Ҳамма жойда роботлар: “мослашувчан” кўникмаларга эга бўлиш вақти келди
Қирқ йил ҳам ўтмай туриб, фантастлар – хаёлот олами вакилларининг орзулари ҳақиқатга айланди. “Одам эмас, роботлар тер тўкмоқда”, бироқ салбий жиҳатга эга эмасдек туюлган мўъжиза керак бўлмай қолишлик ҳиссини уйғотди. Сунъий онг ҳаётнинг турли соҳаларидан одамларни сиқиб чиқармоқда, бироқ у бутунлай одам ўрнини эгаллай олармикан? Бу саволга Puzzle English таълим йўналишидаги онлайн-ресурс муҳаррири Иван Юрченко жавоб беради.
Роботлар қай даражада “чуқурлашиб кетишди?”
Таълим
Машиналар аллақачон таълим соҳасига киришган. Осиёнинг ривожланган мамлакатларидаги мактаб ва институтларда роботлардан фойдаланиш – кундалик амалиёт.
Япония мактабларида одамга ўхшаш робот-ўқитувчи Saya ўқувчиларга билим беради, турли тилларда суҳбатлашади ва мутолаа қилади. Жанубий Кореяда роботлардан кичик ёшдаги болалар билан ўтказиладиган машғулотларда фойдаланилади. Робот iRobi (ишлаб чиқарувчи Yujin Robotics) болаларга қисқа матнлар ва ҳикояларни ёдлашда ёрдам бера олади. Унинг укаси Robosem мактаб ўқувчиларига математика, хорижий тил ва тарихни ўргатади.
“Табиийки, машина ёрдамида ўрганиш келажакда ўқув жараёнига мустаҳкам равишда кириб боради”, - дейди ишонч билан Puzzle English онлайн-сервис асосчиси Александр Антонов. Сунъий онг бугун ҳам онлайн-талабалар хатолари ва кўникмаларни ривожлантиришнинг мақбул траекторияси танлови таҳлилини аъло даражада уддаламоқда.
Антонов Puzzle English ўқувчилари фойдаланадиган “Шахсий режа” сервисини мисол тариқасида келтирган. Сервис ҳар куни ўқувчиларга вазифалар беради, келаси кун дарсларини таклиф этишдан аввал олдингилари қай даражада яхши ва тез бажарилгани, қандай хатоларга йўл қўйилганини таҳлил қилиб, тилни ўзлаштиришнинг кучли ва кучсиз жиҳатларини баҳолайди.
АҚШ ҳам технологик пойгада Осиёдан ортда қолаётгани йўқ. BirdBrain Technologies (Питтсбург) компанияси Finch исмли роботни яратди. У Python, Java, Scratch, Greenfoot каби кенг тил йўналишларида дастурлашни ўргатади (жумладан 5 ёшдан ошган болаларга ҳам) ва барча операцион тизимларга мослашади.
Тиббиёт
Замонавий тиббиётни роботларсиз тасаввур этиш мушкул. Вашингтон университети олимлари тадқиқот ва касалликлар билан курашиш учун одамлар органлари (органоидлар)ни етиштиришда роботлардан фойдаланишади. Бундан ташқари, роботлар органоидларда ҳужайраларни етиштиради. “Бу бизнинг турли касалликлар билан курашишимиздаги сирли қурол”, - дейди доцент Бенджамин Фридиман.
Роботлар жарроҳлик амалиётларида ҳам иштирок этади: 2017 йилнинг август ойида роботлаштирилган қўл Пенсильвания университети шифокорларига 20 соат давомида 27 ёшли беморнинг умуртқа поғонаси бўйин қисмидан мураккаб ўсимтани олиб ташлашда ёрдам берди. Швейцариялик тадқиқотчилар орқа мияда жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун робот яратишди, 2017 йилнинг ноябрь ойида эса Хитойда робот врач лицензиясига эга бўлди.
Ритейл
Роботлар ўзини нафақат ижтимоий соҳаларда, балки бизнесда ҳам яхши ҳис этмоқда. Савдо учун “асосий фойда ишчиларни камайтириш ва катта автоматлаштиришга эга бўлишдадир: савдо нуқталари ягона тизимга уланган, у орқали таҳлил маълумотларини йиғиш ёки махсус таклифларни амалга ошириш мумкин”, - дейди Eywakitchen(ошхона учун смарт-экранлар) ва Mebtender (мебелга буюртма бериш биржаси) лойиҳалари асосчиларидан бири Рубен Бабаев.
Американинг уй учун маҳсулотлар сотадиган Lowe’s компанияси ўзининг шахсий LoweBoot роботини яратди. У Калифорния дўконларида харидорларни кутиб олиб, уларга маҳсулотларни топишда ёрдам беради, саволларга жавоб қайтариб, мавсум ёки ҳафта кунларига қараб товарларни пештахталарга жойлаштиришда ходимларга кўмак кўрсатади.
Дунёдаги энг йирик интернет-дўкон Amazon омборхоналарида буюртмалар роботлар томонидан амалга оширилади. Компания маҳсулотларни янада тез етказиш мақсадида ҳайдовчисиз автомобиллардан фойдаланишни режалаштирган.
Ресторан бизнеси
Маҳсулотларни етказишда дунё етакчиси Domino’s Pizza мисоли қизиқ. 2016 йилнинг март ойида компания Австралия ва Янги Зеландияда пиццани дронларда етказиб беришни синаб кўрди, 2017 йилда эса пиццани Европа мамлакатларида айнан шу усулда етказиб бериш истаги ҳақида маълум қилди ва АҚШда илк синовларни ўтказди.
