Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасидаги ўтиш пунктлари очилди
2018 йилнинг 1 мартидан Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарлари ўртасида эришилган келишувларни амалга оширишнинг аниқ мисоли ўлароқ ўзбек-тожик давлат чегараси орқали 9та ўтиш пунктлари тантанали равишда очилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Хусусан, Самарқанд вилоятидаги «Жартепа» («Саразм»), Жиззах вилоятидаги «Кушкент» («Ўратепа») ва «Учқўрғон» («Ҳавотоғ»), Сирдарё вилоятидаги «Ховособод» («Зафаробод»), Тошкент вилоятидаги «Бекобод» («Хаштяк»), Наманган вилоятидаги «Поп» («Навбунёд»), Фарғона вилоятидаги «Равот» («Равот»), Сурхондарё вилоятидаги «Гулбаҳор» («Айваж») каби автомобиль йўлларидаги пунктлар, шунингдек, темир йўл чизиғидаги «Амузанг» («Ҳошади») пунти очилди.
Бундан аввалроқ баҳорнинг илк кунида Ўзбекистондан тикланган темир йўл орқали Тожикистонга илк поезд келиши ҳақида хабар берилганди.
«Кўлоб-Москва» йўналиши бўйлаб биринчи йўловчи поезди «Амузанг» («Ҳошади») темир йўли ўтказиш пункти орқали 7 март куни қатнашни бошлаши кутилмоқда.
Чегара пунктларининг очилиш маросимлари икки мамлакат расмий вакиллари ҳамда туташ туман аҳолиси иштирокида тантанали тарзда ва дўстона муҳитда ўтди.
«Икки давлатнинг қардош халқлари сабрсизлик билан кутган мазкур воқеалик эндиликда фуқароларнинг ўзаро қатновини осонлаштиришга имкон яратади, бу эса ўз навбатида икки мамлакат дўст халқларининг қариндошчилик алоқаларини сақлашга хизмат қилади. Мазкур қадам Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли муносабатларни янада мустаҳкамлаш учун қулай шароит яратади», дейилган ТИВ хабарида.
Мавзуга оид
16:34
Болалар омбудсмани ёш болалар хивчин билан савалангани акс этган видеога муносабат билдирди
12:26 / 15.11.2024
Роғун ГЭСдаги авария оқибатида 3 киши ҳалок бўлди
19:32 / 31.10.2024
Тожикистон президенти ижтимоий тармоқлардаги «лайк» учун одамларни таъқиб қилмасликни талаб этди
14:16 / 31.10.2024