Жамият | 11:30 / 07.02.2018
184186
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида 3 болани ўлдирган маньяк ушланди

Тошкент вилояти, Оққўрғон тумани ҳудудида турли йилларда бедарак йўқолган 3 бола ўғирлаб кетилиб, бир шахс томонидан бўғиб ўлдирилгани аниқланди. Бу ҳақда Kun.uz'нинг вазиятдан хабардор ишончли манбаси маълумот берди.

Маълум қилинишича, тумандаги уйлардан бирида 2010 йилда йўқолган Ш.М (2003 йилда туғилган), 2014 йилда йўқолган Ё.У (2005 йилда туғилган), 2017 йилда йўқолган О.С (2014 йилда туғилган) жасадлари аниқланди. Бу болалар шу Оққўрғон туманида яшовчи З.О томонидан бўғиб ўлдирилган ва жасадлари ҳовлига кўмиб қўйилган.

Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари 6 январь куни уйда тинтув ўтказишган, уйдан жасадлар қазиб олинган, гумондор ушланган.

Манбанинг айтишича, ушбу шахсда «руҳий ўзгариш» ҳолати қайд этилган

Ушбу шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 97-моддаси 2-қисми (оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдириш) бўйича иш очилган. Бу модда бўйича айбдор деб топилган жиноятчига 15 йилдан 25 йилгача озодликдан маҳрум этиш ёки умрбод озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланиши белгиланган.

Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ходимлари томонидан тергов ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид