Ўзбекистон | 12:20 / 01.02.2018
106586
2 дақиқада ўқилади

Рустам Иноятов Сенат аъзоси бўлди

Фото: «Синьхуа»

31 январь куни Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Раиси лавозимидан озод этилиб, президентнинг сиёсий-ҳуқуқий масалалар бўйича Давлат маслаҳатчиси лавозимига тайинланган Рустам Иноятов Олий мажлис Сенати аъзоси бўлган. Бу ҳақда «Kun.uz»нинг ҳукуматга яқин манбаси хабар берди.

Сенат аъзолари қонунлар ишлаб чиқилиши жараёнида иштирок этишади. Сенат давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига қонунларнинг, турли соҳалардаги давлат дастури ижроси масалалари ҳамда уларнинг ваколатларига кирадиган бошқа муҳим масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан парламент сўрови юборишга ҳақли ҳисобланади.

Шунингдек, сенат аъзоси давлат органларининг  хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига, қоида тариқасида, тегишли ҳудудларнинг манфаатлари билан боғлиқ масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан сўров юборишга ҳақли.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати тўғрисида»ги қонунга кўра, Сенат аъзоси Сенат розилигисиз, Сенат мажлислари оралиғида эса Сенат Кенгаши розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас. Сенат аъзосига унинг сенаторлик фаолияти билан боғлиқ харажатлар белгиланган тартибда қопланади.

Сенат аъзосининг ваколатлари қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда муддатидан илгари тугатилиши мумкин.

Мавзуга оид