Ўзбекистон | 18:40 / 07.04.2018
109376
2 дақиқада ўқилади

2018 йил учун ҳаж зиёрати нархи белгиланди

Фото: Дин ишлари бўйича қўмита

Ўзбекистон Республикасида Ҳаж ва Умра мавсумларини намунали ташкил этиш ишлари “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши қарорлари асосида амалга оширилмоқда.

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизматининг хабар беришича, Ҳаж мавсумига тайёргарлик ишлари Ўзбекистон Республикаси Ҳаж делегациясининг Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва Умра ишлари вазири билан бўлиб ўтган учрашувига асосан мавсумни намунали, тартибли ва энг юқори даражада ўтказишга келишиб олинди.

Ҳаж мавсумида ўзбекистонлик зиёратчиларга хизмат кўрсатиш учун соҳа мутахассисларидан иборат 230 нафар малакали ишчи гуруҳи, гуруҳ раҳбарлари, тиббиёт гуруҳи, ошпазлар гуруҳи сафарбар этилади. Мазкур ишчи гуруҳи ҳаж мавсумида зиёратчиларнинг ибодатларини эмин-эркин ва тўла-тўкис амалга оширишларини таъминлайдилар.

Шунингдек, зиёратчиларимизга муқаддас шаҳарларда жойлашган энг замонавий ҳамда барча шароитларга эга бўлган меҳмонхоналар хизмат кўрсатади. Зиёратчилар нафақат меҳмонхоналарда балки, Мино-Муздалифа-Арафот водийларида ҳам уч маҳал иссиқ овқат, 24 соат иссиқ чой ва тиббий хизмат билан таъминланадилар. Шуни таъкидлаш зарурки, бу хизматлар кўпгина бошқа давлатлар зиёратчиларига кўрсатилмайди.

Бу йилги ҳаж мавсуми ташкилий ишлари бошланди. Зиёратчиларни турли касалликларга қарши вакцина билан эмлаш ишлари жорий йилнинг 25 апрель кунига қадар давом этиши белгиланди. Шунингдек, 2018 йилги Ҳаж мавсуми учун сарф харажатлари энг юқори даражада кўрсатиладиган барча хизматларни эътиборга олган ҳолда ҳамда Жамоатчилик кенгашининг қарорига асосан 38 000 000 сўм этиб белгиланди. Бунда албатта Ўзбекистон Республикасида хорижий валютанинг эркин конвертация қилиниши ҳам эътиборга олинган.

Мавзуга оид