Халқ таълими вазири мактаб формалари бўйича баёнот берди
Ота-оналар таклифларини инобатга олган ҳолда ҳамда ўқувчилар ўртасида ижтимоий табақалашувнинг олдини олиш мақсадида мактаб ўқувчиларининг формалари дизайнини ишлаб чиқиш бўйича танлов эълон қилиниб, якунига етди. Унда ўқувчиларнинг ёши, жинсига қараб, уч тоифа (бошланғич, ўрта ва юқори синф ўқувчилари) бўйича кўплаб форма дизайнлари таклиф этилди.
Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятовнинг сўзларига кўра, форма дизайнлари мутахассислар томонидан ўрганиб чиқилиб, бугунги кунда ҳар бир ёш тоифаси бўйича 4 тадан форма ажратиб олинган. Уларнинг рангига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Ҳозирда бу формалар муайян мактабларда амалий синовдан ўтказилмоқда ва ота-оналар томонидан махсус назоратга олинган.
Ўқувчилар бу формаларда ўзларини қандай ҳис қилишмоқда? Формаларнинг чидамлилиги қандай, уларни қандай тутиш, қандай ювиш керак? Буларнинг бари мунтазам кузатилиб, ота-оналар томонидан махсус карточкаларга белгилаб борилади ва йил охирида тақдим этилади. Қайси форма синовлардан муваффақиятли ўтса, шу форма келгуси ўқув йилида таълим муассасаларида кенг тарғиб қилинади.