Ўзбекистон | 13:10 / 19.01.2021
50850
14 дақиқада ўқилади

Ақтўбе фожиасига 3 йил. Қурбонлар ёди ва оилаларнинг кейинги тақдири

Бундан роппа-роса 3 йил муқаддам – 2018 йилнинг 18 январь куни ўзбекистонликларни олиб Россияга кетаётган автобус Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти ҳудудида ёниб кетган эди. Фожиа оқибатида автобус салонида бўлган 57 кишидан 52 нафари ҳалок бўлди.

Қурбонларнинг 31 нафари Наманган, 16 нафари Фарғона, 2 нафари Андижон, 1 нафари Сурхондарё вилояти, 2 нафари Тошкент шаҳрида яшашган.

Уларнинг энг кичиги 18, энг каттаси 50 ёшда эди. Тириклайин ёниб кетгани айтилган Ақтўбе қурбонлари орасида 47 ёшдаги ота ва унинг 20 яшар ўғли, 31 ва 26, 23 ва 21 ёшдаги ака-укалар, амаки-жиянлар ҳам бўлган.

Чимкент–Самара трассасида содир бўлган фожиа иштирокчилари Ўзбекистондан Россиянинг Қозон шаҳрига йўл олган бўлиб, кимдир уйланиш, кимдир уй қуриш, машина олиш учун пул топишни ният қилишган эди.

Уларнинг орасида 23 ва 37 ёшдаги икки тошкентлик йигит ҳам бўлиб, бири Россияда қолиб кетган отасини қайтариш учун, иккинчиси эса уй-жойини тиклаш мақсадида сафарга отланганди.

Муҳиддинжон Умаржонов

Санобар Умаржонова (Муҳиддинжон Умаржоновнинг онаси):

– Ўғлим 24 ёшда эди. Касби ошпаз эди. Кунига 25 минг сўмга ишларди. Фожиадан кейин: «Хорижда нима бор эди, шу ерда ишлашса бўлмасмиди», деб ҳамма гапирди. Лекин ўғлим Россияга ишлашга кетмаганди.

Гап шундаки, хўжайиним ишлашга Уфа шаҳрига кетиб, қайтиб келмаган. Шу ёқда бошқа турмуш қурган. Қиз фарзандли бўлган. Мен бу ёқда икки ўғил билан қолиб кетдим. Рўй берган ишлар соғлиғимга қаттиқ таъсир қилди, ётиб қолдим.

Аммо оиламдаги гапни кўчага олиб чиққан аёл эмасман. Ҳатто жигарларим, уйимдагиларга айтмаганман эрим бошқага уйланиб олганини. Фарзандларимга-ку умуман билдирмаганман. Ўшандан кейин беш йил гаплашмай кетган бўлсак-да, ҳар замонда қўнғироқ қилиб қолганида ҳеч нарса бўлмагандай сўрашиб, «Дадангиз сизларни сўраяпти» деб телефонни болаларимга бериб қўярдим. Оиламизда отанинг шаъни, ўрнига ҳеч қачон доғ туширмаганман.

Эрим Россиядан 100, 50, гоҳида 30 доллар юбориб турарди. Бироқ бу икки ўғилни едириб-ичириш, менинг дори-дармонларимга етмасди. Шу сабабли каттам кун бўйи, кичкинам дарсдан кейин ишларди. Бу ерда топиш-тутиш камлигидан ўғлим устози билан қўшилиб Қозоғистонга ишлашга кетди. Ўша ерда яхши ишлаб келди. Иккинчи сафар кетганида Россиядаги ўртоқлари отасининг уйланганини айтиб қўйишибди.

Эрим Россияга кетишидан олдин бир хонали уйимизни сотиб, тўрт хонали уйга кўчиб ўтгандик. Хўжайиним уйнинг пулини берганини айтганди. Кейин билсак, у уй шунчаки эримнинг номига олинган, аслида бировнинг уйи экан. Уйимизнинг пулини ўзи билан олиб кетган экан. Уй эгаси 2017 йилнинг декабрида – янги йил арафаси қўнғироқ қилиб, 8 йил яшадинглар, ё уйни бўшатинглар, ё пулини беринглар деб айтганда мазам бўлмай қолди. Йиғлаб ўтирганимда ўғлим Қозоғистондан телефон қилиб қолганди, алам устида бу гапни айтиб қўйибман-да.

