Жамият | 17:51 / 19.06.2018
53824
4 дақиқада ўқилади

Урганчдаги бозорда йирик ёнғин - зарар миқдори 2 миллиард сўмдан ошиқ

18 июндан 19 июнга ўтар кечаси Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳридаги «Урганч марказий деҳқон бозори»нинг 2-блок ёпиқ биносида ёнғин чиқди.

Натижада, юзлаб кв.м ҳудудда жойлашган ўнлаб дўконлар ёнғиндан зарар кўрди, 50дан ортиқ тадбиркорларнинг мол-мулки, маҳсулотлари куйиб кетди. Етказилган зарар миқдори энди аниқланади, дастлабки таҳлилларга кўра унинг миқдори 2 миллиард сўмдан ошган. Ёнғинда жисмонан жабрланганлар йўқ.

Ёнғин тунги соат 2-00ларда бошланган ва тонгга яқин ўчирилган. Тадбиркорлар эрталаб бино ичига киритила бошлаган. Айни пайтда улар дўконларини, савдо расталарини тозалаб, ўз моллари ва жиҳозларини олиб чиқиб кетишмоқда.

Ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ИИБ томонидан ўрганилмоқда. Тадбиркорларга етказилган зарарни аниқлаш мақсадида улардан аризалар олинмоқда. 

Ҳодиса электр симларининг қисқа туташуви натижасида келиб чиққани тахмин қилинмоқда. Бу ҳақда бир неча тадбиркорлар биз билан бўлган суҳбатда гапириб беришди.

Исми сир тутилишини илтимос қилган тадбиркор аёлнинг айтишича, бозор маъмурияти томонидан ёнғин хавфсизлиги қоидалари қўпол равишда бузиб келинган. Хусусан, ёз пайтида ноқонуний савдо фаолияти билан шуғулланиб келаётган одамларнинг музлатгичлари электр тармоқларига ноқонуний улаб берилган.

«Менинг ўзимга бозор электриклари бир неча марта илтимос қилишди. «Бир одам сизнинг электр ҳисоблагичингизга уланиб олсин, пулини шерикчиликда тўлайсизлар», деди. Мен сим эриб кетади деб рози бўлмадим, шунда, тунда келиб, дўконимга тушган симга улаб беришибди», - дейди у.

Шу бинода савдо қилувчи бошқа бир дўкон эгасининг сўзларига кўра, фақат бахтли тасодиф туфайли ёнғинда ҳеч ким жисмонан жабрланмади.

«Ёнғин тунда содир бўлган, шу туфайли ҳеч ким жисмонан жабрланмади. Агар кундуз куни бўлганида аҳвол қандай бўлишини ҳеч ким билмасди. Бу бино ичида ноқонуний савдо қилаётган ва электр тармоқларига ноқонуний уланиб олганларнинг кўплиги туфайли, оёқ босгани жой қолмаганди. Ҳамма жой музлатгич ва совутгичлар билан тўлиб кетган эди. Ахир электр симлари ёз пайтидаги бундай юкламани кўтара оладими?!», - деди у куйиниб.

Бинодаги дўконларини айланиб кўрар эканмиз, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига панжа остидан қаралганини, дўконлардаги симлар очиқ ҳолатда экани, исталган жойидан кесиб, бир-бирига уланганини, электр ҳисоблагичлар устига эса қумрилар ин қуриб, бола очаётганини кўрдик.

Хавотирли жойи шундаки, бозор ҳудудида худди шундай яна бир ёпиқ бино - 1-блок мавжуд. У ердаги ёнғин хавфсизлиги билан боғлиқ вазият куйиб кетган биноникидан фарқ қилмайди. 

Урганч шаҳри Марказий деҳқон бозоридаги бу ёнғин тасодиф эмас. У йиллар давомида йиғилиб келган муаммоларнинг «меваси»дир. Электр тармоғига ноқонуний уланишлар, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилмасликнинг оқибати жуда ёмон бўлиши мумкин. Яхшиямки, бугун биз фақат моддий зарарни ҳисобламоқдамиз, агар ўз вақтида бу муаммолар бартараф қилинмаса, бундан ҳам даҳшатли фожиа юз бермаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид