Ақтўбе фожиасига бағишланган махсус кўрсатув: Қабристонда дўппайган мардлар гумбази
Бу ҳаётий дунёда ҳеч бир тирик жон ўз яқинини йўқотмасин экан. Кенг олам тор бўлиб қолади, бутун орзу-режалар тумандек тарқалиб кетади, инсон руҳияти қуп-қуруқ бўшлиққа тушиб қолади. Агар бу йўқотиш фарзанд бўлса-чи?.. Бу улкан мусибатни ҳаёлга келтиришнинг ўзи кишини даҳшатга солади.
KUN.UZ таҳририяти жамоаси Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида юз берган фожиада ҳалок бўлган йигитларнинг хонадонларига ташриф буюриб, уларнинг ортидан бўзлаб қолган ота-оналари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди. Ғамларига шерик бўлди. Шу аснода таъзия эгалари билан суҳбатлашиб, марҳумларнинг қандай инсон бўлганликлари, ҳаётдаги режалари ва бундай хатарли сафарга отланишларига нима сабаб бўлганини яқиндан билиш мақсадида кўрсатув ҳам тайёрланди. Бу кўрсатувни тайёрлашнинг ўзи оғир кечди, чунки ҳар бир таъзияли хонадонда бўлиб, мусибат эгалари билан суҳбатлашиш, ёш тўла кўзларга, маҳзун юзларга қараш жуда оғир кечди.
- Россиянинг Қозон шаҳрида ишлаймиз, қурилишда иш бор, ойига 400-500 доллар пул топса бўларкан деб қишлоқдаги йигитлар ишлагани кетган эди, - деди ҳам куёви, ҳам жиянини қора ерга топширган таъзияли хонадон соҳибларидан бири. – Аммо бу қишлоғимиз учун жуда катта йўқотиш бўлди. 16 та хонадонда аза. Айримларида иккитадан фарзандлар, қариндошлар ҳалок бўлишган. Бу ҳалокатда нобуд бўлган куёвимнинг икки фарзанди бор эди, улар етим қолди. Танаси бошқа дард билмас, дейишади-ку, биздан нима ўтаётганини таърифлаб беришга тил ожиз ҳозир...
Ота йиғламасин экан. Ҳеч нарсани ўзига олмайдиган оталар, фарзанд доғида мўнғайганча кўз ёш тўкишлари киши қалбини титратиб юборади. Ўз ўғлидан айрилган Умарали Тўраев шундай дейди:
- Аллоҳ менга фарзанд аталмиш неъматни берган эди, уни яна ўзи қайтариб олди. Менинг қўлимдан нима ҳам келарди. Болам чет давлатга ишлагани кетмоқчи бўлганида, “Қўйгин ўғлим, қиш келди. Борига шукр қилиб, сабр қилиб ўтиргин, кунлар исиб кетса, бир гап бўлар”, деганимда, “Ота, сиз дуо қилсангиз бўлди, бироз ишлаб келай”, деб кетганди. Уни ўшанда сўнгги бор кўриб турганимни билмаган эдим... Учта боласи етим қолди.
Аллоҳдан сўраб олган бир ўғлидан айрилиб қолган, бу мусибатдан олам-жаҳонга сиғмай кетаётган Жамила Солиева кўзларида ёш билан боласининг жасадини Ўзбекистонга олиб келганларга раҳмат айтиб, фарзандининг камолини кўра олмаганидан оҳ чекиб, фарёд урди.
- Ўғлимни олиб келишганида кўрдим, ҳудди ҳалок бўлган аскарлардек ётибди. Жасади у ерларда қолиб кетса, мен нима қилардим? Энди мен ўлсам, чироғимни ким ёқади?.. – деб йиғлади муштипар она.
