Жаҳон | 01:20 / 20.05.2018
20860
2 дақиқада ўқилади

Болқонга ташрифи давомида Эрдўғанга нисбатан суиқасд режалаштирилаётганлиги аниқланди

Фото: Anadolu

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Болқон ярим оролига, хусусан Босния ва Ҳерцеговинага ташрифи мобайнида унга ҳужум уюштирилиши режалаштирилганини турк разведка ва хавфсизлик бўлинмаси аниқлаган, деб ёзади Анадўлу ахборот агентлиги.

Суиқасдда бир гуруҳ турк аскарлари иштирок этишлари гумон қилинган. Македония пойтахти Скопье шаҳрида истиқомат қилувчи турк миллатига мансуб кишилардан олинган ахборотга кўра, «Президент Эрдўғанга унинг Болқон давлатларига ташрифи давомида суиқасд уюштирилиши мумкин».

Ғарб разведка агентликлари ҳам турк разведка бўлинмаларига «Яқин келажакда Эрдўғаннинг Болқон ярим оролига ташрифи чоғида бир гуруҳ турк фуқаролари президентга нисбатан суиқасд уюштиришга тайёргарлик кўришаётгани»ни хабар беришган. Бир неча манбалардан ўхшаш хабар олингач, бу масала юзасидан суриштирув ишлари бошлаб юборилган.

Аниқланишича, батафсил разведка тадқиқотлари ўтказилмоқда, лекин суиқасднинг вақти, куни, жойи ва услуби ҳақида аниқ маълумот топилмаган.

Бошқа томондан, Эрдўғаннинг Босния ва Ҳерцеговина пойтахти Сараевога ташрифи 7 октябрга мўлжалланган ва бу умумхалқ сайловидан олдин мухолифат томонидан ички сиёсатга таъсир ўтказиш сифатида таклиф қилинган.

Босния ва Ҳерцеговина президентлиги аъзоси, Босния мусулмонлари вакили Бакир Изатбегович бошлиқ мухолифат гуруҳлари Эрдўғаннинг ташрифига атаб норозилик намойишлари мўлжаллашган. Мухолифат аъзолари Скендерия майдонида норозилик акцияси уюштириш учун ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланмоқда.

Мавзуга оид