Жаҳон | 08:26 / 06.05.2018
5412
1 дақиқада ўқилади

Судан Марказий Африка Республикасидаги элчисини чақиртириб олди

Судан /Фото: grandseashostmark

Судан Марказий Африка Республикаси (МАР) пойтахтидаги элчихонасига ҳужум содир этилгани сабабли бу давлатдаги элчисини ортга чақиртиб олди. Бу ҳақда Судан ташқи ишлар вазирлиги сайтида эълон қилинган баёнотда айтилган.

Баёнотда айтилишича, 4 май куни Суданнинг Бангидаги элчиси қароргоҳига ҳужум содир этилган. Оқибатда элчихона қўриқчиси ўқотар жароҳатлардан ҳалок бўлган. МАР президенти ва ички ишлар вазири Судан элчиси билан учрашиб, ҳукумат номидан элчихона ходими ҳалок бўлгани муносабати билан таъзия келтиришган ва жиноятчиларни топиб, уларни жавобгарликка тортиш учун барча чоралар кўрилишига ваъда беришган. 

Sudan Tribune портали маълумотларига кўра, элчихона қўриқчиси ўғриликнинг олдини олмоқчи бўлган полициячилар томонидан хато ўлдирилган. 

Судан ҳукумати ушбу ҳолат юзасидан МАРнинг элчисига расмий норозилик нотаси топширган ва жиноятчиларни жавобгарликка тортиш ҳамда ўз элчихонаси ва унинг ходимлари ҳимоясини таъминлашни талаб қилган.

Мавзуга оид