Александр Лукашенко Минскка жўнаб кетди. Ташрифнинг асосий воқеалари
Беларусь президенти Александр Лукашенко Ўзбекистонга ташрифини якунлаб, Минскка жўнаб кетди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.
Александр Лукашенко 12 сентябрь куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Уни Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов, ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов кутиб олди.
Лукашенко Тошкентга ташрифини Мустақиллик ва эзгулик монументига ташриф буюриб, ёдгорлик пойига гул қўйишдан бошлади. У Оқсаройда ҳам бўлиб, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов хотирасига ўрнатилган ҳайкал пойига ҳам гул қўйди.
Шундан сўнг Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келган Беларусь президенти Александр Лукашенкони расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди.
Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенко аввал тор доирада музокара ўтказди. Давлат раҳбари олий мартабали меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлаб, Ўзбекистон билан Беларусь самимий дўст ва ишончли шерик эканини таъкидлади. Беларусь Президенти таклиф учун давлат раҳбарига миннатдорлик билдирди.
Музокарада Ўзбекистон билан Беларусь ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликка доир кенг кўламли масалалар муҳокама қилинди. Ўзбекистон Республикаси билан Беларусь Республикаси ўртасидаги сиёсий мулоқотни мустаҳкамлашга, ўзаро манфаатли соҳалардаги алоқаларни изчил ривожлантиришга келишиб олинди. Александр Лукашенко Шавкат Мирзиёевни ўзи учун қулай вақтда Беларусга ташриф билан боришга таклиф этди.
Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми келгусида 1 миллиард долларга етказилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Кўксаройда бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Беларусь президентларининг кенг доирадаги музокаралари давомида айтиб ўтилган. «Иқтисодиёт бугунги алоқаларимизнинг пойдевори. Бугун Ўзбекистон дунё учун очилмоқда, барча бу имкониятлардан фойдаланиб, алоқаларни ривожлантириш керак. Айниқса, иқтисодий алоқаларни кучайтириш бизнинг асосий мақсадимиз», деган Беларусь президенти.
Шунингдек, Александр Лукашенконинг Шавкат Мирзиёев билан кенг доирадаги музокаралар чоғида маълум қилганидек, Беларусь Ўзбекистонда ҳарбий техникаларни модернизациялаш бўйича заводлар қуришга тайёр. Александр Лукашенко Беларусда хавфсизлик соҳасида Ўзбекистондан яширадиган сири йўқлигини таъкидлаб ўтган.
Бундан ташқари, Беларусь АЭС қурилиши бўйича тажрибаларини Ўзбекистон билан ўртоқлашади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Беларусь президенти Александр Лукашенко билан музокаралар якунида маълум қилган. Қайд этиш керакки, Беларусь Островец шаҳрида ўз Атом электростанциясини барпо этмоқда. БелАЭС иккита энергоблокдан ташкил топган. Биринчи энергоблок ишга туширилиши 2019 йилга мўлжалланган, иккинчиси - 2020 йилга.
Беларусь президенти Александр Лукашенко Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан тор доирада ўтказилган музокаралар давомида Минскдаги Мустақиллик саройи қаршисида ўзбекона услубда элчихона қуришни ҳам таклиф қилди. Шавкат Мирзиеёв ушбу таклиф албатта кўриб чиқилишини айтди.
Беларусь ва Ўзбекистон биргаликда Афғонистон бозорига кириши мумкин. Бу ҳақда Беларусь президенти Александр Лукашенко Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан ўтказилган музокаралар якунида маълум қилди. Лукашенко Афғонистон бозорида суперкомбайнлар ёки охирги русумдаги тракторларга зарурат йўқлиги, уларга оддий техникалар кераклигини қайд этиб ўтган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Беларусь президенти Александр Лукашенко билан ўтказилган музокаралардан кейин беларуслар етакчисига шоир Якуб Коласнинг ўзбек тилига ўгирилган шеърлар тўпламини совға қилди. «У халқларимизнинг дўстлигини, Ўзбекистон заминини, табиатини, ўзбек халқи фазилатларини куйлаган», деган Шавкат Мирзиёев.
Самарали музокаралардан сўнг икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко Қўшма баёнотни имзолади.
Шунингдек, икки мамлакат ҳукумат ва вазирликлари ўртасида қатор икки томонлама муҳим ҳужжатлар имзоланди.
Беларусь президенти Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев билан музокаралар якунида журналистларга Ўзбекистонга ташрифга 2 йил давомида тайёргарлик кўрилгани ҳақида айтди. Маълум бўлишича, Александр Лукашенконинг ташрифи бўйича у 2016 йил кузида Самарқандга, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг дафн маросимида иштирок этиш учун келганида келишувга эришилган. Ўшанда Шавкат Мирзиёев Беларусь раҳбарини Ўзбекистонга таклиф этганди.
Бундан ташқари, 13 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко «Ўзэкспомарказ»да Беларусь Республикасида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмасини очиб беришди. Шавкат Мирзиёев беларуслик ишбилармонлар билан суҳбатлашди. Мутасаддиларга савдо алоқаларини кенгайтириш, саноат корхоналари ва ҳудудлар ўртасида кооперацияни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берди.
Шунингдек, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Беларусь президенти Александр Лукашенко Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи ҳудудида ташкил этилган «Амкодор-Агротехмаш» қўшма корхонасини очиб беришди. Шу ерда қўшма корхонада ишлаб чиқарилган дастлабки экскаваторлар намойиш этилган.
Беларусь президенти Александр Лукашенко хорижий давлатлар раҳбарлари орасидан биринчи бўлиб Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг шаҳардан ташқаридаги қароргоҳига ҳам ташриф буюрди.
Шу билан Александр Лукашенконинг Ўзбекистонга ташрифи якунланди. Беларусь президенти Минскка жўнаб кетди.
Баъзи таҳлилчиларнинг фикрича, Лукашенконинг Ўзбекистонга сафари икки давлат ўртасида бир қанча вақт давомида кузатилган пасайишдан сўнг, ўзаро муносабатларни яна фаоллаштириб юборади.
Мавзуга оид
20:49 / 11.11.2024
Беларус расман БРИКС бўйича шерик давлат мақомини олди
22:17 / 07.11.2024
Лукашенко яна 31 нафар сиёсий маҳбусни афв этди
14:30 / 05.11.2024
Лукашенко: РФ Беларус орқали Полша, Литва, Латвия ва Украинага ҳужум қилмоқчи эмас
13:10 / 24.10.2024