Ўзбекистон | 17:44 / 20.09.2018
7278
3 дақиқада ўқилади

Қандай товарларга экологик йиғим солиш таклиф этилмоқда?

Фото: Pixabay

Экологик йиғимни ундириш таклиф этилаётган товарлар рўйхати тузилди, уни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби ишлаб чиқилди. Тегишли лойиҳалар (ишлаб чиқувчи – Давлат экология қўмитаси) ҚҲТБТ порталида жойлаштирилган.
 
Norma’нинг ёзишича, «хорижий тажриба ва жамоатчиликнинг ҳар томонлама муҳокамасини ҳисобга олган ҳолда» 2020 йилгача экологик йиғимни жорий қилишнинг мақсадга мувофиқлиги масаласини ҳал этиш вазифаси топширилган.
 
Бироқ тақдим этилган лойиҳа белгиланган муддатдан олдин ишлаб чиқилди. Йиғимларни 2019 йил 1 январдан жорий этиш ҳамда фойдаланиш хусусиятини йўқотгандан сўнг атроф-муҳитга зарар етказувчи ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган товарлар гуруҳига, шу жумладан ўрамига солиш режалаштирилмоқда.

Жадвалда кўрсатилган товарларни ишлаб чиқарувчи ва (ёки) импорт қилувчи юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар экологик йиғимни тўлайдилар. Йиғим миқдорини тўловчиларнинг ўзи товарнинг, шу жумладан ўрамнинг ҳақиқий ҳажмидан (вазнидан, миқдоридан) келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарадилар.  
 
Экологик йиғим суммасининг ҳисоб-китобини тўлов ҳужжати нусхаси билан бирга рўйхатдан ўтган жойдаги солиқ идорасига топшириш керак бўлади. Тўлов ҳар чоракда – ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 30-санасигача тўланиши кўзланмоқда. Ҳисоб-китоб олдиндан – тегишинча 20-санагача топширилади. 
 
Экологик йиғимни ундириш билан солиқ органлари шуғулланади, улар тушумлар тўлиқ ва ўз вақтида келиб тушишини назорат қиладилар. Маблағлар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармасида жамланади. Улар мақсадли равишда сарфланади – чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги тадбирларни молиялаштиришга ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида Давлат экология қўмитасига юклатилган вазифа ва функцияларни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа мақсадларга йўналтирилади.
 
Механизмни амалга ошириш учун «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонун ва Солиқ кодексига тузатишлар киритиш, шунингдек экологик йиғимни қўллашга доир алоҳида тартибни тасдиқлаш режалаштирилмоқда.
 
Лойиҳалар ўзгартирилиши, уларга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин. 

Мавзуга оид