Иқтисодиёт | 16:53 / 29.03.2018
34527
2 дақиқада ўқилади

Қудратхўжаев: Солиқ соҳасида инқилоб бўлиши кутилмоқда

Фото: Халқаро Пресс-клуб

Яқин орада солиқ соҳасида инқилобга пойдевор қўйилиши кутилмоқда. Халқаро Пресс-клуб раҳбари Шерзодхон Қудратхўжаев 2018-2020 йилларга мўлжаллланган солиқ ислоҳоти концепциясининг очиқ муҳокамасида шундай фикрларни билдирди.

“Бугун солиқ соҳасида инқилобга пойдевор қўйилиши кутилмоқда. Бугунги бизнес қандай бўлса, эртанги мамлакат шундай бўлади. Ўзбекистонда турмушимизнинг барча соҳаларини яхшилаш борасида тизимли ислоҳотлар жадал суръатларда олиб борилмоқда. Мамлакатни модернизация қилишнинг асосий йўналишларидан бири эса, иқтисодий соҳани, биринчи галда солиқ тизимини ислоҳ қилишдан иборат”, - деди ХПК раҳбари Шерзодхон Қудратхўжаев. 

Унинг фикрича, ўзгаришлар даврида Ўзбекистон солиқ тизими ислоҳоти мамлакатда бизнес юритиш учун қулай шароит яратиш баробарида давлат бюджетини тўлдириш вазифасини ҳам уддалаши керак. 

“Тушунарли, шаффоф ва енгил солиқ ставкалари кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари учун бизнес юритишни енгиллаштиради. Бу, ўз навбатида янги бизнес лойиҳаларга туртки бериши, солиқ йиғимларини осонлаштириш керак”, - деди Ш.Қудратхўжаев “Ўзэкспо” МККда бўлиб ўтган Солиқ концепцияси муҳокамасида.  

Мавзуга оид