Санобар Умаржонова

Отасининг уйлангани бир зарба, уйсиз қолишимиз хавфи боламга яна бир зарба бўлган-да, энди кўчада қоламизми деб ўйлаб, нима қиларини билмай қолган кап-катта йигит. Шу бўлди-ю шошилинчда Қозоғистондан қайтиб келиб, Россияга қараб йўлга отланди. Мен бу вақтда ўртоқлари отасининг уйланганини айтиб қўйганидан бехабар бўлганман. Орадан анча вақт ўтиб, ўғлимнинг рақамини тиклатиб, телефонидаги хабарларни ўқиганимдан кейин билдим буларни. Менга ишлашга кетяпман, келиб сизни даволатаман, деганди.

Мен кетишига қаршилик қилдим, аммо у оёқ тираб туриб олди. Кейин билсам, отасини Ўзбекистонга қайтариб олиб келиш ниятида Россияга қараб отланган экан. Самолётга чипта олиб, аэропортдан отасига телефон қилган. Бироқ отаси боламнинг келишини хоҳламасдан, уни Россияга бориш фикридан қайтариш учун: «Оғир касал бўлиб ётиб қолдим, ҳолим хароб, бу ерга келма, ҳужжат қилиш қийин, менинг аҳволим бу, сен келсанг баттар қийналамиз», деб айтган.

Болам бечора отасини яхши кўрарди, дадам чиндан қийналиб қолибди, ҳеч ким қарамай қўйибди деб ўйлаб, шартта бир неча кундан кейинга олинган авиачиптасини қайтариб топшириб, автобусга чипта олибди. Автобусга чиқаётганиниям менга сўнгги дамларда айтди. Кейин йўлда мана шу воқеа содир бўлди.

Ўғлим ўтирган автобус ёниб кетганини унинг устозларидан эшитдим. У кунларни эслагим келмайди.

Хуршидхон Турсунов ва Муҳиддинжон Умаржонов сафар олдидан

Гулнора Турсунова (Хуршидхон Турсуновнинг онаси):

– Ўғлим ҳаммага бирдай меҳрибон, уйим-жойим дейдиган бола эди. Боқувчимиз эди. Қўлидан келганча ҳаммага ёрдам қиларди. Бировнинг дилини оғритмаган.

Назарбекда ҳовлимиз бор эди. Ҳаммамиз ўша ерда яшардик ўғилларим билан. Каттам шу ҳовлимизни сотиб, пулини тижоратга сармоя қилиб киритди. Бошида ҳаракатлари яхши самара берди, аммо кейин иши орқага кетиб, бор-будимиздан айрилиб қолдик. Мана шу хатомни тўғрилайман, уй-жой қиламан деб сафарга кетганди.

Боламни кўп уришардим. Лекин четга ишлашга кетишига қарши бўлганман. Мана уч йил бўлди, ном-нишонсиз. Қайтиб келсин, болаларига бош бўлсин деб худодан ҳар куни сўрайман. Икки нафар фарзанди бор боламнинг.

Фожиадан сўнг Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри ҳокимликларидан масъуллар бизни йўқлаб келишди, аҳволимиздан хабар топишди. Менинг пропискам ота уйимда қолгани учун Учтепа ҳокимлиги 5 йил муддатга вақтинча бошпана беришди. Ҳозир бизга ижарага берилган икки хонали уйда ўғилларим билан бирга яшаб келяпмиз. Шароитимиз оғир бўлгани, яшашга жой камлиги учун келиним айни пайтда болалари билан отасиникида яшамоқда.

Гулнора Турсунова

Хуршидхондан кейинги ўғилларим 34 ва 32 ёшда. Оилавий аҳволимиз бунақалигидан ҳали оила қуришолгани йўқ. 2018 йилнинг 23 январь куни уйимизга шаҳар ҳокими келганлар, боламнинг тобутини олиб келишганда иккала ўғлингизга ҳам уй ажратамиз, қонун бўйича сизлар давлатдан уй олишга ҳақлисизлар деб ваъдалар беришганди. Бироқ бу гаплар гаплигича қолиб кетди. 9 ой Тошкент вилояти ҳокимлиги, 3 ой Тошкент шаҳар ҳокимлиги сарсон қилгани қолди. Натижа бўлмади. Ҳозир ҳеч ким ҳолимиз билан қизиқаётгани ҳам йўқ.

Ҳозир кўзим яхши кўрмайди. Дўхтирлар операция қилиш керак деган. Ҳозирча сал-пал кўриб турибман, худога шукур қиламан. Операцияга имконим ҳам йўқ. Пенсия ҳалигидай, шу ҳолимда давлат ишида ишлайман. Аммо топганимиз рўзғор, коммунал тўловлардан ортмайди.

