Ўзбекистон | 16:10 / 01.03.2018
16003
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳаво шарларига бойийдиган бўлди - Халқаро аэронавтика ассоциацияси вакиллари Ўзбекистонда

Фото: Blaser Swisslube

2018 йилда Ўзбекистонга камида яна 15 та ҳаво шари келтирилади. KUN.UZ мухбири 1 март куни Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасида Халқаро аэронавтика ассоциацияси вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда тақдим этилган маълумотга асосланиб, шу ҳақида хабар берди. 

Тадбирда маълум қилинишича, жорий йилда Ўзбекистон Швейцариянинг Blaser Swisslube компаниясидан камида 15 та ҳаво шарини харид қилади. Бу шарлар тарихий шаҳарларда хорижий сайёҳлар ва ўзбекистонликлар учун хизмат қилади. Келгусида мамлакатда ҳаво шарлари фестивали ўтказилиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Бунинг учун ҳаво шарларидан фойдаланиш қоидалари ишлаб чиқилиши талаб этилади. 

Blaser Swisslube бошқарув раиси Питер Блазернинг сўзларига кўра, спортнинг аэронавтика турини ривожлантириш Ўзбекистон брендининг ривожланишига ёрдам беради. 

"Анчадан бери Ўзбекистонга келиш истагимиз бор эди. Икки йилча аввал шунга ҳаракат қилдик, бироқ бунинг иложи бўлмади. Бу йил яна бир бор ҳаракат қилиб кўришга қарор қилдик ва Швейцария элчихонаси кўмагида бунинг уддасидан чиқдик, бу биз учун катта омад. Ўзбекистонда бўлишдан жуда бахтиёрмиз ва ҳамкорликдаги лойиҳаларимиз асосида Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшамиз, дея умид қиламиз ва ўйлаймизки, бунинг уддасидан чиқамиз ҳам", - деди Питер Блазер. 

Питер Блазернинг KUN.UZ'га маълум қилишича, улар шу кунларда Самарқанд, Бухоро шаҳарларига бориб, у ерларда аэронавтикани ривожлантириш учун имкониятлар қай даражада эканини ўрганишади. "Ўйлайманки, Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро каби тарихий шаҳарлар гўзаллигини нафақат ердан, балки юқоридан - ҳаво шаридан туриб гувоҳи бўлишингиз мумкин бўлади", - дейди у. 

Шунингдек у Ўзбекистонга ташрифи давомида мамлакат, унинг инфратузилмаси қай даражада ривожланганини кўриб, ёқимли ҳайратга тушганини айтди ва бу билан ўзбекистонликларни табриклади.

Таъкидлаш жоизки, аэронавтикани ривожлантириш Ўзбекистонга кўплаб фаол сайёҳларни жалб қилиши мумкин. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Ш.Шораҳметовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон келгусида аэропланлар, парапланлар, парашютлар масаласида ҳам катта марраларни кўзламоқда. 

Швейцариянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Оливер Чейвнинг сўзларига кўра, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси айни дамдаги Ўзбекистондаги вазиятга жуда тўғри ёндашмоқда. 

Тадбир сўнггида томонлар ўзаро эсдалик совғалари билан алмашишди ва келгуси учрашув жорий йилнинг апрель ойига режалаштирилганини маълум қилишди. 

Мавзуга оид