўн бир йиллик таълим тизимига қайтилиши каби муҳим ҳужжатлар қабул қилингани, самарали таълим тизимини такомиллаштиришда ва жаҳон стандартлари асосида ташкил қилинишида муҳим аҳамиятга эга.

Маълумки, кўпчилигимиз Япония, Жанубий Корея, АҚШ, Канада, Германия, Сингапур, Буюк Британия, Финляндия каби ривожланган давлатлар таълим тизимига ҳавас билан қараймиз. Бизнинг, янги босқичга кўтарилаётган таълим тизимимизда ҳам, мазкур давлатлар таълим тизимига намуна сифатида қараш ва керакли услубиятларни қўллаш бошланди.

2000 йилдан буён ҳар уч йилда Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожлантириш ташкилоти (инг, Organisation for Economic Co-operation and Development, OECD) томонидан 15 ёшгача мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказилиб келинаётган «Ўқувчиларнинг билим даражасини баҳолаш дастури» (инг, Programme for International Student Assessment, PISA) ёрдамида дунёнинг 70га яқин давлатидан ўқувчилар қатнашишади. Мазкур дастур ёрдамида ўтказилган охирги тест натижалари шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда Финляндия таълим тизими дунёда етакчилик қилмоқда. (1-жадвал)

2016 йил Тест тадқиқотлари натижалари (PISA)

1-жадвал
Манба: Programme for International Student Assessment (PISA) http://www.oecd.org/pisa

Хўш, қандай ва нима сабабдан фин таълим тизими шу даражага эришди? Бу мамлакат таълим тизимини ўрганиб кўрадиган бўлсак, улар ҳам бизнинг давлатимиз томонидан қўлланиладиган мутлақо бепул ва аҳолининг турмуш даражасидан қатъи назар, шароит ҳамда имкониятлари тенг мактаб таълим тизимидан фойдаланишади.

Бу илғор мамлакатлар мактаб таълими тизимида бу ютуқларга қисқа муддатда эришмаганликларини ҳамма яхши билади. Бунга бир неча ўнлаб йиллар керак бўлган.

Ватанни ва унинг юксак келажагини кўзловчи ҳар бир фуқаро сифатида мен ҳам таълим тизимимиз ўзгача ва ўз салоҳиятига эга бўлишини, бизнинг таълим тизимимизга ҳам намуна сифатида қаралишини истайман.

Шу мақсадда, Халқ таълими вазирлигига бир нечта таклиф билдирмоқчиман.

1. Мактаб таълимида ижтимоий-гуманитар фанлар билан бирга юқори синфларга соҳавий (иқтисод, бухгалтерия, молия, муҳандислик, солиқ, божхона, ҳуқуқшунослик, сиёсатшунослик ва бошқалар) каби фанлардан ҳам шу соҳада фаолият олиб борувчи мутахассисларни жалб қилган ҳолда энг камида ҳафтада 1 маротаба дарслар ўтилишини йўлга қўйиш;

2. Мазкур соҳавий дарслар орқали битирувчи синфлардан (9, 10, 11) ўз қизиқиши мавжуд соҳа бўйича ўқувчиларни ажратиб олиш ва уларга кўпроқ ўзлари танлаган соҳага йўналтириш ҳамда дастлабки билим ва кўникмани беришга ҳаракат қилиш;

3. Мактабда йўлга қўйилган соҳа дарсларига жалб қилинган мутахассисларга шу жалб қилинган давр учун, иш ҳақларини икки ҳисса орттириб, уларнинг ҳам мазкур жараёнда фаол иштирокини қўллаб-қувватлашга эришиш.

Бу жараённи жорий этиш орқали нимага эришилади?

Биринчидан, ҳар бир мактаб ўқувчиси битирув даврига келиб, қайси соҳани танлашга қийналади ва иккиланади. Уларга, мактаб таълимида мазкур жараённи қўллаш орқали, келажакдаги аниқ соҳаларини танлашга ёрдам берилади;

Иккинчидан, ўрта мактабни тугатган ўқувчи олий ўқув юртларида ўқитиладиган соҳавий дарслардан дастлабки билим ва кўникмага эга бўлади;

Учинчидан, мактаб таълими ва олий ўқув юрти ўртасидаги «узилиш»лар йўқолади, яъни, мактабда мутлақо бошқа таълим, олий таълим юртларида умуман бошқа таълим каби тамойиллар бартараф этилади;

Тўртинчидан, бу жараён айниқса бугунги кунда жуда зарур, сабаби ўзини оқламаган коллеж ва лицейларда берилиши зарур бўлган кўникма мактабнинг ўзида ўқувчи томонидан олинади;

Бешинчидан, 2018 йилдан жорий этилган 11 йиллик мактабларни тамомлаган ўқувчилар, уларга ўз ҳаётий билим ва тажрибалари асосида дарсларга жалб қилинган, соҳасининг етук мутахассисларига ҳавас руҳи уйғонишига, билим ҳамда тафаккурлари ошишига эришилади.  

Бундан ташқари, агар мазкур жараён мактаб таълим тизимига жорий қилинса, техника ва технологияларга қизиқувчи ўқувчига мажбурлаб шеър ёдлатишдан, шоирсифат ўғил қизларимизга кимёдан қайсидир моддани ажрата олмагани учун «2» баҳо қўйишдан қутилармидик. Ахир, «бўйнидан боғланган ит овга ярамас»лигини ҳаммамиз яхши биламиз-ку?!

Бу билан, мактабда адабиёт ёки кимё фани ўқилишига қаршиман демоқчи эмасман, асло! Шунчаки, умумий ижтимоий-гуманитар фанлар билан бир қаторда, айнан, ўз соҳасини танлаш вақти келган, келажагини ўйлай бошлаган 9–11 синфдаги ёшларимизга ёрдамлашайлик, уларга келажакда «қўли енгил дўхтир», «буюк иқтисодчи олим», «гений муҳандис» бўлишларига йўл кўрсатишни айнан, мактаб таълимидан бошлайлик димоқчиман. Таълимга муаммо эмас, ечим сифатида қарашимиз зарур.   

Ризамат Усмонов,
иқтисодчи.

Мавзуга оид