Light | 11:20 / 04.08.2018
57058
7 дақиқада ўқилади

Маошингиз ошишини истайсизми? Унда қуйидаги 5 усулга амал қилинг

Айтишларича, киши хизматига қараб эмас, қанча сўрай олишига қараб маош олар экан. Блогер Николас Коул бу фикрни қўллаб-қувватлайди. Ўзининг Medium’да қолдирган қайдида у маошни ошириш, меҳнатингизга яхшироқ ҳақ тўланиши борасида раҳбарият ёки мижозларни ишонтиришга қандай қилиб эришиш мумкинлиги ҳақида гапириб берди.

Узоқ йиллар мобайнида тиришқоқлик билан ишлаш муҳим эмаслигини тушундим. Ҳаракатларингиз қанча пул ишлаб топишингиз, энг муҳими атрофдагиларнинг сизнинг қадрингиз ҳақидаги фикрига у қадар таъсир кўрсатмайди. Маошнинг истиқболи фақат бир нарса – сиз келтираётган фойдага боғлиқ.

Офис муҳитини яхши ташкиллаштирадиган одамнинг қадри қай даражада? Мижозларни хизматларингиздан фойдаланишга мажбур қила оладиган мутахассиснинг-чи? Тез ёрдам ходими ҳақида нима дея оласиз?

Жамият ҳар бир машғулотни пул билан баҳолайди ва исталган натижага эриша оладиганларга ҳақ тўлайди. Табиийки, талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда. Ҳожатхоналарни кўпчилик тозалай олади. Бироқ ҳамма ҳам тезкор тиббий жарроҳлик амалиётини ўтказа олмайди.

Бу маошингиз истиқболи учун нимани англатади? Сиз жуда кам пул ишлаб топаётганингизни қандай англаш мумкин. Ва энг муҳими, “муносиб” пул ишлаб топиш учун ўз қадрингизни қандай оширишингиз мумкин? Қуйида бир неча усуллар билан танишишингиз мумкин.

Касбингиз қандай фойда келтира олиши ҳақида билиб олинг

Ҳар бир саноатнинг муайян ўрни, ўз мажбуриятлари мавжуд. Агар кўпроқ маошга эга бўлишни истасангиз, касбингизнинг аҳамияти нимадан иборат экани ҳақида билинг. Бундай мутахассисларга кўпроқ ҳақ тўлашга тайёр компаниялар ҳақида маълумотлар изланг.

Мисол келтираман. Коллежда таҳсил олаётганимда адабий ижодни ўрганганман. Кўпчилик бундай мутахассислик билан кам пул ишлаб топилишини айтишган. Ёзувчилик фаолияти орқали кам сонли кишиларгина яхши маош олишади. Ана ўшанда мен ўз мутахассислигим ҳақида кўпроқ билишга ҳаракат қилдим. Ўз-ўзимга савол бердим: “Яхши ёзувчи кимга керак бўлиши мумкин ва мен қандай фойда келтира оламан?”.

Маълум бўлдики, компанияларнинг баъзи раҳбарлари қоғозда иккита сўзни бир-бири билан боғлай олишмайди. Ёзиш кўникмасига эгалигим ва ҳикояларни сўзлай олишим туфайли мен ўз фирмамни оча олдим. Агар ўз мутахассислигим ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлмаганимда бу юз бермасди.

Узоқ муддатли йирик оширишлар ҳисобига қисқа муддатлиларидан воз кечинг

Ёзувчилик фаолиятим тўрт йил давомида менга бир цент ҳам келтирмади. Мен текин ишладим. Кимгадир матнлар муаллифи зарур бўлганида имкониятдан фойдаландим. Қайсидир стартапга копирайтер керак бўлса, таклифга рози бўлдим. Ҳар куни Quora учун бепул мақолалар ёзардим. Блогларни юритардим ва бунинг учун ҳақ олмасдим.

Ўз-ўзим ва атрофдагиларга нимадир қўлимдан келишини исботлагач, блогда 50 мингта обуначига эга бўлгач ва минглаб одам жўнатмаларимга обуна бўлгач, бари табиий ҳолда юз берди. 

Менимча, бу ўзининг маош соҳасидаги истиқболини ошириш истагида бўлганлар учун бериладиган энг муҳим маслаҳат. Маошнинг бироз ўсиши ҳақида унутинг. “Лойиҳа учун сарфлаган вақтим учун қўшимча ҳақ тўлашса эди”, - деган фикрни унутинг.

