Жаҳон | 19:24 / 17.04.2018
8642
2 дақиқада ўқилади

Серж Саргсян Арманистон бош вазири этиб сайланди

Фото: РИА "Новости"

Арманистон Миллий йиғини (парламент) депутатлари мамлакатнинг собиқ президенти Серж Саргсянни бош вазир этиб сайлашди. Бу ҳақда парламент спикери Ара Баблоян маълум қилди. 

Баблояннинг маълум қилишича, Саргсянга 77 депутат овоз берган, 17 нафари қарши чиққан. 

Саргсян парламентнинг махсус йиғилишидаги нутқида унинг бош вазир лавозимидаги устувор вазифалари мамлакат хавфсизлигини таъминлаш, армияни кучайтириш ҳамда Қорабоғ ихтилофини тартибга солиш бўлишини айтган. Унинг айтишича, янги ҳукуматнинг энг муҳим вазифаси тараққиётни таъминлаш бўлади. Саргсян яна бир устувор вазифа сифатида мамлакатдаги демографик муаммони ҳал қилиш бўлишини айтган.

Саргсян ўзининг 10 йиллик президентлиги (2008-2018 йиллар) вақтидаги баъзи иқтисодий натижалар ҳақида тўхталиб, бу давр ичида мамлакат ялпи ички маҳсулоти 6,3 млрд доллардан 11,5 млрд долларгача ошганини айтиб ўтган.     

Саргсяннинг президентлик муддати якунлангандан кейин Арманистонда янги конституция кучга кирди. Унга кўра, ҳокимият парламент ва ҳукумат қўлида мужассамлашади, президент вазифалари эса тақдим қилувчи бўлади. Арманистоннинг янги президенти Армен Саркисян 9 апрелда ўз лавозимини бажаришга киришди. 

Шу билан бирга 13 апрелдан Ереванда Саргсяннинг бош вазир лавозимига сайланишига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. 16 апрелда парламент биноси ёнида намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтган.

Мавзуга оид