Оталар, оналар, амакию тоғалар, умуман, бутун миллат бошига кулфат олиб келган, қалбларни титратган, барчани жим ўйлантирган бу мудҳиш воқеага нима сабаб бўлди? Нега ҳали ўн гулидан бир гули очилмаган йигитлар, уйланганига ҳали эндигина беш ой бўлган куёвлар, болаларининг камолини кўра олмаган ёш оталар ўз Ватанларини ташлаб, мусофирчиликка, мардикорчиликка йўл олишди, тириклайин ёниб кетишди?..
- Ўғлим уч-тўрт йил чет элда ишлаб келиб, ўзига яраша уй-жой қилди. Кейин ўзимизда, оиласи бағрида ишлашни лозим топиб, шу ердан иш қидирди, - дейди Аҳмадали Мамадалиев. – Шу мақсадда, маҳалланинг болалари билан Тўрақўрғонда очилган турк фирмасига иш сўраб борди. Телефон рақамларини олиб қолишиб, ўзимиз қўнғироқ қиламиз, деб айтишибди. Лекин қўнғироқ қилишмади. Икки-уч марта бориб келди, лекин натижа бўлмади. Фирмадагилар таниш-билиш қилибми, бошқаларни ишга олишганини сезганидан сўнг, хафсаласи пир бўлиб, четга ишлашга кетди. Кўпайишсам, ақиқа тўйи қиламан деб ният қилган эди.
- Ўғлим армияда хизмат қилди. Жиззахда чегарада турди. Ҳарбий соҳага қизиқиши ўта юқори бўлгани учун ҳарбий хизматчи бўлиб ишлашни истади, аммо уни олишмади. Сабаби мен, отаси Россияга чиқиб келган эканман. 2006 йилда у ерга бориб, ишлаб келгандим. 24 ёшида орзулари ўлган болам, Россияга бориб ишлашга аҳд қилган эди, - дейди ҳам ўғлидан, ҳам укасидан айрилган мусибат эгаси.
- Мен иккита фарзандимдан айрилиб қолдим. Бири уйланган, 23 ёшда, иккинчиси эса ҳали чимилдиқ кўрмаган 21 ёшда эди, - дейди жабрдийда оталардан бири. – Беш нафар фарзандим бор. Уларга уй-жой қилиш керак. тегишли жойларга ер сўраб чиқдик, аммо беришмади. Шунинг учун болаларим пул йиғиб, уй-жой қилиш учун чет элга ишлагани кетишди. Бу ерда топганлари қоринларидан ортмасди. Мана, каттасидан беш ойлик норасида бола ёдгор бўлиб қолди...
Ҳа, иш ўринларининг етишмаслиги, маошлар камлиги, бюрократия ва бу йўналишдаги яна қатор камчиликлар, тўсиқлар, иллатлар сабаб ёш, куч-ғайратга тўла, шу Ватан равнақи учун жонини жабборга берадиган азамат йигитлар қурбон бўлишмадими? Давлат раҳбари бу фожиага муносабат билдирар экан, айнан мана шу сабабларни бежиз тилга олмади. Ҳақиқатда ҳам шундай.
Бу фожиага Наманган вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров қандай муносабатда бўлди? Таҳририят жамоаси мазкур сафар чоғида вилоят раҳбари билан суҳбатлашди.
- Бу фожиа нафақат наманганликларнинг, балки бутун ўзбек миллатининг бошига тушган мусибат бўлди. Бу воқеа қачондир кузатилиши мумкин эди. Чунки, яширишнинг ҳожати йўқ, одамларимиз йиллар давомида тирикчилик мақсадида чет элларга чиқиб ишлаб келиши одат бўлиб қолган эди. Биз бунга беэътибор бўлганмиз. Бу мудҳиш воқеа барчамизнинг кўзимизни очди. Президентимизнинг топшириқларига биноан Наманган вилоятида миграциянинг камайтириш, саноат, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларни ривожлантириш ҳисобига янги иш ўринларини ташкил этиш ҳаракатлари олиб борилмоқда. 2017 йилда 75 минг наманганлик Россия ва Қозоғистон давлатларига ишлагани кетишган бўлса, ўша йилнинг ўзида у ерларда ишлаётган 120 минг фуқаро ватанига қайтиб келган.