Барини унутинг. Қўшимча ишланган вақт учун устама сўраманг, яхшиси сизни ким биландир таништиришларини илтимос қилинг. Санъат учун ишланг. Натижада буни англаб улгурмасингиздан олдин пирамида чўққисида бўласиз.

Сизга кўпроқ тўлаш кераклиги ҳақида гапирманг. Бу заруриятни намойиш этинг

Мен шахсий бренд зарурияти тарафдориман. Сиз интернетда кимлигингиз ва нима билан шуғулланишингиз ҳақида сўзлайдиган образ яратишингиз лозим.

Агар ўз исмимни гуглдан изласам, биринчи қаторларда сайтим, иккинчи қаторда мен ҳақимда маълумот берилган саҳифага ҳавола пайдо бўлади. Google-қидирувнинг илк уч саҳифаси сизга барини намойиш этади – сайтим, мақолалар, подкастлардаги иштирок ва ижтимоий тармоқлардаги менинг саҳифаларимга ҳаволалар.

Мен ўзимнинг барча саҳифаларим устида ишлаб, улардаги суратларни доимий равишда янгилаб бораман. Ҳар куни қаердадир мақола эълон қиламан. Шу туфайли интернетда мен ҳақимдаги маълумотни осонлик билан топиш мумкин. Уни кўриб, кимдир: “Балки мана шу йигит билан ишлаб кўрармиз?” дея ўйланиб қолади.

Шахсий брендим туфайли ҳар куни мен билан 20 га яқин киши алоқага чиқади. Менга реклама ҳам, PR ҳам керак эмас.

Шунинг учун ўзини зўр деб билган, бироқ у ҳақида интернетда ҳеч нима топиб бўлмайдиганларни “четлаб ўтаман”. Улар вақтдан ортда қолаётганга ўхшайди. Улар тармоқда сўзларини исботлайдиган ҳеч нарса эълон қилишмайди.

Сўзлаб беришни бас қилинг. Намойиш этишни бошланг. Бу фақат тадбиркорларгагина тегишли эмас. Агар компанияда ишласангиз, шахсий брендингиз яхши ривожланган бўлса, маошингизни оширишади.

«Мижоз олдида ўз-ўзингизни оқламанг»

Устозим бу гапни кўп такрорларди, шунинг учун у доимий равишда миямда айланади.

Ўз фаолиятингиз ва қадриятларингизни оқлашни бошлашингиз билан мағлуб бўласиз. Ҳа, балки охир-оқибат ғолиб бўларсиз, аммо бундай ғалаба ҳаммага ҳам ёқмайди. Ўз-ўзини оқлаш ишингизнинг қадрини туширади.

Мижозга ўз мақсадларингизни намойиш этинг. Мижозларга нархларимни айтганимда улар шундай дейишади: “Бемаъни гап. Мен Craigslist’да копирайтерни соатига 25 доллар эвазига ёллашим мумкин. Мен ҳар бир сўз учун беш цент тўлайман”.

Албатта, сиз айнан шу танловни амалга оширишингиз мумкин. Бироқ компаниянгиз нима билан шуғулланишини етказа оладиган овозга эмас, бор-йўғи оддий матнга эга бўласиз. Ҳеч ким “Мақолангиз катта таассурот уйғотди” деган фикр билдирмайди.

Мен нархларимга асос излашга ҳаракат қилмайман. Исталган натижага диққатимни қаратиб, ўзимнинг ҳақиқий қадримни намойиш этаман.

Маошингизни оширишларини сўранг

Қанчадан-қанча одам маоши камлигидан нолийди, бироқ ҳеч қачон оширишларини сўрамайди. Иш берувчи ва мижоз бир куни тонгда сизга қўнғироқ қилиб: “Диққат билан тингла, сенга кўпроқ маош тўламоқчиман”, - деган ҳолат камдан-кам юз беради. Одатда бари ўзгача бўлади.

Юқорида айтганимдек, одамлар хизматига қараб эмас, қанча сўрашига қараб маош олишади. Агар ўзингизни кўпроғига лойиқ деб ҳисобласангиз, бу ҳақида айтишга мажбурсиз. Иш берувчи ёки мижозга бу ҳақида маълум қилинг. Энг муҳими, рад этишларига тайёр туришингиз лозим. Чунки бундай ҳолат юз берса, сиз келтирадиган фойда нимадан иборат экани ва у нима учун маош оширилишини талаб этишини тушунтиришга тўғри келади.

Мавзуга оид