Афғонистонлик ёшлар таҳсил олиш учун Ўзбекистонга ташриф буюришди
Жорий йилнинг 21 январь куни 100 нафарга яқин афғонистонлик ёшлар Термиз халқаро аэропортида кутиб олинди. Улар Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Афғон фуқароларини ўқитишга мўлжалланган ўқув марказида таҳсил олиш учун ташриф буюришди.
Афғонистонлик ёшлар мазкур марказда икки йил давомида ўзбек тили ва адабиёти йўналишида педагогик таҳсил олишади. Шундан сўнг ўз юртларига қайтиб, соҳалари бўйича афғон ўқувчиларига дарс беришади. Марказда дастлабки босқичда ўзбек тили ва адабиёти бакалавриат таълим йўналишида 97 нафар талаба, шу жумладан, 86 нафар ўғил бола ва 11 нафар қиз болани ўқитиш назарда тутилган.
Ушбу талабаларга машғулотлар олиб бориш учун Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти ҳамда Термиз давлат университетидан профессор-ўқитувчилар жалб этилган. Бундан ташқари, Тошкент давлат шарқшунослик институти, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетидан малакали профессор-ўқитувчилар жалб этилиши ҳам режалаштирилган.
Афғон фуқароларини ўқитишга мўлжалланган ўқув маркази Сурхондарё вилоятининг Термиз туманидаги Янгиариқ қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежининг бинолари ўрнига ташкил этилган. Бинолар капитал реконструкция қилинган бўлиб, Марказнинг самарали фаолият юритиши ҳамда талабаларнинг билим олишлари учун барча шароитлар яратилган.
Маълумотларга кўра, Марказда 750 ўринли ўқув биноси, 180 ўринли фаоллар зали, Ахборот-ресурс маркази, 100 ўринли ошхона, спорт зал ҳамда ҳудуддаги стадион ва спорт майдончалари, 110 талабалар турар-жойи мавжуд бўлиб, улар замонавий кўринишда жиҳозланган. Ушбу ишлар учун 10 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланган.
Мавзуга оид
17:22 / 17.11.2024
Трамп Афғонистондан АҚШ қўшинларини олиб чиққанларни жазоламоқчи – ОАВ
21:44 / 09.11.2024
Афғонистонда ИИВ, Мудофаа вазирлиги ва разведка қурол-яроғ бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди
19:32 / 07.11.2024
Трамп Ўзбекистон билан муносабатларни қандай олиб боради?
18:05 / 06.11.2024