Самарқандда миллий кураш бўйича республика мусобақаси ўтказилди — ғолиблардан бирига автомобиль берилди
Самарқанд шаҳрида Наврўз умумхалқ байрами арафасида миллий кураш бўйича Самарқанд вилояти ҳокими соврини учун республика мусобақаси ташкиллаштирилди. Беллашувларда юртимизнинг турли вилоятларидан келган 100 нафарга яқин номдор курашчилар учта вазн тоифасида курашишди.
Мусобақанинг 73 килограммгача бўлган курашчилар орасида Паст Дарғом туманидан Муҳриддин Қурбонов ғолибликни қўлга киритиб, телевизор ва 2 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.
90 килограммгача бўлган полвонлар беллашувида эса қўшработлик Муҳаммадали Шамсиддинов барча рақибларини енгиб, музлаткич ва 2 миллион сўм пул мукофотига эга бўлди.
Бош соврин – “Nexia-3” автомашинаси учун 90 килограммдан ортиқ вазн тоифаси финалида Самарқандлик полвонлар Бекзод Каримов ва Муҳаммадкарим Хуррамов курашга тушишди ва М.Хуррамов рақиби устидан ҳалол ғалаба қозонди.
— Мазкур ғалаба бир ҳафтадан сўнг Гуржистон пойтахтида ўтадиган гран-при турнири олдидан менга жуда катта куч бағишламоқда. Мусобақаларга тайёрланишимда устозим Ўктам Раҳмоновнинг ҳиссаси катта бўлди. Мусобақа ташкилотчилари ва мухлислардан миннатдорман, — деди М.Хуррамов.
Муҳаммадкаримга “Nexia-3” автомашинаси калитини Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов топширди.
Мусобақа сўнгида Самарқандда курашни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиши ва Мустақиллик байрами арафасида яна бир турнир ташкил этилиб, унда соврин учун учта автомобиль қўйилиши эълон қилинди.
Ўз мухбиримиз.
Мавзуга оид
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024