Тайлоқда судда ютган хорижлик инвестор мулки талон-тарож қилинмоқда: МИБнинг бунга муносабати
Жанубий Кореялик инвестор Ан Сунг Хо суд томонидан қайтарилиши белгиланган мулкини бир йилдан бери ололмасдан сарсон. Самарқанд вилояти иқтисодий судининг 2017 йил 6 июндаги ҳал қилув қарори бўйича инвесторнинг тош майдалаш линиясини ўзига қайтарилиши белгиланган бўлса-да, бу қарор ҳозирга қадар ижро этилмасдан келинмоқда, деб ёзади самарқандлик блогер Мирзо Субҳонов.
М.Субҳоновнинг ёзишича, ушбу суд қарорини ижро этиш Ўзбекистон Бош прокуратураси қошидаги Мажбурий ижро бюросининг Тайлоқ туман филиалига юклатилган.
Суд жараёни бошланганидан буён ускуналар махсус сақлаш жойига жойлаштирилган, суд қарори ижро этилгунга қадар ундан фойдаланиш мумкин эмас, лекин суд қарори ижро этилишига — ускуналарни қонуний эгасига қайтаришга шошилишмаяпти. Энг ачинарлиси — ускуна бир йилдан бери ноқонуний равишда ишлатиб келинмоқда (!!!)
«Мен ўнлаб марта МИБ ходимларига суд қарорини ижро этиб ускунамни қайтаришни ва унинг ноқонуний фойдаланишини тўхтатишни сўраб мурожаат этганман. Менинг бу мурожаатларим МИБ ходимлари томонидан инкор этилмоқда. Юқори турувчи ташкилотлар ҳам бундан хабардор. Улар учун мен ва суднинг қарори умуман мавжуд эмасдек, гўё», — деб норозилик билдирмоқда хорижий инвестор Ан Сунг Хо.
Ускуна жойлашган манзилга борганимизда МИБ томонидан муҳрланган қоғозлар йиртилганлиги ва ускунанинг тўла равишда фаолият олиб бораётганлигига гувоҳ бўлдик.
Исбот сифатида воқеа жойидан олинган видеоларни тақдим этамиз.
Бу воқеалар бугунги кунда юртимизга хорижий инвестицияларни янада кўпроқ жалб этиш борасида шахсан президентимиз бошчилигида ислоҳотлар олиб борилаётган бир пайтда юз бераётгани ачинарли ҳол.
Мажбурий Ижро Бюроси Тайлоқ туман бўлими ходимларининг суд чиқарган қарорни ижро этмасдан хорижий инвестор мулкини талон-торож қилинаётганлиги юзасидан мурожаатчи томонидан МИБ Марказий аппаратига мурожаат юборилган.
Мурожаат юзасидан МИБ марказий аппарати томонидан хизмат текшируви бошлаб юборилган. Текширув натижаларини тез орада эълон қилиш режалаштирилган.
Мавзуга оид
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
18:40 / 09.11.2024
МИБнинг Андижон ва Фарғона вилоятлари бошқармаси раҳбарлари ўзгарди
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
07:37 / 08.11.2024