Спорт | 20:50 / 02.06.2018
6289
10 дақиқада ўқилади

Мундиални кутиб. Перу терма жамоаси

ПЕРУ ТЕРМА ЖАМОАСИ:

Фото: Buda Mendes/Getty Images

Лақаби: Инклар, "Оқ-қизиллар"
Конфедерация: Канмебол
ФИФА рейтингидаги ўрни: 11
Жамоа сардори: Алберто Родригес
Терма жамоа тарихида энг кўп майдонга тушган: Роберто Паласиос (128)
Терма жамоа тарихида энг кўп гол урган: Паоло Герреро (32)
Энг йирик ғалаба: Эквадор 9:1 (1938)
Энг йирик мағлубият: Бразилия 0:7 (1997)
Жанубий Америка чемпиони: 2 марта  (1939, 1975)
Жаҳон чемпионати: Чорак финал (1970)

ТАРИХИ

Перуга футболни 19-асрда британиялик иммигрантлар ва Англияга қайтган перуликлар олиб келишган. 1859 йилда британияликлар пойтахтда крикет клубини ташкил этадилар ва клуб крикетдан ташқари регби ва футбол билан ҳам ихтисослашади. Бир неча ўн йиллар мобайнида бу спорт турлари Перунинг юқори қатлами учун анчагина оммабоп бўлишга улгурди. 

1912 йилда илк бор Перу футбол лигаси ташкил топди, аммо 9 йил ўтиб, клублар ўртасидаги низолар туфайли ёпилди. 1926 йилда чемпионат янгитдан ташкил қилинди, орадан бир йил ўтиб эса, Перу терма жамоасига асос солинди. Айнан ўша йили перуликлар Жанубий Америка чемпионатида дебют қилиб, илк ўйинда Уругвайга 0:4 ҳисобида бой бергандилар. Аммо кейинги ўйинда Перу Боливия устидан 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди. 

Фото: Wikipedia

Перунинг илк олтин даври ўттизинчи йилларга тўғри келади. 1930 йилда ўтказилган илк мундиалга таклиф қилинган перуликлар у ерда икки ўйинни ҳам бой берган бўлишса-да, Rodillo Negro номи билан машҳур бўлган (Перу клубларида тўп сурган маҳаллий футболчиларни шундай аташганди) учлик нафақат Жанубий Америкада, балки бутун дунёдаги энг кучли учликлардан бири сифатида эътироф этилганди. Ўттизинчи йилларда Перу Олимпиадада муваффақиятли қатнашди, шунингдек, 1939 йилда Жанубий Америка чемпиони бўлишди. Аммо кейинги ўн йилликда Перуда кутилган ривожланиш рўй бермади. Кўпчилик бу пасайишни мамлакатда рўй берган иқтисодий кризис ва репрециялар билан боғлайди. 

60-йиллар охиридаги ижобий ўзгаришлар ва ЖЧ-70 финал босқичига йўлланма Перудаги иккинчи олтин даврни бошлаб берди. Уго Сотил - Теофило Кубильяс ҳужумчилар жуфтлиги бу натижаларнинг асосий сабабчилари сифатида тилга олиндилар. Ўшанда Перу чорак финалгача боришнинг уддасидан чиққан ва у ерда фақат бўлажак чемпионлар Бразилияга имкониятни бой бергандилар. Бразилия финалда Италия устидан 4:1 ҳисобида ғалаба қозонганини эсласак, Перунинг 2:4 ҳисобидаги мағлубияти учрагани у қадар аламли мағлубият эмасди. 

Орадан беш йил ўтиб, Перу ўз тарихида иккинчи бор Жанубий Америка чемпиони бўлди. Шунингдек, кейинги йилларда Перу яна икки марта жаҳон чемпионати финал босқичларига йўл олди. Мексикадаги чорак финал терма жамоа учун ҳалигача энг яхши натижа бўлиб қолаётган бўлса-да, масалан, 1978 йилги мундиалда ҳам Перу иккинчи гуруҳ босқичига чиқишга муваффақ бўлганди. Тўрт йил олдин финалда тўп сурган Нидерландия каби жамоа қатнашган гуруҳда перуликлар биринчи ўринни олгандилар. 

