Жамият | 00:52 / 11.02.2018
128641
3 дақиқада ўқилади

Фарғона вилоятида фуқароларнинг туман ИИБ бошлиғи ҳайдаб кетган 65 бош қўйлари йўқолиб қолди

Фото: Иллюстратив сурат. akamaized.net

«Адолат» социал-демократик партиясининг нашри — «Адолат» газетасининг расмий сайтида Фарғона вилояти, Олтиариқ тумани, «Қизилтепа» МФЙда яшовчи Ҳасанбой Юнусовнинг хати эълон қилинди.

Рўзғор тебратиш учун уйда қўй боқиб, сотувчи, бироқ йигирма кундан буён оиласининг тинчи бузилганини баён қилган Ҳ.Юнусов бўлиб ўтган воқеа тафсилотларини қуйидагича ифодалайди:

«2018 йилнинг 20 январь куни соат 16:00 да қўшниларим Раҳматжон Абдуқаҳҳоров ва Раим Қодиров билан қўйларимизни «Қизилтепа» МФЙ ҳудудидаги «Шоҳимардонсой» фермер хўжалиги ёнидаги зовур ёқасида боқаётган эдик. Бир совлиқ туға бошлади. Биз шу билан овора бўлиб қолибмиз. Қўйларнинг бир қисми фермер хўжалигига қарашли ғалла экилган майдонга кириб кетибди.

Шу воқеа устига туман ҳокими ва ИИБ бошлиғи келиб қолди. Қўйларга эътиборсиз бўлганимиз учун минг пушаймон эканимизни билдирсак-да, ИИБ бошлиғи ва маҳалла нозири қўйларни ҳайдаб кетди.

Жорий йилнинг 22 январь куни Олтиариқ туман маъмурий суди ушбу ишни кўриб чиқиб, айбимизга иқрор эканимизни ҳисобга олиб, ҳар биримизга жарима белгилади. Уни вақтида тўладик. Бундан ташқари, «Шоҳимардонсой» фермер хўжалигига етказилган зарар — 1.320.000 сўмни ҳам ўз ихтиёримиз билан қоплаб бердик. Ҳеч кимда бизга қарши даъво қолмаганидан сўнг қўйларни сўраб, туман ҳокими Х.Ниёзовга учрашдик. Ҳоким бува «қўйларингизни билмайман», деди. ИИБ бошлиғи И.Сайдинов қабулига бордик. У ҳам қўйларнинг тақдиридан бехабар эканини, бу иш билан шуғулланмаслигини билдирди.

Ушбу масалада ёрдам сўраб вилоят ҳокими ҳузурига боришга жазм этдик. Афсуски, ҳокимнинг қабулига киритиш уёқда турсин, дардимизни ҳам эшитишни исташмади. Шундан буён қўйларни олиш илинжида қилган мурожаатларимиз ҳавода қолиб кетмоқда. Наҳотки, менинг айбим билан оила аъзоларим, қўшним Раҳматжон ва Раимларнинг фарзандлари кам-кўстини бут қилиб келган 65 бош қўй ўз-ўзидан «йўқолиб» қолса?

Ҳудудимизда оила боқиш учун ҳеч қандай ишлаб чиқариш корхонаси ва иш ўрни йўқ. Кўпчилик ишсиз. Ёшлар иш қидириб Россияга боришади. Боролмаганлар эса мол ва қўй боқиб, рўзғор тебратади.

Юқорида таъкидлаганимдек, мен ҳам шу иш ортидан фарзандларимни вояга етказаяпман. Афсуски, шуни ҳам биздан тортиб олишди. Сизлардан илтимос, менга ва қўшниларимга тегишли қўйларни олишда ёрдам беринг. Биз йўл қўйган хатомиздан минг бора пушаймонмиз», — деб ёзади Ҳ.Юнусов ёрдам истаб.

Таҳририятдан: Кун.уз ушбу масала бўйича ўз суриштирувларини бошлади ва натижаларини мухлисларга тақдим этади.

Мавзуга оид