Жаҳон | 10:26 / 21.02.2018
4366
3 дақиқада ўқилади

Майк Пенснинг Шимолий Корея делегацияси билан учрашуви бекор қилингани тасдиқланди

Фото: AP Photo / Risto Bozovic

Оқ уй Шимолий Корея Пёнгчангдаги Олимпиада вақтида АҚШ вице-президенти Майк Пенс билан учрашувни бекор қилгани ҳақидаги мақолалар ростлигини тасдиқлади.

“Пхеньян вице-президент Шимолий Корея ҳақида юмшоқроқ гапириши умидида учрашувни ортга сурди. Бу Шимолий Кореяга Олимпиадада ўз ташвиқоти учун жаҳон саҳнасига эга бўлишга имкон берарди”, деб айтилган Пенс аппарати бошлиғи Ник Айерс баёнотида.

“Улар учрашувдан бош тортишди. Эҳтимол улар музокаралар столи атрофига ўтириш учун ҳеч қачон самимий тайёрланмаганлар”, деб қўшимча қилган Айерс.

Аввалроқ ОАВда Пенс Шимолий Корея етакчисининг синглиси Ким Ё Чжон билан учрашишга тайёрлангани, бироқ учрашув бўлиб ўтмагани ҳақида маълумот берилганди. Пенс Олимпиада давомида Шимолий Кореяни бир неча марта кескин танқид қилган. Шунга қарамай, Пенс Олимпиада очилиш маросимида Шимолий Корея делегацияси ёнида ўтирган ва Оқ уйнинг маълум қилишича, Шимолий Корея вакилларига “эътибор қаратмаган”.  

Мақолада маълум қилингандек, Шимолий Корея вакиллари Пенс билан учрашувни охирги лаҳзада бекор қилишган. Буни АҚШ давлат департаменти расмий вакили Хезер Науэрт ҳам тасдиқлади.

“Шимолий Корея вакиллари охирги лаҳзада учрашувни ўтказмасликка қарор қилишган. Биз улар шундай имкониятдан фойдаланмаганларидан афсусдамиз”, деб айтган Науэрт.

Науэрт Вашингтон Пенс сафари давомида Шимолий Кореядаги инсон ҳуқуқлари бузилишлари ва Шимолий Кореядан оғир аҳволда қайтиб, кўп ўтмай вафот этган америкалик Отто Уормбиер ўлимига эътибор қаратгани учун Пхеньяндан узр сўрамаслигини қўшимча қилган.

“Биз Шимолий Кореянинг қишки Олимпиадага келиши ушбу тузумнинг асл моҳиятини ва дунё бу тузум амалга ошираётган қуролланиш дастурлари олдида бирдам бўлишини яширишга имкон беришига ижозат бермаймиз. Шимолий Кореянинг дипломатик ва иқтисодий яккаланишини тобора чуқурлаштираётган босим ўтказиш кампанияси Пхеньян Корея яриморолини қуролсизлантириш бўйича ишончли музокараларга рози бўлмагунча давом этади”, деб айтган Науэрт.

Мавзуга оид