Спорт | 19:33 / 13.04.2018
38105
7 дақиқада ўқилади

Бири биридан «хунук» рақиблар: ЕЧЛ қуръасига назар

Яқинда қайсидир бир мультфильммиди, қулоғимга чалинди – «исмларингиз бир биридан чиройли» деган гапга жавобан бир болакай «демак исмларимиз бири биримизникидан хунук ҳам экан-да?» деб ўринли савол берди. Ростданам, илгари хаёлга келмаган экан шунақа фикр, қойил.

Европа Чемпионлар Лигаси ярим финаллари учун ташланган қуръа натижалари ҳам ўша диалогни эслатди. Менимча, жамоаларга ноқулай рақиблар тушди. Бояги болакай каби тескари томондан келсак, уларга қулай ҳам бўлар балки? Асосий вазифа ҳам шу – ўз устунликларингга урғу бериб, рақибнинг устунликларининг таъсирини пасайтириш ғалабининг асосий омилларидан биридир.

ЛИВЕРПУЛЬ

Фото: Squawka

«Ливерпуль» рақибларни асосан кўпроқ югуриш, юқори прессинг қилиш орқали издан чиқарадиган жамоа. Клопп учун кўпроқ техник футбол ўйнайдиган, паслар орқали ҳимоядан ҳужумга чиқишга ҳаракат қиладиган жамоалар қулайроқ эди. Тўғри, «Ливерпуль»нинг бу услубини ҳамма билади, аммо бир ўйин учун ҳеч қайси жамоа бутун системасини, фалсафасини ўзгартирмайди-ку, тўғрими?         

Иккинчидан, ўйинда фаворит эмас, иккинчи жамоа мақомида тўп суриш ҳам «Ливерпуль» учун қулай. Керак бўлганда тўпсиз ҳаракат қилиш, қарши ҳужумда каттароқ зонага эга бўлиш учун ҳам рақиб имкон қадар «Ливерпуль» дарвозасига кўпроқ ўйинчи билан яқинроқ келиши керак. Пеп Гвардиола ҳам чорак финал ўйинлари олдидан «Ливерпуль» каби очиқ зоналардан самарали фойдаланадиган жамоа Европада бошқа йўқлигини айтганди. Демак, ярим финалда қолган жамоалар ичида Гвардиоланинг собиқ жамоаси «Бавария» ва Испания гранди «Реал» ливерпулликлар учун қулайроқ эди, назаримда.

Йўқ, «Рома»га нисбатан нариги жамоаларни ютиш «Ливерпуль»га осонроқ бўларди демоқчи эмасман. Айнан ўйинга тайёрланиш, тактика ва стратегияларни белгилаш нуқтаи назаридан, «Реал» ёки «Бавария»га алоҳида тайёрланиш шарт эмасди. Клопп «Манчестер Сити»га қарши қўлланган услуб билан муваффақиятдан умид қилса бўларди.

«Рома» билан аксинча, жамоа кўпроқ позицион ўйинга, қисқа масофаларда ҳужум уюштиришга ўрганишига тўғри келади. Бунинг устига, иштаҳа овқат пайтида келади, деганларидек, «Барселона» ва «Челси»ни 3:0 ҳисобида юта олган «Рома» ҳам энди ўзига кўпроқ ишонган, финал остонасида кучлироқ бўлиши табиий.

РОМА

Фото: Squawka

Юқоридаги фикрларни айнан «Рома»га нисбатан ҳам ишлатиш мумкин. «Рома»нинг ўйин услуби «Ливерпуль»дан кўра «Тоттенҳэм»га ўхшаб кетади, лекин умумий қадриятлар ўша ўша – юқори прессинг, рақибга майдоннинг ҳар нуқтасида фаол қаршилик кўрсатиш ва агрессия.

Худди шу услубда «Барселона» устидан ғалаба қозонилганини эътиборга олсак, «Рома» нариги жуфтликдаги грандлар билан осонроқ ўйнаган бўларди. Биринчидан, бемалол иккинчи планга ўтиб олиб, ўз имкониятини кутиш мумкин, иккинчидан, ўша ўйинлардаги мағлубият ҳам «Рома» учун у қадар оғриқли бўлмасди. «Ливерпуль» эса, барибир, тан олиш керак, статус томонидан «Бавария» ёки «Реал»дан пастроқ, ўз ўзидан клуб раҳбариятида ҳам, мухлисларида ҳам финал учун реал имконият пайдо бўлгани ҳақида фикрлар юзага келгандир.

«Рома» эса кўпроқ кутилган эмас, кутилмаган ғалабаларга кўпроқ мос келади, назаримда.

РЕАЛ

Фото: Squawka

Сўнгги йилларни олиб қарасак, «Реал» учун ЕЧЛдаги энг ноқулай рақиб «Бавария» экани сир эмас. Фақат 2013/14 йилги мавсумда «Реал» ҳеч қандай саволга ўрин қолдирмаганди. 2012/13 йилги мавсумда «Бавария»нинг қўли баланд келган. Ўтган йили эса, якунда «Реал» кейинги босқичга чиққан бўлса-да, Видаль жуда шубҳали ҳолатда четлаштирилиши ўйинга таъсир ўтказганди.

Умуман, нимчорак финалда «ПСЖ», чорак финалда «Ювентус» билан ўйнаган «Реал»га осон бўлмади. Ўз мамлакатларида яққол етакчи бўлган ўша клублар «Реал» билан ҳудуд талашишди, ташаббус ва тўпни ўз назоратларига олишга интилишди. Бундай ўйинларда иштирок этиш натижадан ташқари жамоани чарчатиб қўяди. Шу нуқтаи назардан, ташаббусни рақибга беришдан қўрқмайдиган «Рома» ёки «Ливерпуль» бу босқичда «Реал»га қулайроқ рақиб эди, балким.

БАВАРИЯ

Фото: Squawka

«Бавария» гўёки бошқа, айланма йўлдан финал сари одимлаётгандек, жамоа иштирокидаги ўйинлар футбол жамоатчилиги назаридан четда қолмоқда. «Бешиктош» ва «Севилья» каби жамоалар билан куч синашган немислар аввалги қуръалар натижаларидан миннатдор бўлишса арзийди. Аммо ярим финал қуръаси уларга тўртликдаги энг кучли рақибни рўбару қилди. Ушбу мавсумда Бундеслигада ҳам, Европада ҳам жиддий синовга қарши келмаган жамоа учун «Реал»га қарши ўйнаш осон бўлмайди.

Яна бир сабаб. «Бавария» бундеслигада ғолиб чиқиб бўлди. Бошқа ўйинларда бемалол ротация қилиб, ярим финалларга тайёрланиши мумкин. «Рома» ва «Ливерпуль» эса, миллий чемпионатларда кучли тўртлик учун курашмоқда. Улар Италия ва Англиядаги рақиблар билан ҳам бор куч билан ҳаракат қилишга мажбур. Ярим финалда улар билан ўйнаш «Бавария»га қўшимча устунлик берарди. Лекин ундай бўлиб чиқмади. «Реал» ҳам Ла Лигада ҳеч қандай вазифаси қолмаган, бор имкониятини айнан ярим финалларга қаратадиган клуб.

Буниси «Бавария» учун ноқулай. Биз учун эса, яхши – тенг шароитларга эга бўлган жуфтликлар баҳсини томоша қиламиз.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид