Ўзбекистон | 19:50 / 19.01.2018
65407
3 дақиқада ўқилади

Ақтўбе фожиаси қурбонларининг шахсини аниқлаштириш ишлари Тошкентда давом эттирилиши мумкин

Қозоғистоннинг Ақтўбе областида рўй берган ҳодиса оқибатида ҳалок бўлган 52 кишидан 32 нафарининг шахси аниқлаштирилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Ўзбекистон Президентининг қарорига мувофиқ 2018 йил 18 январь куни Фавқулодда вазиятлар вазири Рустам Жўраев бошчилигидаги ҳукумат делегацияси Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида содир бўлган ҳодиса натижасида жабрланган ва ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқароларини ватанига етказиш билан боғлиқ ташкилий ишларни ҳал этиш мақсадида Ақтўбе шаҳрига келган эди. Ўзбекистон делегацияси аъзолари автобусдаги ёнғиндан омон қолган ҳамюртлар даволанаётган вилоят интенсив терапия клиник шифохонасида бўлди», дейилган хабарда.

Маълум қилинишича, шу куни Ақтўбе вилоят ҳокимлигида Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги, Инвестиция ва ривожланиш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва Қозоғистоннинг бошқа хизматлари раҳбарлари иштирокида Ўзбекистон делегациясининг амалий йиғилиши ўтказилган.

Қозоғистон Ички ишлар вазирининг ўринбосари Ерлан Тургумбаевнинг маълумотига кўра, айни вақтга келиб ҳалок бўлганларнинг 32 нафарининг шахси аниқлаштирилди ва ёнғинни олдини олиш гуруҳи томонидан автобусдаги ёнғин сабаблари ўрганилмоқда.

Бундан аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вафот этган ўзбекистонликларнинг бирламчи рўйхатини эълон қилган эди. Ушбу рўйхатда 28 киши номи келтирилган ва уларнинг барчаси Наманган вилоятидан.

Айни вақтда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазири Рустам Жўраев бошчилигидаги махсус комиссия Қозоғистонда бўлиб турибди. Қолган марҳумларнинг шахсини аниқлаш жараёни Ўзбекистонда давом эттирилиши мумкин.

Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги консули Шуҳрат Кошабоевнинг маълум қилишича, қолган жасадлар шахсини аниқлаш учун ДНК-экспертиза талаб этилади. У бу жараён кўп эҳтимол билан Тошкентда давом эттирилишини айтган.

«ДНК-экспертиза ўтказишга зарурат бор. Шунингдек, бу жараённи қаерда ўтказиш масаласини ҳал этиш керак. Кўп эҳтимол билан Ўзбекистонда. Чунки, марҳумларнинг қариндошлари бу ерга кела олмайди, уларнинг барчаси Ўзбекистонда яшайди», — дея унинг сўзларини келтирган РИА Новости.

Мавзуга оид