Ўғилларим ҳам, биз ҳам Хуршидхоннинг ўлганига ишонмаймиз. Қачондир уйга кириб келади деб кутамиз. Бошқача эди тўнғичим...

***

Сурхондарёлик Рамиль Турғунбоев 28 ёшида Ақтўбе фожиаси қурбони бўлди. Унинг ортидан онаси ва опаси, Рамиль билан атиги 8 ой ҳаёт кечирган беваси бўзлаб қолди. Отасининг вафотидан сўнг туғилган қизалоқ ҳозир икки ярим ёшда.

Евгения Савчук

Евгения Савчук (Рамиль Турғунбоевнинг онаси):

– Икки фарзандим бор, бир ўғил, бир қиз. Аслида фарзандларим Молдовада туғилишган. Ўғлим бир ёшга тўлганда Сурхондарёга кўчиб келганмиз.

Қизимни узатганман, ҳозир Деновда яшашади. Ўғлимни 2017 йилда уйлантиргандим. Келиним билан атиги 8 ой яшашди. Кейин эса: «Ая, Россияга бориб келиб ишлаб топган пулимга машина оламан», деди. Мен: «Турмушимиз яхши, рўзғоримизда камчилигимиз йўқ, борма, қўй», деб айтдим. Аёли ҳам кетманг деб қанча айтди. Лекин машина олгач, кейин шу ерда ишлайман, Россияга бошқа бормайман дегандан кейин ноилож рози бўлгандик.

Чунки олдин икки йил бориб ишлаб келганди. Кейин келиб уйланганди. Бундай воқеалар бўлиши тушимизга ҳам кирмаганди. Рамил кетаётганда аёли олти ойлик ҳомиладор эди. Кейин қизи туғилди. Давлат томонидан аввал 3 млн, кейин 6 млн сўм ёрдам пули берилди. Маҳалла-кўй маърака-маросимларимизга қарашишди. Ҳеч ким қараб тургани йўқ.

Рамил Турғунбоевнинг беваси Навбаҳор Турғунова қизи Мубина билан

Ўғлим жуда меҳрибон, ақлли бола эди. Ишонганим шу эди. «Аяжон, мен ўзим сизни боқаман, ўзим қарайман дерди», дерди. Афсус, умри қисқа экан. Тақдир экан, бўлмади. Худога шукур, ундан зурриёд қолган. Шуларнинг борига шукур.

***

Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида яшаган икки дўст ҳам Ақтўбе фожиаси қурбонлари рўйхатида. Исмлари ҳам бир хил бўлган бу бўз йигитлар эндигина 19 ва 20 ёшни қаршилашганди. Бироқ оиласидагилар уларнинг ўлганига ишонишмайди. Ҳалигача умид билан кутишади.

Қизлархон Ҳожибоева

Қизлархон Ҳожибоева (Исломжон Каримжоновнинг онаси):

– Фарзандим ўртоғи Исломбек билан яхши ниятларда Россияга ишлашга кетишганди. Уч-тўрт йил ишлаб келаман, қайтганимдан кейин уйни ўнглаймиз деганди. Ҳокисор, содда болалар эди иккаласиям.

Бир нафас ҳам тўхтамасдан худодан шуларнинг кириб келишини кутяпмиз. Уч йил бўлди, мана, Аллоҳ ноумид қилмасин. Онанинг кўнгли сезади: болам тирик. Аниқ биламан. Худо хоҳласа, қайтади...

Исломжон энг катта фарзандимиз эди. Ундан кейин қизим ва ўғлим бор. Эндигина 20 ёшни тўлдириб, 21га ўтганди. Катта бўлиб, энди ёнимизга кириб қолганди.

Исломжон Каримжонов

Ўткирбек Ҳожибоев (Исломжон Каримжоновнинг отаси):

– Охирги марта ўғлим билан амакиси гаплашган. Чегарадан ўтиб кетяпмиз деган. Шундан бери дом-дараксиз, нима воқеа бўлган, билмаймиз.

Уйда телевизор кўриб ўтирсам, Самарага кетаётган автобус ёниб кетгани ҳақида хабар бериб қолишди. Шу лавҳани кўрган заҳотим қўшнимникига югурдим, уйида интернети бор эди-да унинг. Интернетга кириб кўрсак, айнан ўғлим кетган автобус ёниб кетган бўлиб чиқди. Тошкентларга телефон қилдик, ўша автобусда бўлган дейишди.

Ўзи у «Газел»да кетиши керак эди. Нимадир бўлиб эски, суғуртаси йўқ автобусга чиқарворишган уларни. Кейин йўлда шу воқеа бўлганини эшитдик.

