Жамият | 22:56 / 08.06.2018
37066
3 дақиқада ўқилади

Видеорепортаж: Тошкент марказидаги отлиқ патруллар фаолиятидан лавҳа

Ижтимоий тармоқларда ва қатор ОАВларида Тошкент шаҳрининг Сайилгоҳ кўчасида отлиқ патруль хизмати йўлга қўйилгани ҳақида хабарлар берилган эди. KUN.UZ сайёр гуруҳи ушбу отлиқ бригада ва умуман бу ердаги пост-патруль хизмати қандай ташкил этилгани билан қизиқди. 

Қайд этиш ўринлики, от илгаридан йигит кишининг кўрки ҳисобланган. Ҳозирда ҳам чиройли ва яхши ўргатилган отлар киши кўзини қувонтиради. Шунга кўра, пост-патрул хизматининг отлиқ отряди шаҳар кўркига кўрк қўшмоқда, деб бемалол айтиш мумкин. 

Маълум қилинишича, айни вақтда сайилгоҳда хизмат вазифасини ўтаётган отлар Германия ва Испаниядан келтирилган бўлиб, улар ҳар қандай шовқин-суронга кўникма ҳосил қилган. Автомобилларнинг товушли ишоралари, гавжум одамларнинг ҳаракатлари отларни ҳуркитмайди. Шунингдек, Россиядан ҳам 4та зотли отлар олиб келинган. Улар, А.Навоий номли кутубхона, Сайилгоҳ кўчаси, Hyatt меҳмонхонаси ва унинг атрофидаги кўчаларда патруллик қилмоқда. 

Тошкент шаҳар ИИББ отлиқ отряд командир ўринбосари катта лейтенант Шавкаровга кўра, отлиқ отряднинг жамоат тартибини сақлашда, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда қатор устун жиҳатлари бор. Хусусан, от устидаги ходим жамоат тартибини юқорироқдан кузатиш имконига эга бўлади. 

“Айни вақтда, отряд биринчи йўналиш бўйича хизмат вазифасини амалга оширишга киришган. Шаҳарнинг кўнгилочар масканлари, боғлари, сайилгоҳлари, дам олиш жойларида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш билан шуғулланади. Спорт ва маданий-кўнгилочар тадбирларда тартибни сақлашда иштирок этади. Агар жамоат тартибини таъминлашга қурби етмаса, бошқа патрул хизматларини ёрдамга чақиради”, - дейди катта лейтенант Шавкаров. 

Унинг айтишича, отлиқ отрядда 50та шахсий таркиб бўлиши кўзда тутилган. Низомга мувофиқ, отрядда ветеринар, фельдшер, отбоқар ва бошқа лавозимлар ҳам белгиланган. Қарордан сўнг, ички ишлар ходимлари орасидан йилқичиликдан хабари бор, йилқилар билан ишлаш кўникмаларига эгалари танлаб олинган. 

Республика От мактаби билан ҳамкорликда шахсий таркиб тўлиқ ўқитилиб, уларнинг билим савияси, жанговар шайлиги, от миниш кўникмалари, хизмат йўналишида қайси тартибда ҳаракатланиши бўйича дарслар ўтказилган. 

Пост-патрул хизмати бригадаси бўлим бошлиғи майор Жасурбек Абдуллаевнинг билдиришича, “отлиқ патрул ходимлари фуқароларга тез тиббий ёрдам зарур бўлиб қолса, уларга шундай ёрдам кўрсатади, хорижлик сайёҳларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтаради. Шу билан бирга, фуқароларга хизмат кўрсатишда қулайликлар яратиш мақсадида бошқарув пультлари ҳам ташкил этилган”.
 
Эслатиб ўтамиз, мазкур отлиқ патрул хизмати Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги ПФ-5005-сонли Фармонига мувофиқ 2017 йил 1 май куни қабул қилинган ПҚ-2940-сонли қарори ижросини таъминлаш асосида ташкил этилган.