Toyota ва Hyundai 110 мингтага яқин машинасини қайтариб олмоқда
Япониянинг Toyota ва Жанубий Кореянинг Hyundai автомобилсозлик компаниялари баъзи машиналарида аниқланган носозликлар туфайли Шимолий Америкадан умумий ҳисобда 110 мингтага яқин машинасини қайтариб олмоқда. Бу ҳақда The Associated Press ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, япон компанияси 65 мингтага яқин Tundra моделидаги пикап ва Sequoia йўлтанламасларини қайтариб олишини эълон қилган. Бу машиналарда носозлик туфайли барқарорликни назорат қилиш электрон тизими ҳаракатланиш вақтида ўчиб қолиши мумкин.
Hyundai ҳам рул чамбари билан боғлиқ муаммо сабабли 44 мингта Santa Fe кроссоверини қайтариб олишини маълум қилган. У ишончли маҳкамланмаган ва рул колонкасидан ажралиб чиқиши мумкин.
Машиналар расман март ойидан қайтариб олина бошланади. Компанияларга ушбу носозликлар туфайли йўл-транспорт ҳодисалари юз берган-бермагани ҳақида ҳеч нарса маълум эмас. Таъкидланишича, барча носозликлар бепул бартараф этиб берилади.
Мавзуга оид
08:20 / 07.09.2024
Фарғонада йўл четида турган юк машинасига урилган микроавтобус пачақланиб кетди
18:24 / 09.04.2024
Қуёш тутилиши: Мексика, АҚШ ва Канададан суратлар
00:08 / 09.04.2024
Шимолий Америкада қуёшнинг тўлиқ тутилиши кузатилди
15:53 / 01.03.2024