Ўзбекистон | 15:53 / 20.09.2018
6530
4 дақиқада ўқилади

Январь - август ойларида Ўзбекистонда нечта корхонанинг фаолияти тугатилгани маълум бўлди

2018 йилнинг январь-август ойида республикада 38,1 мингтага яқин корхоналар ва ташкилотлар янги ташкил этилди, бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,6 мингтага кўпдир, деб хабар бермоқда Давлат статистика қўмитаси.

Шунингдек, фаолияти тугатилган корхона ва ташкилотларнинг сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 29,0%га камайган ҳамда уларнинг сони 4,6 мингтани ташкил этганлигини кузатиш мумкин. 

Бунинг натижасида жорий йилнинг бошига нисбатан фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотлар сони 26,1 мингта (9,1%)га ўсган ҳамда уларнинг умумий сони 312,7 мингтани ташкил этган. 

Фаолият кўрсатаётган корхоналар ва ташкилотларнинг асосий улуши Тошкент шаҳрида (21,2%), Тошкент (9,6%), Фарғона (9,0%) ва Андижон (8,6%) вилоятларида кузатилмоқда. 

Иқтисодий фаолият турлари бўйича жами фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотларнинг умумий сонига нисбатан 22,0% савдода, 17,3% саноатда, 8,8% қурилишда, 7,5% қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида, 6,0% яшаш ва овқатланиш бўйича хизматларда, 4,1% ташиш ва сақлаш, 2,2% ахборот ва алоқа, 2,1% соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш ва 30,0% бошқа фаолият турлари ҳиссасига тўгри келади. 

2018 йил январь-август ҳолатига 38 132та корхоналар ва ташкилотлар янги ташкил этилган. Бу эса 2017 йилнинг шу даврига нисбатан қараганда 24,8%га кўпдир. Энг кўп янги ташкил этилган корхоналар ва ташкилотлар Тошкент шаҳрида (8388та), Тошкент (3744та), Фарғона (3114та) ва Самарқанд вилоятларида (3126та) ташкил этилган. Энг кам Сирдарё (1045та), Навоий (1473та) ҳамда Хоразм (1544та) вилоятларида ташкил этилган.

Агар иқтисодий фаолият турлари кесимида кўрилса энг кўпи савдода (7882та), саноатда (7416та), қурилишда (4389та) ва қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигида (4017та) соҳаларида ташкил этилган. Энг ками эса соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматларда (832та), ахборот ва алоқада (852та) ҳамда ташиш ва сақлашда (1313та) ташкил этилганлиги кузатилмоқда. 

2018 йил 1 сентябрь ҳолатига 255,1 минг тижорат шаклидаги корхоналар ва ташкилотлар фаолият кўрсатаётган бўлиб, шундан хусусий корхоналар – 72,0 мингта, оилавий корхоналар – 14,2 мингта, масъулияти чекланган жамиятлар – 161,6 мингта, ва бошқалар 7,4 мингтани ташкил этади.

2018 йил 1 сентябрь ҳолатига фаолият кўрсатаётган хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони 6708тани ташкил этди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1402тага ёки 26,4%га ўсган. Шунингдек Хорижий капитал иштирокидаги фаолият кўрсатаётган корхоналардан 3636таси қўшма корхоналар, 3072таси эса хорижий корхоналар ҳисобланади.

Хорижий капитал иштирокидаги корхоналарнинг асосий қисми Тошкент шаҳар 4275та (63,7%), Тошкент вилояти 751та (11,2%) ва Самарқанд вилоятлари 361та (5,4%) ҳиссаларига тўғри келади. Энг кам хорижий капитал иштирокида ташкил этилган корхоналар Хоразм вилояти 59та (0,9%), Қашқадарё вилояти 68та (1,0%), Навоий вилояти 83та (1,2%) ва Қорақалпоғистон Республикаси 99та (1,5%) ҳиссаларига тўғри келади. Бу эса мазкур ҳудудларда хорижий ҳамкорлар билан ишлашни, инвестициялар жалб этиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишларни янада ривожлантиришни талаб этади.

2018 йилнинг январь-август ойида хорижий капитал иштирокидаги рўйхатдан ўтган янги корхоналарнинг сони 1396тани ташкил қилган. Бу кўрсаткич эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 912тага кўпайган. Бунда, Россия Федерацияси резидентлари капитали иштирокида – 262та, Туркия Республикаси – 228та, Хитой Халқ Республикаси - 203та, Қозоғистон Республикаси – 151та ва Корея Республикаси – 113та янги корхона рўйхатдан ўтган. Шунингдек, 2018 йил давомида Афғонистон Ислом Республикаси, Ҳиндистон Республикаси, Германия Федератив Республикаси, Украина, Озарбойжон Республикаси ва бошқа давлатлар резидентлари қўшма фаолиятга қизиқиш билдирдилар. 

2018 йил 1 сентябрь ҳолатига республикада фаолият кўрсатаётган кичик корхона ва микрофирмаларнинг сони 253,2 мингтани ташкил қилган. Бу кўрсаткич 2017 йил 1 сентябрь ҳолатига қараганда 9,5%га ошган.

Мавзуга оид