Спорт | 21:30 / 28.08.2018
16520
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон курашчиларида 6 медал. Полвонлар ўз таассуротлари билан ўртоқлашишди

Индонезияда ўтаётган ёзги Осиё ўйинларининг 28 август куни бўлиб ўтган баҳслари Ўзбекистон делегацияси учун омадли келди. Осиё ўйинлари тарихида илк бор миллий кураш бўйича баҳслар ўтказилди ва унда ўзбекистонлик полвонлар 6та медал қўлга киритишди.

Жумладан, аёллар ўртасида -52 кг вазн тоифасида турнирга келган Гулнора Сулаймонова финалда ҳиндистонлик Пински Балҳарани 10:0 ҳисобида енгди ва олтин медалга эга чиқди. Эркаклар ўртасидаги баҳсда -66 кг вазн тоифасида Маъруф Ғайбуллоев ҳамда +90 кг вазн тоифасида Муҳсин Ҳисомиддинов ҳам олтин медал соҳибига айланишди. Шунингдек, -66 кг вазн тоифасида Руслан Бўриев кумуш медал олди. +90 кг вазн тоифасида ярим финалда эронлик рақибига ютқазган Нурбек Тўраев ҳамда -52 вазн тоифасида ярим финалда ҳиндистонлик Пински Балҳарага мағлуб бўлган Ойсулув Абдумажидова эса бронза медаллар билан кифояланишди.

Айни пайтда Индонезияда бўлиб турган KUN.UZ жамоаси медал соҳибларини суҳбатга тортди.

«Мусобақада иштирок этган рақибларим кучли тайёргарлик кўришгани баҳслар давомида маълум бўлди. Энг кучли полвонлар монголиялик спортчилар экан, десам янглишмаган бўламан. Кураш ватани Ўзбекистон бўлгани учун олтин медаллар бизга насиб этди. Чемпион бўлиш ҳар бир спортчининг орзуси ва ўйлайманки, мен орзуимга эришдим. Айтиб ўтишим лозимки, бугун миллий курашимиз жаҳон бўйлаб юқори сураътларда ривожланмоқда. Эрон ва Ҳиндистондан келган спортчиларнинг миллий кураш сирларини пухта эгаллашгани бунга яққол мисол бўла олади», - дейди Гулнора Сулаймонова. 

«Авваламбор, Ўзбекистон мустақиллигининг 27 йиллик тўйи билан барча юртдошларимни табриклайман. Бугунги мусобақа, албатта, осон бўлмади. Орзуларимдан бири, Осиё ўйинларида шоҳсупанинг юқори ўринларига чиқиш эди. Мана, бугун ниятимга етиб турибман. Шоҳсупада турган ҳолатни тил билан таърифлаб бериб бўлмайди. Айниқса, мадҳия янграганида бутун танангизни ўзгача ҳиссиёт қамраб олади. Миллий курашнинг Осиё ўйинларига киришига сабабчи – президентимиздир. Шу боис ғалабамни давлатимиз раҳбарига бағишлайман», дейди Муҳсин Ҳисомиддинов.

Шунингдек, финалда ўзбекистонлик бошқа курашчи Маъруф Ғайбуллоевга ютқазиб, кумуш медал билан тақдирланган Руслан Бўриев ҳам ўз таассуротлари билан ўртоқлашди: «Мусобақа таассуротлари жуда аъло. Очиғини айтсам, Хитой Тайпей вакили билан кураш оғир кечди. Олтин медал Ўзбекистон вакилига насиб этди, бундан умуман хафа эмасман. Шу фурсатдан фойдаланиб, барчани Ўзбекистон мустақиллиги байрами билан муборакбод этаман».

Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

66 кг вазн тоифасида олтин медални қўлга киритган Маъруф Ғайбуллоев шундай дейди: «Мана бугун олтин медал соҳиби бўлдим. Бу жуда кучли мусобақа бўлди. Хурсанд бўлганим, ўзимизнинг полвон билан финалда курашишим ундан ҳам яхши бўлди. Лекин гиламда ҳар қандай рақиб – рақиб ҳисобланади. ҳаётда эса барчамиз дўстмиз».

Маълумот учун, бугунги медаллардан сўнг Ўзбекистон делегацияси Осиё ўйинларида умумий рейтингда 38 медал билан (9 олтин, 15 кумуш ва 14 бронза) билан тўққизинчи ўринга жойлашди.

Мавзуга оид