Бу фожиа мени ларзага келтирди. Ҳар бир таъзияли хонадонда бўлиб, ота-оналарга ҳамдардлик билдирилди, суҳбатлашилди. Аслида, бу фожига биз раҳбарларнинг айбимиз катта. Иш ўринларини яратиш билан боғлиқ ишларимиз суст эканлигини, бугунги шароитда бу ҳаракатлар етарли эмаслигини яққол аён бўлди. Энди вилоятдаги ҳар бир ишсиз фуқаро билан шуғулланиб, уни манзилли иш ўрни билан таъминлаш борасида янги дастур ишлаб чиқамиз, - деди Хайрулла Бозоров.
Аллоҳ таоло ўзининг муқаддас каломи Қуръонда шундай марҳамат қилади: «Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир. Ва Қиёмат кунида ҳеч шак-шубҳасиз ажр-савобларингизни комил суратда олурсиз. Бас, ким дўзахдан четлатилиб, жаннатга киритилса, муҳаққақ (бахт-саодатга) эришгай. Бу ҳаёти дунё эса алдагувчи матодир» (Оли Имрон сураси, 185-оят). Ва яна Луқмон сурасининг 34-оятида шундай дейилади: «Бирон жон эртага нима иш қилишини била олмас. Бирон жон қай ерда ўлишини ҳам била олмас». Бу бутун оламлар Раббиси томонидан ўз бандаларига юборган эслатмаси, насиҳати ва бераётган илмидир. Ҳаётий дунёда яшар эканмиз, бу оятларнинг қанчалик ҳақиқат эканлигига амин бўлиб борамиз.
Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятидаги фожиада ҳалок бўлганлар воқеаси мана шу оятлар ҳақида тафаккур қилишга ундайди. Бугун бу ҳалокат туфайли мусибат етган хонадонлар ғамга ботган. Фарзандлари, ака-укалари, жиянлари, қариндошлари, дўстлари ҳақидаги хотиралар улар қалбини қайта-қайта эзаверади. Тақдири илоҳийга кўнмай иложимиз йўқ. Мусулмончиликнинг шарти ҳам ана шундай.
YouTube
Tas-IX
KUN.UZ таҳририяти жамоаси яна бир бор марҳумларнинг яқинларига Яратган сабру жамил тилаб қолади ва шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, таҳририят томонидан Қозоғистондаги фожиа қурбонларининг оила аъзоларига ёрдам бериш мақсадида махсус хайрия акцияси ўтказилмоқда. Ушбу хайрия акцияси ҳақида қўшимча маълумотлар билан ушбу ҳавола орқали яқиндан танишиш имкони мавжуд.
Ўзбекистондан хайрия қилмоқчи бўлган инсонлар учун:
8600 0417 3756 6308 – Click / Payme
Асқаров Маҳсуджон
Россиядан хайрия қилмоқчи бўлган инсонлар учун:
4276 3801 1901 0663 - Сбербанк
Иброҳим Ғаниев
Кореядан хайрия қилмоқчи бўлган инсонлар учун:
WOORI BANK (020) (우리은행)
1002-552-264384
KHUDAYNAZAROV BAKHROM
Телефон: 010-3046-1919
Мавзуга оид
07:34 / 23.12.2024
40 млн сўмлик пиротехника буюмларини сотаётган шахслар ушланди
19:05 / 26.11.2024
Наманганда флюорит тошини қайта ишлаш йўлга қўйилиши мумкин
16:53 / 22.11.2024
Наманганда 4 кишини Британияга ишга юбориш эвазига 12 минг доллар олган шахс ушланди
16:34 / 18.11.2024