Жамият | 01:14 / 28.05.2018
70673
2 дақиқада ўқилади

Кўп ризқ ва узоқ умр кўришни истайдиганлар учун ишончли маслаҳат

Фото: kun.uz

Қариндош-уруғчилик қадим-қадимдан инсоният ҳаётининг ажралмас қисми бўлиб келган. Бунинг замирида шундай ҳикмат ётибдики, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу нарсага жуда кўп бор урғу берганлар, эътибор қаратганлар.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ўзига кўп ризқ (бойлик) берилишини ва унинг умри узоқ бўлишини хоҳласа, ўз оиласи ва қариндошлари билан яхши алоқани ушласин (яъни, силаи раҳм қилсин)», дедилар. 

Дунёдаги энг катта неъматлардан бойлик ва умргузаронлик ҳар доим инсонга ҳавас берган. Мана шу нарсаларга эришиш учун киши оиласи ва қариндошларига яхшилик қилиши лозим экан.

Жубайр ибн Мутъим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қариндошлик ришталарини узадиган одам жаннатга кирмайди», дедилар.

Ҳадисдан англашилиб турибди-ки, қариндошлик ришталари Аллоҳ ҳузурида шу қадар муқаддаски, кимда ким уни узса жаннатга кирмас экан.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса (ишонса), меҳмонига сахийлик билан хизмат қилсин; ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, қариндошлик ришталарини яхши боғласин (яъни, силаи раҳм қилсин), ва яна ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, яхши нарсаларни сўзласин ёки жимлик сақласин (яъни, гапирмасин)».

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, ҳар бир мўмин-мусулмон ўз оиласи ва қариндош-уруғларига мудом яхшилик қилиши, оғир кунларида елкадош бўлиб, қувонганида қувониши лозим. Ана шунда у икки дунё саодатига сўзсиз етишган бўлади.

Мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси асосида тайёрланди.

Мавзуга оид