Ўзбекистон | 22:21 / 09.04.2018
76733
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сонига доир маълумот берилди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси доимий аҳолиси сони 2018 йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра 32763,7 минг кишини ташкил этди. Жумладан, шаҳар аҳолиси сони 16583,0 минг кишини (жами аҳоли сонидаги улуши 50,6 %), қишлоқ аҳолиси сони 16180,7 минг кишини (49,4 %) ташкил этди. Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди.

Таъкидлаш жоизки, 2018 йил январь-март ҳолатига кўра, аҳоли сони 107,0 минг кишига кўпайди. Тирик туғилганлар сони 147,0 минг нафарни ташкил этди. Вафот этганлар сони 37,8 минг нафар экани қайд этилди. ФҲДЁ бўлимларида 52,1 мингта никоҳ ва 8,1 мингта ажралишлар рўйхатга олинди.

Республика ҳудудлари кесимида таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 2018 йилнинг 1 апрель ҳолатига энг кўп аҳоли сони Самарқанд вилоятида - 3733,7 минг кишини (республика аҳолиси сонидаги улуши 11,4 %ни) ва Фарғона вилоятида - 3631,0 минг кишини (11,1 %), аксинча энг кам аҳоли сони Сирдарё вилоятида - 818,4 минг кишини (2,5 %) ва Навоий вилоятида - 961,3 минг киши (2,9 %) ташкил этди.
 

Фото: Давлат статистика қўмитаси ахбороти

Ҳудудлар кесимида аҳолининг энг юқори ўсиш суръати 2017 йилнинг худди шу даврига нисбатан Сурхондарё вилоятида - 2,1 фоизга, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида - 1,9 фоизга, Жиззах, Наманган вилоятларида ва Тошкент шаҳрида - 1,8 фоизга, аксинча энг кам ўсиш суръати Тошкент вилоятида - 1,1 фоизни, Қорақалпоғистон Республикасида ва Бухоро вилоятида - 1,4 фоизни ташкил этди.

Мавзуга оид