Жаҳон | 17:40 / 11.01.2018
7100
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда қозоқ тилини мураккаблаштириш тақиқланди

Фото: © РИА Новости

Қозоғистон бош вазири Бакитжан Сагинтаев республика маданият ва спорт вазирлигига жаҳонда умум томонидан қабул қилинган терминларни давлат тилига ўгиришдаги ёндашувларини қайта кўриб чиқишга кўрсатма қилди.

«Давлат раҳбари ўз мурожаатида қозоқ тили терминалогиясига эътибор қаратди ва халқаро терминларни ўгириб, қозоқ тилини мураккаблаштирмаслик зарурлигини айтди», деган Сагинтаев ҳукумат мажлисида.

У лотин ёзувига ўтишда «халқаро терминлар қўлланишида энг қулай вариантларни кўриб чиқиш кераклиги»ни қайд этган.

«Шу муносабат билан Маданият вазирлиги бу масалани кўриб чиқиши керак», деган бош вазир.

Қозоғистон Республикаси президенти Нурсултон Назарбоев 9 январь куни Қозоғистон халқига мурожаат қилганди. У қозоқ тилидаги баъзи ўзлаштирмаларни танқид қилган.

Унинг сўзларига кўра, «охирги йилларда қозоқ тилига дунёда умум қабул қилинган 7 минг атама таржим қилинди».

Президент бундай «киритмалар» баъзида жуда кулгили бўлаётганини қайд этган.

«Масалан, «ғаламтор» («интернет»), «қолтырауын» («тимсоҳ»), «күй сандық» («фортепиано»). Бундай мисоллар жуда кўп», деганди Назарбоев.

Мавзуга оид