Ўзбекистон | 16:00 / 09.03.2018
80604
3 дақиқада ўқилади

Душанбеда тарихий аҳамиятга эга ҳужжатлар имзоланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон музокараларни кенгайтирилган таркибда давом эттиришди. 

Музокаралардан сўнг эришилган келишувлар бўйича ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон Дўстлик ва яхши қўшниликни мустаҳкамлаш тўғрисида қўшма баёнот, Ўзбекистон-Тожикистон давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартномани имзолашган.

Савдо, иқтисодиёт, инвестиция, молия, транспорт ва транзит, қишлоқ хўжалиги, сув-энергетика, солиқ, божхона, туризм, фан-таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, хавфсизлик ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳаларидаги ҳамкорлик ҳамда ҳудудлараро алоқаларни ривожлантиришга қаратилган жами 27та ҳужжат имзоланди. 

Ушбу салмоқли ҳужжатлар тўплами мамлакатларимиз ва қардош халқларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш учун янгича ҳуқуқий асос яратади. 

Матбуот анжуманида Шавкат Мирзиёев ва Имомали Раҳмон музокаралар дўстона, очиқ ва амалий руҳда ўтганини, мулоқотлар натижасидан мамнунлигини таъкидлашди.

«Биз Ўзбекистон ва Тожикистоннинг сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, энергетика ва бошқа устувор соҳалардаги муносабатларини мустаҳкамлашга доир долзарб масалаларни муҳокама қилдик. Бунинг натижаси сифатида муҳим ҳужжатлар – Давлат чегараси бўйича шартнома ва Фуқароларнинг ўзаро қатнови тўғрисида битим имзоланди. Бугун эришилган тарихий келишувлар нафақат халқларимиз, балки бутун минтақа учун улкан аҳамиятга эга», деди Ўзбекистон раҳбари.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини аввалига 500 миллион долларга етказиш ҳақида сўз борган эди. Давлат раҳбарларининг самарали музокаралари, ишбилармон доираларнинг бевосита мулоқоти натижасида бу кўрсаткич 1 миллиард долларга олиб чиқиладиган бўлди.  

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида ҳал қилинмаган масалалар қолмаганини таъкидлади. Президент Имомали Раҳмон бу фикрни тўла қўллаб-қувватлади. 

Томонлар мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни ўзаро ишонч, дўстлик ва яхши қўшнилик асосида янада мустаҳкамлашга интилишини билдирди.

Ташриф доирасида бўлиб ўтган бизнес-форум ва Ўзбекистон миллий саноат кўргазмаси доирасида умумий қиймати 143 миллион доллардан ортиқ савдо шартномалари ва кооперация битимлари, шунингдек, Ўзбекистон банклари томонидан савдони молиялаштиришга 100 миллион доллар маблағ ажратиш тўғрисида битим имзолангани таъкидланди.

Мавзуга оид