Ўзбекистон | 20:18 / 02.08.2018
36247
4 дақиқада ўқилади

Қуёшга қарши соябонлар, кутиш залига айланган тўйхона. Урганчда тест имтиҳонларининг бир куни (фотоҳисобот)

Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳрида олий ўқув даргоҳларига кириш учун тест имтиҳонлари бошланди. Kun.uz ҳам абитуриентлар қатори барча босқичлардан ўтиб, тест жараёнида иштирок этди ва бу ҳақда фотоҳисобот тайёрлади.

Тонгги соат 6.30. Урганч шаҳридаги «Ёшлик» спорт-мажмуасига абитуриентлар ошиқмоқда. Халқ тилида «Манеж» деб аталадиган бу даргоҳда тест имтиҳонлари ўтказилади.

Манеж олдида учта катта соябон ўрнатилган. Бу абитуриентларни қуёшнинг иссиқ тафтидан асрайди.

Соат 7.00. Абитуриентлар манежга киритилмоқда. Ҳар бир гуруҳ алоҳида, тартиб билан назорат постидан ўтади.

Постдаги ходимлар абитуриентларнинг ҳужжатини текшириб, уларни назоратдан ўтказиб, кейин ичкарига киритмоқда. 

Қизлар учун алоҳида, парда билан тўсилган назорат хонаси бор. Китоб, шпаргалка, мобил телефонлар билан қўлга тушганлар баённома орқали расмийлаштирилади ва тестдан четлатилади.

Манежга кириш эшиклари устига видеокамералар ўрнатилган. У абитуриентнинг юзи орқали идентификация қилиш тизимига уланган. Бу тизим орқали бегона шахсларнинг тест имтиҳонига кириб кетишига йўл қўйилмайди.

Тест имтиҳонлари ўтказиладиган павильон 1200 абитуриентга мўлжалланган. У ерда абитуриентларни алоҳида стол ва стул, ручка ва тест жавоб варақасини тўлдириш йўриқномаси кутмоқда.

Назоратчи тест китоблари солинган қутининг пломбасини абитуриентлар кўз ўнгида очади ва уларни тарқатади. Китобларни очиб кўрмасдан танлаб олиш имконияти бор.

Абитуриентлар ўзлари ҳақидаги зарур маълумотларни жавоб варақасига ёзади.

Соат 8.00. Тест имтиҳони бошланди. Бу ҳақда овозкучайтиргич ёрдамида эълон қилинди. Катта экранда эса тест якунланишига қолган вақт кўрсатиб турилади.

Абитуриентлар тест саволларини ечишмоқда. Уларнинг орасида махсус сиртқи бўлимга ҳужжат топширган катта ёшдаги аёллар ва эркаклар ҳам бор.

Павильонда 20дан ортиқ видеокамера ўрнатилган. Улар орқали тест жараёни махсус ходимлар томонидан кузатиб борилади. 

Манеж ёнида жойлашган «Ёшлик» тўйхонаси ота-оналар кутиш залига айлантирилган. 

Бу ерда катта экран ўрнатилган бўлиб, ота-оналар онлайн режимида тест жараёнини кузатиб боришади. 

Бироқ, катта экрандаги тасвир тиниқ эмас. Шу туфайли, баъзи ота-оналар ташқарида кутиб туришни афзал кўришган.

Тест охирлаб бормоқда. Тестларни ечиб бўлган абитуриентлар жавоб варақаси ва китобини назоратчиларга топширмоқда. Тестда иштирок этаётганлар сони ҳам аста-секин камайиб боряпти.

Назоратчилар абитуриентлардан китоб, титул ва жавоб варақасини қабул қилиб олмоқда. Улар томонидан барча маълумотлар тўлиқ киритилгани текширилмоқда.

Соат 11.00. Тест имтиҳони тугади. Барча абитуриентлар павильонни тарк этишди.

Назоратчилар китоблар, титул ва жавоб варақаларини махсус қути ва конвертларга жойлаб, уни пломбалашади. 

Тест имтиҳони раиси назоратчилардан қути ва конвертларни қабул қилиб олади.

Ходимлар барча жавоб варақаларини махсус қутига жойлаб, муҳрлайди.

Қутилар халтага солинади ва муҳрланади. 

Тест китоблари ва жавоб варақалари олиб кетиш учун тайёр.

Давлат тест марказанинг махсус фельдегерлик хизмати ходимлари халталарга ўзининг муҳрини ҳам қўяди. 

Халталар фельдегерлик хизмати ходимлари томонидан олиб кетилди. Тест имтиҳони жараёни тугади.

Шу бугуннинг ўзида улар самолёт орқали Тошкент шаҳрига, Давлат тест марказига етказилади. Эртага эса ДТМ веб-сайтида абитуриентларнинг баллари эълон қилинади.

Урганч шаҳрининг «Ёшлик» спорт мажмуасида ўтказилган тест имтиҳонларининг бир сменаси мана шу тарзда ўтди.

Мавзуга оид