Жамият | 17:36 / 08.05.2019
16714
6 дақиқада ўқилади

Фильмдан сўнг: Бухорий эътирофига сазовор бўлган аллома

20 апрель куни «Абу Мусо Муҳаммад ат-Термизий»  тарихий кинофильмининг премьераси бўлиб ўтди.

Тўғри, (аниқроғи, «афсуски») фильм сеансларига навбат қориноғриқ ҳазилдан бошқасига ярамайдиган фильмлар ёки Мурат Йилдирим иштирокидаги эпизод билан шов-шувга эришган «Скорпион»даги каби узундан-узоқ эмас. Рекламаси ҳам ҳамма жойда айланавериб, меъдани қайнатгани йўқ. Ҳайбатидан дев ҳуркадиган реклама баннерларининг овозаси дунёни тутмади.

Шунга қарамай, тарихий-биографик йўналишдаги мазкур фильм бир ярим соат давомида томошабинни зериктирмасдан ушлаб қола олади. Абдухалил Мигноров сценарийси ва постановкаси асосидаги «Абу Мусо Муҳаммад ат-Термизий» фильми ҳали ўзбек кинематографияси буткул «ўлмаганини» кўрсатди, дейиш мумкин.

Фильм ҳадис илмида Имом Бухорийдан кейинги энг аҳамиятли шахс ҳисобланган ат-Термизийнинг ҳаёт йўлига бағишланган. Унинг илм олиши, ноёб хотирага эгалиги, замонасининг буюклари билан учрашуви, фитналарга рўбарў бўлиши киноасар фабуласини ташкил этади.

Имом Термизий номи билан муҳаддис сифатида танилган Муҳаммад ибн Исо ибн Савра ибн Мусо ибн аз-Заҳҳоқ Абу Исо ас-Сулламий аз-Зарийр ал-Буғий ат-Термизий милодий 824-892 йилларда яшаб ўтган. Сулламий деб нисбат берилишига сабаб аждодларидан бири арабларнинг суллам қабиласи билан дўст тутинганидир. Тарихий манбаларга кўра, Буғ қишлоғида вафот этгани учун унинг номига ал-Буғий нисбати ҳам қўшилган, олим кўп йиғлаганидан умрининг охирларида кўзи ожиз бўлиб қолгач, аз-Зарийр (кўзи ожиз) тахаллусини олгани ҳам айтилади. Дастлабки илм олиш даври Термиз шаҳрида ўтгани учун унга халқ орасида энг оммалашган ат-Термизий номи берилган. Термиз, Самарқанд ва Балхда дастлабки билимларни эгаллаб, Ҳижоз, Ироқ ва Хуросоннинг бир қатор шаҳарларида ўз даврининг етук алломаларидан сабоқ олади. Умрини ҳадис тўплашга бағишлайди. Турли манбалардан эшитган ҳадисларини саҳиҳ (тўғри, ишончли), ҳасан (яхши, маъқул), заиф (бўш, ишончсиз), ғарийб (ғалати) каби хилларга ажратади.

Ҳадис илмига бағишланган «Ал-Жомиъ» асари ижодининг энг йирик намунаси ҳисобланади.

Фильм ҳақида бир нарса дейиш мумкин: унда панд-насиҳат руҳи сезилмайди. Ҳамма воқеалар ўта содда ва самимий, ортиқча пафосдан холи тарзда кўрсатилади. Воқеалар марказида турган ат-Термизий шахсига нисбатан улуғлаш, кўкка кўтариш, кўпгина тарихий асарларда кузатиладиган илоҳийлаштириш кайфияти сезилмайди.

Воқеаларнинг баён услуби шундай тузилганки, ортиқча таъкидсиз томошабиннинг ўзи керакли хулосаларни чиқара олади.

Шогирдларидан бири ҳадис кўчириш чоғида хатога йўл қўйганида уни шунчаки тузатиб қўймасдан, қайта кўчиришни буюради. Шогирд боланинг қоғоз исрофи ҳақидаги гапига эса «агар бир ўринда хато қилиб, кейин уни шунчаки тўғрилаб қўйсак, одамлар ҳадис илмида ҳам хато қилиш мумкин экан, деган ўйга боради», дея жавоб беради.