Фото: Getty Images

Иккинчи олтин давр Мексика-86 саралашидаги муваффақиятсизлик билан тугади. Шундан сўнг мамлакат футбол федерацияси терма жамоада авлодлар алмашинувини амалга оширишга қарор қилди ва терма жамоа асосини "Альянс" клуби аъзолари бўлган ёш футболчилар ташкил қилгандилар. Аммо бу жамоанинг кейинги тақдири кўпчиликка маълум бўлса керак. 1987 йилнинг 8 декабрида "Депортива Пукалпа" клубига қарши ўйинга отланган "Альянс"нинг самолёти денгизга қулайди. Авиаҳалокатдан фақатгина самолёт учувчиси омон чиқди, бутун таркиб ва мураббийлар вафот этдилар. 
Ниҳоят, икки йил олдин Америка кубогидаги бронза ва навбатдаги жаҳон чемпионатига йўлланма Перудаги учинчи олтин даврни бошлаб берса, не ажаб.

 САРАЛАШДАГИ ЖАНЖАЛЛАР

Перунинг саралаш баҳсларидаги муваффақияти турли жанжалли воқеалар билан давом этди. Сўнгги турда перуликлар Колумбия терма жамоасига қарши баҳс олиб бордилар. Бу ўйиндаги дуранг Колумбияга мундиал йўлланмасини, Перуга эса, ўтиш турнирида иштирок этиш ҳуқуқини берарди. Бирор томоннинг мағлубияти эса, ўша жамоани жаҳон чемпионатидан четда қолдирарди. 

Фото: ANDINA/Carlos Lezama

Кўпчилик кутганидек, ўйин дуранг билан тугагач, айниқса, футболчиларнинг ҳатто майдонда бир-бирлари билан келишиб ўйнаганликлари сезилиб қолди. Вазият катта эътибор ва резонанс келтириб чиқарган бўлса-да, якунда ҳеч қандай чора кўрилмади. Исботнинг ўзи йўқ эди. 

Кейинги воқеа эса, терма жамоа етакчи футболчиси Хосе Паоло Герреронинг допинг тести билан боғлиқ. 36 ёшли футболчининг натижаси ижобий чиқди ва у ФИФА томонидан 14 ойга футболдан четлатилди. Янги Зеландияга қарши кечган ўтиш ўйинлари ҳам Герреро иштирокисиз ўтди. 

Аммо Герреро таслим бўлмади. ҳужумчи Швейцарияга учиб борди ва ўзининг айбсиз эканини исботлашга уринди. Ҳатто Россияда гуруҳ босқичидаги рақиблари Дания, Франция ва Австралия терма жамоалари сардорларини ҳам жалб этиб, дисквалификацияни сурдиришга муваффақ бўлди. Демак Паоло Герреро жаҳон чемпионатида иштирок этадиган бўлди. 

Фото: ANDINA/Carlos Lezama

Ниҳоят, Янги Зеландияга қарши ўтиш ўйинлари ҳам тинч ўтмаганини таъкидлаш керак. Маҳаллий мухлислар янги зеландияликларнинг ўйинга тайёр ҳолда бўлмасликлари учун қўлдан келган ишни қилдилар. Аввалига, футболчилар яшаган мехмонхонанинг шундоқ ёнгинасида пиротехника воситаларини портлатишди. Ҳатто айтишларича, қанақадир сеҳр ишлатишга ҳам ҳаракат қилишган экан. 

Нима бўлгандаям, Перунинг 1982 йилдан буён илк маротаба мундиалга йўлланма олиши мамлакатда катта воқеага айланди. Йўлланма қўлга киритилганда бутун мамлакатда дам олиш куни деб эълон қилинганини эътиборга олсак, Перунинг жаҳон чемпионатидаги ҳар бир ўйини қанчалик катта воқеълик бўлишини тасаввур қилса бўлади. 

БУГУНГИ ПЕРУ

Юқорида тилга олинганидек, Хосе Паоло Герреро - Перу таркибидаги асосий юлдуз. Терма жамоа тарихида энг кўп гол урган футболчи ҳам айнан Герреро саналади. У ўз фаолиятининг энг ёрқин йилларида Германияга келганди ва "Бавария", "Ҳамбург" каби клублар таркибида тўп сурганди. Мунтазам жароҳатлар футболчига Европадаги жиддий номлардан бўлишига ҳалақит қилганини таъкидлаш керак. У шунингдек оғир характери билан ҳам машҳур, доим дарвозабонлар билан қўпол тўқнашувларда бўлган, ҳакамлар билан тортишган ва ҳатто бир марта мухлислардан бирига бутилка отган эди. Саралаш ўйинларида ҳам у етакчилик вазифасини яхши бажарди, унинг олти голи Перуга керакли ўринни олишига катта ёрдам берди. 

Шунингдек, Бундеслига мухлислари Жефферсон Фарфанни ҳам жуда яхши биладилар. Ўз вақтида "Шальке" сафида порлаган тезкор ҳужумчи сўнгги мавсумда "Локомотив" сафида Россия чемпиони бўлди. "Ал Жазира"га кетгач, Фарфаннинг юлдузли даври ортда қолганини тахмин қилгандик, ҳатто терма жамоага ҳам чақирилмай қўйганди. Аммо Россияда у ўзининг иккинчи ёшлигини бошдан кечирмоқда. Айнан унинг Янги Зеландия дарвозасига урган голи Перунинг ўтиш ўйинларидаги муваффақиятида пойдевор бўлганди. 

Фото: AP

Ёшлардан "Уотфорд"нинг ўнг қанот ярим ҳимоячиси Андре Каррильони алоҳида қайд этиш керак. У Португалияда, "Спортинг" таркибида ҳам Европанинг бир қатор клублари назарига тушиб улгурганди. Шунингдек, Кристиан Куэва Бразилия чемпионатида "Сан Пауло" таркибида тўп суради ва айтиш керакки, ушбу клубнинг асосий плеймейкеридир. 21 ёшли таянч ярим ҳимоячиси Ренато Тапиа эса, "Фейенорд" сафида Нидерлардия чемпиони бўлишга ҳам улгурди. 

Айнан мана шу футболчилар Перу терма жамоасининг асосий кучини ташкил қиладилар. 

МУРАББИЙ

Фото: peru21.pe

Перу терма жамоасининг сўнгги йиллардаги муваффақияти аргентиналик мутахассис Рикардо Гареке номи билан боғлиқдир. "Йўлбарс" рақамли мураббий 2015 йилда Перу терма жамоасини қабул қилиб олди ва бир неча ой ўтиб, Америка кубогида бронза медалини олиб келди. Энди эса, 36 йиллик танаффусдан сўнг мамлакатга мундиал нафасини олиб келди. 

60 ёшли мутахассис Перуга келгунча, асосан Аргентина клубларида ишлаган, "Валес Сарсфилд" жамоасини уч маротаба мамлакат чемпионига айлантирган. Перуликлар билан танишчилик жойи эса, у 2007-08 мавсумда Перунинг "Университарио" клубида ишлаб, чемпион бўлганди.   

ЖЧ-2018

Фото: AFP

Россияда перуликларга юқорида ҳам тилга олиб ўтилганидек, Дания, Франция ва Австралия терма жамоалари рақиб бўладилар. Дастлабки турда Перу Саранскда, 17 июнь куни Данияга қарши майдонга тушади. Францияга қарши учрашув 21 июнь куни Екатеринбургга белгиланган. Гуруҳдаги сўнгги учрашув эса, Австралияга қарши кечади. Бу ўйин 26 июнь куни бўлиб ўтади.  

Мавзуга оид