Диққат, кейинги бекат - «Порлоқ йўл совхози» (харобалари)
2018 йил, февраль. «Kun.uz» ижодий гуруҳи Жиззах вилоятига сафар қилмоқда.
Зомин тоғларидан тушиб, чўллар оралаб кирдик. Навбатдаги манзилга қош қорайганда етиб келдик. Тошлоқ ва тупроқ бўйлаб автомобилда ҳаракатланиш жуда қийин ва жуда секин эди.
528 хонадонда 3 мингдан ортиқ киши яшайдиган «Тинчлик» қишлоқ фуқаролар йиғинидаги «Тинчлик» қўрғони зулматга чўмган.
Тунни шу жой аҳолиси билан бир хил шароитда, изғирин қиш кунида ҳеч қандай иситиш мосламалари бўлмаган уйда ўтказиб, тонггача чидадик.
Кўчаларни айланамиз. Юзлари совуқдан, шамолдан, кўмирдан қорайиб кетган кишилар, ёш йигитлар тўп-тўп йиғилиб, заифгина қуёш нурида исиниб туради.
Бу жой аҳолисининг бошидаги ягона ўй - қишдан омон, совуқда қотиб қолмасдан чиқиш бўлиб турибди.
Марказий кўчалардан бири. (Бу ерда шуни йўл сифатида қабул қилишади).
Бу 477 ўқувчи қатнайдиган Абу Райҳон Беруний номидаги 52-ўрта мактаб (харобалари).
Йигирма биринчи асрда одамлар шундай уйларда яшамоқда. (Бу жойдаги икки уйнинг бирида шу манзарага дуч келамиз).
(Техника хавфсизлигига риоя қилинмагани туфайли бахтсиз ҳодиса рўй беришини кутасизми?)
Ичимлик суви келса келди, йўқса, ёмғир-қор сувини ичаверишади. (3000 киши учун битта нуқтада ичимлик суви куннинг маълум соатларида тарқатилади, кимгадир етади, кимдир овора бўлиб қайтиб кетади).
Бу шу ҳудуд аҳолисига хизмат қилаётган қишлоқ врачлик пункти. Мижозлар кўп бўлади. (Бизни юқоридан текширув деб ўйлашди чоғи, ходимлар дарҳол обондонлаштириш ишларига киришди).
Бу ҳудуд аҳолиси ўн йиллардан буён бирламчи яшаш шароитларидан маҳрум ҳолда яшаб келмоқда. (Фалон пулга ўтин сотиб олиб, унга пули йўқлар таппи-тезак ёқиб жон сақланмоқда).
Улар яна қанча вақт шундай яшаши керак?
Нега улар бу аҳволда қолди? Улар Ўзбекистон фуқаролари эмасми? Улар қора, бошқалар оқми? Улар жанда-жундага ўралиб, ёвғон ичиб кун ўтказсин, ҳеч нарсани кўрмагандек яшаб юраверасизми? Бу болаларнинг айби шу ерда, шу оилаларда туғилиб қолганими? Нега улар бошқа тенгдошлари каби тенг шароитларда ўқимаслиги керак? Бу нотенглик қаердан? Улар давлатга пахта топширсин, ғалла топширсин, пилла топширсин, борини топширсин, кейин ўз ҳолига ташлаб қўйилсинми?
Бу қишлоқнинг мол-ҳоли, қўй-эчкилариям Махмурнинг Хапалак шеридаги мисол ориқлаб кетган.
Ҳолбуки, бир вақтлар бу уйларнинг ҳар бирида кранлардан сув чиқар, кўчалардаги ариқларда сув шарқираб оқар, бу ерда ҳам овқат газда қилинар, уйлар газда иситилар, кўчалари кечалари чароғон, одамларининг юзида бахтиёрлик эди.
Энди аҳвол шундай аянчли. Энди улар нима қилсин? Оталари, болалари киндик қони тўкилган ватанини ташлаб кетсинми? Қаерга? Қандай қилиб? Қаерда ким уларни қучоқ очиб кутиб олади?
Раҳбарлар, вилоят ва туман ҳокимлари бу аҳволдан хабардорми? «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да кимдир бир марта бўлсин келиб, аҳоли билан мулоқот қилиндими, муаммолар ўрганиб, чоралар изландими?
Энди вазият шу даражагача тушишига айбдор бўлганлар келиб шу уйларда яшаб кўрсинчи?
Бошқа ҳолатлардагидан фарқли ўлароқ, биз бу ерга мурожаат асосида бормадик, бизни ҳеч ким ёрдам сўраб чақирмади, йўл-йўлакай кирилган жой. Кўриб турганингиздек, бу ерда газ қувурлари бор (сув қувурлари ҳам бор, электр учун симёғочлар ҳам), лекин нимадир сабаб бўлиб қайсидир йили кимнингдир ҳукми билан ҳудудга газ етказиб бериш тўхтатилган.
Бунинг учун Даштобод шаҳридан шу ҳудудга борувчи қувур бошидан узилган. Масала ҳал.
Ҳеч кимдан бу жойни яна обод қилишни талаб қилмаймиз, берадиган ваъдаларингиз безор қилди ҳаммани. Лекин бир саволга жавоб бериладими - кейинги қишда бу бечоралар нима қилади?..
Бор аҳвол шу, ҳамма кўрсин. Кимнингдир виждони сал бўлсада мудраб қўяр, уялар, балки, кимлардир катта-катта гапириб, порлоқ келажакдан ваъз сўқишни, жаннатмонанд юрт ҳақида эртак тўқишни бас қилар, «ўзимизда билим олиш, ишлаш ва яшаш учун барча шароитлар муҳайё этилгани» ҳақида сафсата айтганлар жим бўлар, кимнингдир онгги, фикрлаши ўзгарар.
Заҳматкаш ва жафокаш халқимизга эса сабр.
Mover орқали кўриш
Азиз Қаршиев
Мавзуга оид
09:25 / 06.11.2024
Жиззахда қарийб 800 млн сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланган фуқаро аниқланди
08:30 / 28.10.2024
Жиззахда иккита юк машинаси тўқнашди
22:09 / 14.10.2024
Жиззах вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасига янги раҳбар тайинланди
20:36 / 12.10.2024