Ўша пайтлари ўзим Россиядан келганимга кўп вақт бўлмаганди. Ҳали ўғлимнинг дийдорига тўйиб улгурмагандим. У Тошкентда бўларди, мен гоҳ Россияда, гоҳ бошқа жойда ётиб ишлаб қолардим. Уйда бир вақтда кам бўлардик.

Иродахон Адапова

Иродахон Адапова (Исломбек Норбоевнинг онаси):

– Биз у ерда ҳолатни, болам қандай ҳолатда нима бўлганини кўрганимиз йўқ. Нима бўлганини ҳеч ким билмайди, уни ёлғиз Аллоҳ билади. Россияга бориб, ишлаб пул топиб, дадамни даволатаман, паспортини олиб бераман деб кетганди. Хўжайиним Қирғизистон фуқароси эди, шу сабаб доим кирди-чиқдидан қийналардик. Қолаверса, хўжайиним оғир касал эди, даволатишга пул керак эди.

Шароитимиз қийинлиги учун ҳам болам ота-онамнинг ишончини оқлай, дуосини олай, укаларимга ёрдам берай деб сафарга кетаётганди. Шундай фожиа бўлди. Бундай ҳол бўлади деб хаёлимга ҳам келгани йўқ. То боламнинг тобутини олиб келгунча унинг ўлганига ишонганим йўқ. Ҳозир ҳам тасаввур қилолмайман, боламнинг мурдасини кўрганим йўқ, буни энди Аллоҳ билади. Фарзанднинг доғи жуда қийин, ота-она ўзидан ўтганини ўзи билади.

Исломбек Норбоев (чапда) дўсти Исломбек Каримжонов билан

Фарзандим 8 ёшидан бери ҳам мактабга бориб, ҳам устага шогирд тушиб ишларди. Чунки оиламизда мен ёлғиз ўзим ишлардим. Хўжайиним диск чурраси билан оғригани учун ишлолмасди. Муолажалардан кейин ҳозир анча аҳволлари яхши, аммо ҳалиям қўлларида кучли қалтироқ бор. Фарзандим бизнинг қийналганимизни кўриб-билиб, ота-онамга ёрдам бераман деб ишлашга кетганди.

***

Президент Шавкат Мирзиёев Ақтўбе фожеасига Ўзбекистонда керакли иш жойлари яратилмагани сабаб бўлганини таъкидлаб: «Халқимизнинг олдида ҳали қарзимиз кўп. Одамларимизга шароит яратмаганимиз учун улар бегона юртларга бориб иш қидириб юришибди», деган эди.

Ўзбекистонликларни олиб Қозонга отланган автобус қолдиқлари
Фото: Reuters

52 нафар ўзбек ўғлонлари ҳам ватанда иш топа олмаганидан, орзуларини амалга ошириш имконияти йўқлигидан, ўғил уйлаш, қиз чиқариш учун маблағ топиш ниятида изғиринга қарамай йўлга чиқишганди. Афсуски, уларнинг ортидан тобутлари қайтди.

Орадан уч йил ўтиб, фожиа қурбонлари оилалари ҳолидан хабар оларканмиз, уларнинг ҳаётида жиддий ўзгаришлар бўлмагани, аксарият оилалар ҳамон ишсизликдан қийналишаётгани, гарчи йўқотишлар жароҳати ҳали битмаган бўлса-да, оиланинг навбатдаги фарзандлари иложсизликдан бахтини рус тупроғидан қидиришга мажбур бўлаётганига гувоҳ бўлдик.

Чимкентдан Қозонга кетаётган автобус 2018 йил 18 январь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти ҳудудида ёниб кетган эди

Ақтўбе фожиаси қурбонларининг Наманган вилояти Косонсой ва Тўрақўрғон туманлари, Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида яшовчи оила аъзоларининг бугунги куни, туриш-турмуши ҳақида навбатдаги мақоламизда ҳикоя қиламиз. Бу ҳақда батафсил юқоридаги видеолавҳада томоша қилишингиз мумкин.

Kun.uz мухбирлари:
Жамшид Ниёзов
Гулмира Тошниёзова
Сарвар Зияев
Тоҳиржон Турсунов
Юлдуз Йўлдошева
Абдували Қурбонов
Шерзод Содиқов
Аброр Қурбонмуродов

Тасвирчилар:
Муҳиддин Қурбонов
Асад Алланазаров
Жаҳонгир Маҳмудов


Монтаж устаси:
Муҳаммаджон Ғаниев

Мавзуга оид