Ресторанларда роботлар аллақачон ошпаз сифатида фаолият юритмоқда. Май ойининг бошида Бостонда таомларни фақат роботлар тайёрлайдиган ресторан очилди. Ресторанга асос солганлар (Массачусетс технология университети битирувчилари) муассасани “мураккаб таомлар тайёрланадиган дунёдаги илк тўлиқ роботлаштирилган ресторан” дея аташмоқда.
Eatsa ресторанларида эса (калифорниялик 2015 йил стартапи) мижозлар ишчилар билан алоқа қилишмайди: таомга мобил илова ёрдамида буюртма берилади, таомнинг ўзи эса махсус девордан узатилади.
Меҳмонхона бизнеси
Дунёнинг етук меҳмонхона операторлари – ShangriLa, Hilton, Ibis, Crowne Plaza ҳам сунъий онгдан фойдаланади. Роботлар меҳмонларни кутиб олади, уларнинг юкини кўтаради, хоналарни йиғиштиради, меҳмонларнинг буюрмаларига қараб таом ва бошқа буюмларини етказиб беради.
Йирик меҳмонхона эгаларининг фикрича, роботлар ишчиларга кетадиган харажатларни қисқартиради, чунки улар кўп вазифалилик режимида чарчамаган ҳолда ишлашлари мумкин. Бундан ташқари, роботлар хулқ-атвор ҳамда меҳмонларнинг хизматдан қониққанлиги бўйича маълумотларни тўплайди.
Транспорт
Транспорт ҳақида сўз борар экан, бугун дунёнинг кўплаб мамлакатларида машинистсиз поезд билан ҳеч кимни ҳайрон қолдиролмайсиз. Канада, БАА, Япония, Сингапур, Франция каби давлатларнинг ер остидаги темир йўлларида ҳам бундай поездлар ҳаракатланмоқда.
Одам ва робот: рақобатчи ёки ҳамкор?
Мутахассисларнинг фикрига кўра, ғарб ва шарқ “автоматлаштириш”га турлича қарайди. Осиё роботлар кўпайиб кетишидан хавотирга тушмоқда, Европа ва АҚШ эса машина одам ўрнини тўлиқ босолмайди деган фикрга ишоняпти. Одамлар робот билан бемалол рақобатлаша олади, ахир машина нима қилганда ҳам индивидуаллик ва soft skills (махсус кўникмалар)га эга эмас-ку. Бу кўникмалар – “мослашувчан”, “профессионалликдан устун турадиган” жиҳатлар бўлиб, карьерада муваффақиятга эришишда ёрдам беради.
Puzzle English асосчиси Александр Антонов soft skills’нинг сунъий онг билан рақобатлашиш борасидаги аҳамиятини ҳам таъкидламоқда. Таълим ҳақида сўз борар экан, “роботлар бу соҳада одам ўрнини тўлиқ боса олмайди, бироқ унинг таълимдаги ўрнини ўзгартириб юборади”. Агар аввал ўқитувчи ўқувчиларга билимни етказувчи бўлган бўлса, бугун машина таълимнинг қомусийлиги бўйича сўзсиз одамдан олдинда, - дея шарҳлайди Антонов. – Ёрқин, ҳиссий коммуникация, таълим жараёнини бошқариш, кенг кўламдаги инструментлардан фойдалана олиш ва таълим тизимига технологик ечимларни органик равишда жорий этиш – машина яқин келажакда “ўқитувчи” касбига айнан шундай ролларни қўяди”.
Яқинда Google компанияси Economist Intelligence Unit билан ҳамкорликда ўтказилган тадқиқот натижаларини эълон қилди. У 16 та мамлакатдаги 1200 нафар ўқитувчи орасида ўтказилган сўровномага асосланган. Сўровнома иштирокчиларининг кўпчилиги болалар сунъий онгдан ўзгача фикрлашлари учун мактабданоқ soft skills’ни ривожлантириш заруриятини тан олган.
Компаниялар ходимларда soft skills’ни ривожлантиришга сармоя киритишга тайёр. Technavio тадқиқотларига кўра, 2015 йилда ишчилар soft skills’ни ривожлантириш дастурларига 16 миллиард доллар сарфлашган. Ушбу кўникмани ривожлантириш муайян соҳага боғланмаган ҳолда исталган соҳани ўзлаштира оладиган универсал ходимларни тайёрлашга ёрдам беради.
“Машина билан рақобатлашиш”, - дейди Безручко – зарарли ғоя. Машиналар шубҳасиз ўрта ва паст малакага эга меҳнат ўрнини боса олади. Улар билан бу борада рақобат қилиш имконсиз. Машиналар бажара олмайдиган ишни уддалаш учун ривожланиш керак. Мен бу ерда ижодий юқори малакали иш ҳақида гапиряпман”. Унинг фикрига кўра, одам машиналар билан рақобатлашиши эмас, улар билан ҳамкорликда ишлаши лозим.
***
Кундек равшанки, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган технологик имкониятлар асрида яшаяпмиз. Роботлар одамларни сиқиб чиқарадими? Ёдимизда бўлсин, ҳар биримиз машиналарга хос бўлмаган шахсий жиҳатлар тўплами ва “мослашувчан” кўникмаларга эгамиз. Айнан бетакрорлик бизга роботлар ҳеч қачон одамларни бутунлай сиқиб чиқармай, аксинча одамларга ёрдам беришига имконият яратади.
Мавзуга оид
16:03
Хитойдаги дарёда дунёдаги биринчи қутқарувчи робот патруллик қилишни бошлади
21:58 / 25.10.2024
Сунъий интеллектга эга робот томонидан чизилган сурат 120 минг долларга сотилиши мумкин
19:43 / 21.10.2024
Ҳуманоид робот узунликка сакраш бўйича жаҳон рекордини ўрнатди
20:44 / 11.10.2024