Бобомурод Абдуллаев: «мен Усмон Ҳақназарман!»
Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумига тажовуз қилиш ва қонуний сайланган ҳукуматни қуролли йўл билан ағдаришга уринганликда айбланаётган журналист Бобомурод Абдуллаев 26 март куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида ўтказилган суд мажлисида ўзини «Усмон Ҳақназар» эканини тан олди. Бу ҳақда суд мажлисида иштирок этган Kun.uz мухбири хабар берди.
«2003 йилдан буён Усмон Ҳақназар тахаллуси остида серияли мақолаларни мен ёзганман. 2005 йилда юз берган Андижон воқеаларидан сўнг, турли хорижий ОАВ мухбирлик пунктлари ёпилди. «Озодлик радиоси», Би-би-си ва «Америка овози» ҳам чиқиб кетди. Шу орада мустақил журналист сифатида ишлаб юрганлар қатори мени ҳам обдон текширишди.
Турли жамғарма ва ташкилотлар томонидан эълон қилинган грантларни қабул қилганим учун терговларда иштирок этдим. Шулар учун каттагина солиқдан қарздорликни ёпдим. Ўз-ўзидан ўртада танаффус пайдо бўлиб қолди, яъни Усмон Ҳақназар бир муддат кўринмай қолди», деб кўрсатма берди журналист Бобомурод Абдуллаев.
Судланувчининг сўзларига кўра, Усмон Ҳақназар фаол бўлмаган пайтда ҳам мақолалар чиқди. Айрим ана шу турдаги мақолаларни Бобомурод ёзмаганини таъкидлади.
«Тахаллусдан фойдаланишди, бироқ буни тўғирлашга ҳаракат қилмадим. Гап шундаки, аноним тарзда ёзган мақолаларимни кўпчилик ўқиган, аммо тахаллус ортида ким турганини кўп одам билмасди», дейди у.
Бобомуроднинг таъкидлашича, журналист бўлажак мақолалари учун маълумотларни мухолифатдаги Ўзбекистон халқ ҳаракати раҳбари Муҳаммад Солиҳдан олган.
«Мен Солиҳга эмас, у менга ишларди. Муҳаммад Солиҳ орқали МХХ, Президент ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши ходимлари етказиб бераётган маълумотлар менга юбориларди», деб сўзларини қисқа қилди у.
Журналист ўз кўрсатмасида «мақолаларни конституциявий тузумга тажовуз қилиш мақсадида ёки хорижий раҳнамоларнинг молиявий кўмагида ёзмагани» ҳақида сўзлаб берди.
«У давр эсланг: шу мақолалар учун 10 минг АҚШ доллар беришса ҳам, ҳеч ким юрак ютиб ёзолмасди. Мен жамоатчиликни бу воқеалардан бохабар қилиш учун мақолаларни ёздим. Ахир, мен журналистман», дейди Бобомурод.
У судда берган кўрсатмасида хатоларга йўл қўйганини ҳам эслаб ўтди.
«Иноятовни оғир бетоб, деб адашдим. Маълумотни текшириб кўрмай, мақолани эълон қилдим. Аммо, МХХ раиси собиқ ўринбосари Ш.Ғуломовнинг қилмишлари ҳақидаги сўзларим ўз исботини топдику. Ёки Гулнора Каримова иши бўйича ёзганларим шундай якун топди», деб ўзини оқлашга уринди у.
Суд мажлиси давом этмоқда. Кейинги суд мажлиси 2018 йил 28 март куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди биносида бўлиб ўтиши маълум қилинди.
Мавзуга оид
12:00 / 12.10.2024
Сергелидаги портлаш: 4 нафар айбланувчининг ҳар бири 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди
13:02 / 21.08.2024
Суд «Озодлик»ка 100 млн сўм тўлаш ва «газ чайқовчиси» ҳақидаги суриштирув бўйича раддия эълон қилишни юклади
18:36 / 13.08.2024
Бекободда 5-қаватдан тушиб кетиб вафот этган аёлнинг эри 9 йилга озодликдан маҳрум қилинди
16:05 / 03.08.2024