Ўзбекистон | 14:21 / 13.01.2018
125812
3 дақиқада ўқилади

Нолегал йўловчи ташиш учун патент жорий этилмайди

Фото: KUN.UZ

Хизмат кўрсатиш учун индивидуал шахсларга патент бериш тартиби тез орада жорий этилмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров «Тараққиёт стратегияси» марказида​ шанба куни ташкил этилган пресс-брифингда маълум қилган.

А. Ҳайдаров Kun.uz мухбирининг саволига жавоб бераркан, «​2018 йилги давлат бюджети параметрлари қайта танқидий»​ кўриб чиқилганини таъкидлаб ўтди.

«Мутахассислар билан келишган ҳолда, 2018 йилги давлат бюджетида индивидуал шахсларни хизмат кўрсатиш соҳасидаги фаолиятини патентлаш бўйича хулосага ўзгартириш киритилди», дейди Молия вазири ўринбосари.

Гап шундаки, индивидуал шахсларга (нолегал такси ҳайдовчилари) аҳолига хизмат кўрсатгани учун патент тақдим этиш борасида кўплаб танқидлар пайдо бўлган. Хусусан, мутахассислар «ушбу вазиятда шахсларнинг (йўловчи ва ҳайдовчи) ҳаёти хавф остида қолиши, барча масалаларга ҳар томонлама тизимли ёндашув» йўқлигини эътироф этган.

Биринчи галда, шаҳарлараро қатновчи нолегал такси ҳайдовчилар назарда тутилган бўлса, бундан ташқари муайян уюшмага аъзо бўлмасдан, иш фаолиятини олиб бораётган такси ҳайдовчилари ҳам қисман назарда тутилади.

«Албатта, бундай хизмат тури патентланиши зарур, аммо ҳозирги вазиятга тўғри баҳо бериб, хулоса қилсак: биз 2018 йилда бундай ўзгаришга тайёр эмасмиз!», деб қўшимча қилган Ҳайдаров.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил декабрь ойида давлат бюджети Сенат томонидан маъқулланганди. Аммо, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис аъзоларига Мурожаатномасида айнан давлат бюджети параметрларининг «индивидуал шахсларга нисбатан хизмат кўрсатиш патентини жорий этиш» бандини қаттиқ танқид қилди. Шундан сўнг, давлат раҳбари «халқчил бўлмаган, халқни ўйламаган давлат бюджетини» тасдиқламаслиги ҳақида ошкора фикрини билдирганди. Маълум қилинишича, ушбу муносабатдан сўнг, давлат бюджетини қайта ишлаб чиқиш ва уни такомиллаштириш борасида ишлар олиб борилган.

«Умумий ҳисобда патентни жорий этишдан катта маблағ тушуми кутилмаганди. Шу туфайли, режадаги бюджетдаги ҳисобот ўрнини бўш қолдиришга қарор қилганмиз, чунки бу йилги давлат бюджети профицит билан якунланиши кутилмоқда», дейди вазир ўринбосари.

Мавзуга оид