Жамият | 13:03 / 18.09.2018
8131
4 дақиқада ўқилади

Голливуднинг машҳур овоз режиссёри ўзбек фильмида ишлаяпти

Фото: Flickr

Россиянинг Dolby Atmos овоз ёзиш студиясида океанортидан келган меҳмон, америкалик овоз режиссёри Гэри Буржуа фаолият юритмоқда. 

Унинг фильмографиясидаги «Эверестдан чанғида тушган одам” номли ҳужжатли фильм ўз вақтида “Оскар”га муносиб кўрилган. Гэри жаҳонга машҳур “Борннинг устунлиги”,  “Илк қасоскор”, “Чарли фаришталари”, “Фантастик тўртлик” каби юзлаб фильмларда ҳам фаолият юритган. 

Голливуднинг энг машҳур овоз режиссёрларидан бўлган Гэри айни кунларда Ўзбекистонда анча шов-шувга сабаб бўлган “SCORPION” фильмида ҳам ишлаяпти. Эътиборли томони шундаки, Гэри билан Россиянинг “Мосфильм” киностудияси эксклюзив суҳбат уюштириб, уни ўз нашрлари ва веб-сайтида эълон қилган. Унда жумладан шундай дейилади: 

— Ҳозирги кунда қайси лойиҳа устида иш олиб боряпсиз?

— Мени ўзбекистонлик ёш режиссёр Мухлиса Азизова ҳамда продюсер Ойбек Абдушукуровлар суратга олган “SCORPION” фильмига таклиф этишди. Бу саргузашт жангари фильм бўлиб, Иван Буряев унга ажойиб мусиқа ёзган. Россиялик овоз режиссёрлари Алексей Синицин ва Дмитрий Климановлар мени ҳам ушбу лойиҳага таклиф этишганда, рози бўлдим. “SCORPION” лойиҳасида мен диалоглар ва мусиқага жавоб бераман. Дмитрий Климинов ва Алексей Синицин эса овоз эффектлари ҳосил қилиш ва  шовқинларга масъул. Картинада қурол-яроғдан кўп фойдаланилади масалан, замбараклар, қиличлар. Россиялик ҳамкасбларимга қойил қолиш керак, улар қурол-яроғларга яхши овоз беришган.

Фото: Getty Images

– Сиз овоз режиссёрлиги карьерангизни  мусиқа индустриясида бошлагансиз, Боб Дилан, Женис Жоплин каби машҳурлар билан ҳамкорлик қилгансиз. Мусиқадан кинога ўтишингизга сабаб нима?

— 15 ёшимдан бошлаб клубларда барабан чалардим. Бир умр мусиқа индустрияси ичида бўлганман десам ҳам бўлади. Кинога 19 ёшимда кириб келганман. Бу икки соҳани муваффақиятли бирлаштира оламан. Тажрибам сабаб яхши мусиқаси бор фильмларга доим мени таклиф қилишган ва мен таклифларни мамнуният билан қабул қилганман. 

— Карьерангиз бошида фаолият юритган “Эверестдан чанғида тушган одам” номли ҳужжатли фильмингиз “Оскар”га муносиб кўрилганда нималарни ҳис қилгандингиз?

— Бунга анча бўлган, у пайтлар ёш эдим. Лойиҳада менга беҳад эркинлик беришди, бу эса ўз навбатида катта масъулият дегани. Барча шовқин товушларни биз ўзимиз яратгандик, асосийси, бу товушлар табиий чиқиши керак эди. Масалан, фильмда қорни ялангоёқ босиб юрганда ғичирлаган товуш керак эди. Қорнинг табиий ғичирлаган овозини чиқариш учун ўзим қорда оёқяланг юриб, овозни микрофон орқали ёзиб олганман. Бу таассуротлар унутилмас. Яна фильмда Тибет халқ мусиқа асбобларидан фойдаланилган. Биз бу овозни ёзиш учун Эверест бўйида яшайдиган шерп (Шарқий Непалда яшовчи элат)ларни таклиф этганмиз. Ўша жамоа билан бутун умрга дўст бўлиб қолдик. Дарвоқе, биз фильм қаҳрамони, 1970 йилда Эверестдан чанғида тушган япониялик Юичиро Миуро билан ҳам учрашганмиз. “Оскар” билан тақдирланамиз деб ўйламагандик, ҳатто энг яхши ҳужжатли фильмни суратга олдик деган фикр хаёлимизга ҳам келмаганди. “Оскар” биз учун кутилмаган туҳфа бўлди. Ҳамон у билан фахрланамиз.

— Қайси давлатларда ишлагансиз?

— Дунёнинг турли шаҳарларида, Ванкувер, Торонтодан тортиб Лос-Анжелесгача, Боготадан тортиб Европанинг кўплаб шаҳарларида ишлаганман. Ҳатто Болгариянинг ва мана яқинда Ўзбекистоннинг лойиҳасида ҳам ишладим. 

Мавзуга оид