Спорт | 12:10 / 22.05.2018
16586
4 дақиқада ўқилади

Россия мундиали вақтида қандай чекловлар бор?

Фото РИА «Новости»

Навбатдаги жаҳон чемпионати бошланишига ҳам бир ойдан камроқ вақт қолди. Бу сафарги мундиалнинг Россияда ўтиши жуда кўп сонли ўзбек мухлисларининг ҳам ўйинни жонли кўриш учун отланишларига сабаб бўла олади.

Мундиал ўйинлари Москва, Петербург, Волгоград, Екатеринбург, Калининград, Қозон, Нижний Новгород, Саранск, Самара, Сочи ва Ростов шаҳарларида бўлиб ўтади. Tjournal.ru сайти чемпионат давомида бу шаҳарларда истиқомат қилувчилар ва меҳмонлар учун қандай янги қоидалар жорий қилиниши бўйича маълумотлар тақдим этди.

Рўйхатга қайд этиш

Ўйинлар бўлиб ўтадиган барча шаҳарларда алоҳида, ўзига хос рўйхатга олиш қоидаси ишлаб чиқилган. Агар сизда ушбу шаҳарда яшаш учун доимий прописка бўлмаса, боргандан кейин уч кун ичида маҳаллий МВД ёки МФЦ бошқармасига учрашингиз керак. Электрон почта орқали хат юбориш ёки бланкани тўлдириб жўнатиш ўтмайди, шахсан идорага боришга тўғри келади. 

У ерда паспорт ва вақтинча яшаш учун ҳужжат, масалан квартира билан ижара шартномасини кўрсатасиз. Агар меҳмонхонага жойлашган бўлсангиз, рўйхатга олиниш шарт эмас, у ерда автоматик тарзда сиз томонингиздан ариза тўлдирилган бўлади.

Алкогол маҳсулотлари

Хавфсизлик чораларини кучайтириш борасидаги президент фармонига мувофиқ, чемпионат бўлиб ўтадиган стадионларда шиша идишларда алкогол савдоси тақиқланади. Стадиондан икки километр масофадаги магазинлар ёки шохобчаларда, вокзал ҳудудларида ҳам кўп миқдордаги одамлар тўпланиши муносабати билан алкогол сотувида чекловлар жорий қилинган. Стадионларда ва фан зоналарда фақат турнирнинг ҳомийлари бўлган пиво компанияларининг маҳсулотлари сотилади.  

Митинглар ва бошқа тадбирлар

Путиннинг юқорида тилга олинган фармонига асосан, футболга ва спортга алоқаси бўлмаган ҳар қандай оммавий тадбирларга чекловлар қўйилади. Йиғилиш, митинг ёки тадбир ташкилотчилари ўтказиладиган жой бўйича маҳаллий ҳукуматларнинг қарорига қулоқ тутишлари керак.

Гаджетлар ва қуроллар

Вазирлик буйруғига асосан, стадионга киришда ҳар қандай турдаги радиоэлектрон гаджетларга марка ёпиштирилади. Бу чекловларнинг сабаби, стадиондаги ФИФА ва хавфсизлик хизмати ходимлари ҳам шундай гаджетлардан фойдаланишларидир. Булар:

  • Bluetooth-гарнитурлар;
  • GSM, Wi-Fi, LTE форматидаги USB-модемлар;
  • автомобиллар сигнализацияси;
  • GPS/ГЛОНАСС навигаторлар;
  • Рациялар.

Шунингдек, ЖЧ-2018 ўтадиган шаҳарларда фуқароларга мўлжалланган ҳар қандай турдаги қуроллар сотуви вақтинчалик тўхтатилади. Ов милтиқлари, карабин, жароҳат етказувчи пистолетлар, уларнинг эҳтиёт қисмлари ёки ўқларини сотиб олишнинг иложи бўлмайди. 

Транспорт

Транспорт вазирлиги ЖЧ-2018 ўтадиган шаҳарларда фақат «ЭРА-ГЛОНАСС» тизимидаги автобусларга ва МВДдан рухсатнома олган ҳудудлараро рейсларга рухсат беради, холос.

Стадион атрофларида пиёдалар йўлакчалари ҳосил қилинади ва фан-зоналар жойлашган ҳудудларда йўл ҳаракати қисман чекланади. Масалан, Волгоградда жуда кўп асосий кўчалар ёпилади ва стадионга 1,5 километр яқинликдаги фуқаролардан шахсий автомобилини бошқариш учун алоҳида рухсатнома расмийлаштириш талаб этилади. Шунингдек, футболчиларни, журналистларни ёки ФИФА персоналини ташийдиган автомобиллар алоҳида ажратилган йўллар орқали ҳаракатланади. 

Бошқа чоралар

  • Россиялик талабалар муддатидан аввал сессияни топширишлари, дипломларни ҳимоя қилишлари ва ётоқхоналарни Росгвардия учун бўшатиб қўйишлари керак бўлади. МГУ талабалари бунга қарши чиқишмоқда, аммо ҳали бу қарор бекор қилинмади.
  • Маҳаллий хукуматлар ҳам баъзи қарорлар чиқаришлари мумкин, масалан, Волгоградда ўйин бўладиган кунлар дам олиш куни деб эълон қилинди.
  • Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги кўчада олов ёқиш, мангалларда кабоб пишириш каби ишларни тақиқлади.
  • ФИФА қоидаларига кўра, мухлислар стадионга наркотикларни фақат рецепт бўйича олиб киришлари мумкин. Аммо ЖЧ ташкилий қумитасининг баёнотига кўра, Россия қонунчилиги буни ҳам тақиқлайди.

Мавзуга оид