Ҳар гал ҳасадгўйлар фитна билан унинг ҳаётига хавф солмоқчи бўлганда ваҳимага тушмайди, оҳ-воҳ солмайди. Шунчаки Аллоҳга таваккал қилади, қиблага юзланади. Алалоқибат, фитнадан унга гард ҳам юқмайди.

Кексайган чоғида: «Агар хотирам панд бериб, хато қила бошлаган бўлса, ҳадис ёзишни йиғиштиришим керак, токи одамларни тўғри йўлдан адаштирмай», дея мулоҳаза қилади.

Киноасарда деталлардан ҳам ўринли фойдаланилган. Кўнгил қўйганига муҳаббат қирмизи олма орқали изҳор қилиниши, ота-онанинг фарзандига «сиз» деб мурожаат қилиши ибратлидир. Салбий ва ижобий қаҳрамонларнинг либосларидаги ранглар орқали характер яққолроқ очиб берилган.

Аммо фильмда бир қатор тушунарсиз ҳолатлар ҳам кўзга ташланади. Муҳаммаднинг кўнгил қўйган қизи бошқасига унаштирилгани маълум бўлади. Ошиқ йигит ғамга ботади. Шундан сўнг унинг оила қуриши билан боғлиқ ҳеч қандай ҳолат кузатилмайди, томошабинда у етишолмаган муҳаббатига садоқат сақлаб, тоқ ўтган деган тасаввур уйғонади. Ваҳоланки, ҳеч бир тарихий манбада бу ҳолат ҳақида маълумот учрамайди.

Фильм аввалидаги ҳолат: бир қулнинг ўз хожасидан қочиб кетаётгани, унинг қўлга туширилиши, қозининг ҳукм чиқариши ва бунга кичкина Муҳаммаднинг гувоҳ бўлиши кўрсатилган. Қозининг чиқарган ҳукми ҳам, бу воқеанинг фильм асосий фабуласи билан боғлиқлиги ҳам ўта мавҳум.

Шунингдек, персонажларнинг ёши жуда кўп нуқталарда тушунарсизликни келтириб чиқарган. Муҳаммад ва унинг сабоқдоши Жаъфар болаликда тенгқур қилиб кўрсатилган. Бухорода мадраса таълимини олаётганда эса Жаъфарнинг ёши анчагина каттароқ қилиб кўрсатилади: Муҳаммад эндигина йигитлик остонасига қадам қўйган, Жаъфар эса кўринишидан 40ни уриб қўйганга ўхшайди. Фильм якунига етиб, персонажларнинг умри якунига етай деб қолганда эса Муҳаммад соқоли кўксига етган мўйсафид, Жаъфар эса нисбатан ёшроқ қилиб кўрсатилган.

Фильмнинг кулминацион нуқтаси сифатида икки муҳаддис – Имом Бухорий ва Имом Термизийнинг учрашишини қайд этиш мумкин. Санадига (ривоят қилган кишилар рўйхати) кўра ҳадисларни саралаган Термизий Бухорийнинг эътирофига сазовор бўлади. Ал-Бухорийнинг «Сен мендан фойда олгандан кўра, мен сендан кўпроқ фойда олдим», деган сўзлари Термизийнинг ақлий салоҳияти учун энг юксак баҳо эди. Ал-Бухорий вафоти ҳақида хабар топганда Муҳаммад ота-онаси дунёдан ўтгандагидан ҳам кўпроқ ғам чекади. Баъзи манбаларга кўра, ҳатто кўзёш тўкаверганидан кўзлари нурсиз бўлиб қолади.

Умуман олганда, фильм муваффақиятли чиққан дейиш мумкин. Фақат одамларни жалб қила олиш керак. Мазмун жиҳатдан тош босадиган бундай фильмларга сеанслар ҳам кам ажратилади, талабгорлар ҳам шунга яраша. Демак, ёки бизга тарихнинг қизиғи йўқ, ёки миллий кинематографиядан қўл ювиб бўлганмиз...

Саодат Абдураҳмонова

Мавзуга оид