Ўзбекистон | 07:41 / 02.10.2018
64180
9 дақиқада ўқилади

Эксперт электр энергияси, газ ва бензин нархларининг режалаштирилаётган оширилиши ҳақида

Ўзбекистонда электр энергияси, табиий газ ва автомобиль ёқилғиси тарифларининг оширилиши режалаштирилмоқда. Энергия ресурсларини етказиб берувчилар мавжуд тарифлар устидан харажатларнинг ошиб кетиши зарурияти билан тушунтиришмоқда. Афтидан, чиндан ҳам тарифлар пасайтириб қўйилгандек. Лекин улар қандай бўлиши кераклигини ҳеч ким билмайди. Repost.uz таниқли иқтисод бўйича эксперт Юлий Юсуповнинг бу борадаги фикрларини келтирди.

Гап шундаки, учала сектор ҳам монополлаштирилган, у ерда эркин рақобат йўқ, нархларни давлат белгилайди. Бундай вазиятда етказиб берувчи корхоналар доимо ўз харажатларини оширишга ҳаракат қилишади. Биринчидан, нархларнинг оширилишини асослаш учун. Иккинчидан, компаниялар ўз сарфлари орқали коррупцион даромадларни чиқариб олишади, масалан, баланд нархларда ресурслар харид қилишади ва бундай харидлар учун «откат» олишади. Ниҳоят, юқори харажатлар — самарасиз менежментнинг пировард натижасидир, бунинг пайдо бўлишига сабаб: а) рақобат, б) хусусий мулкдорнинг йўқлигидир.

Мазкур секторлар иқтисодиётимизнинг давлат томонидан назорат қилинадиган кўплаб бошқа соҳалари сингари радикал ислоҳотларга муҳтож ва у қуйидагиларни қамраб олиши керак:

1. Давлат томонидан тартибга солиш усулларининг радикал ўзгартирилиши, бу ҳолатда сиёсат ишлаб чиқиш функцияси (бу билан вазирликлар шуғулланиши керак), стандартлар ўрнатилиши (давлат агентликлари функцияси), назорат ва текширув (давлат инспекциялари функцияси), соҳа корхоналарининг манфаатларини ҳимоя қилиш (кўнгилли ассоциациялар), хўжалик фаолиятини амалга ошириш (тижорат корхоналари) ҳам ислоҳ қилиниши керак.

Айни пайтда давлат томонидан назорат қилинувчи соҳаларда бу функцияларнинг барчаси битта тузилмада — совет давридаги соҳа вазирлигининг меросхўри (ёки маълум шахсларнинг ўзи томонидан назорат қилинувчи бир неча тузилмалар)да жамланган. Бу манфаатлар тўқнашуви ва бошқарувнинг самарасизлигини келтириб чиқаради.

2. Соҳани монополиядан халос этиш ва рақобат муҳитини яратиш. Соҳаларнинг аксариятида монополизм сунъий характерга эга ва у ерларда соғлом рақобат учун етарли шароитлар ҳозирлаш мумкин.

Автосаноат ва автомобиль ёқилғиси билан савдо қилиш каби соҳаларда бозорга янги ўйинчиларни қўйиб юбориш кифоя ва рақобат компанияларни ўзларининг шиширилган харажатларини қисқартиришига, сифатни яхшилашга ва маҳсулот ассортиментини кўпайтиришга мажбурлай бошлайди. Масалан, автомобиль ишлаб чиқаришда божхона тўловларини «тақиқловчи» даражадан «оқилона» даражага туширилса бас.

Бошқа соҳаларда рақобат яратиш учун мураккаброқ «ўйин қоидалари»ни жорий этишга тўғри келади. Масалан электроэнергетикада қуйидаги функцияларни ажратиш керак:

а) ишлаб чиқариш;

б) тармоқ орқали тарқатиш

в) электр энергиясини чакана сотиш.

Агар электр энергиясини тармоқ орқали тарқатиш (давлат томонидан назорат қилинадиган) табиий монополия сифатида қолса, ишлаб чиқариш ва чакана савдо рақобат бўлиши шарт бўлган соҳалар ҳисобланади.

Ёки, айтайлик, газ қазиб чиқаришда бир неча мустақил компаниялар ўртасида геология-қидирув, қудуқ қазиш ва газ қазиб олиш функцияларини ажратиш муҳим. Улар ҳанузгача бизда бир қўлда жамланган. Балким шунинг учун бизда йилдан йилга газ қазиб олиш ҳажми камайиб, қазиб олиш харажатлари ошиб бораётгандир?

3. Соҳа компаниялари устидан бошқарув усулларини такомиллаштириш, уларнинг фаолиятини тижорийлаштириш, корпоратив бошқарув принципларини жорий этиш. Ҳозирча компанияларни бошқариш жуда паст даражада бўлиб турибди, бу эса улкан харажатлар ва улар томонидан тақдим этилаётган товар ва хизматлар сифатининг пастлигига сабаб бўлмоқда.

4. Давлат эгалик қилиши давлат функцияларини бажариш билан шартланмаган корхоналарнинг хусусийлаштирилиши. Бундай корхоналар биз кўриб чиқаётган соҳаларда жуда кўп. Бу дегани уларни бир кундаёқ хусусийлаштириш керак, дегани эмас, бироқ хусусийлаштиришга аллақачонлар тайёргарлик кўрилиши керак эди.

Бироқ, парадокс. Иккинчи йилдирки мамлакатимизда фаол ислоҳотлар кетмоқда. Лекин негадир давлат томонидан назорат этилувчи соҳаларда (табиий ва сунъий монополиялар соҳаларида) ҳанузгача ислоҳотлар нафақат бошланмаган, ҳаттоки режалаштирилмаган ҳам. Боз устига, табиий монополияларга яқин ҳам кела олмайдиган соҳаларнинг раҳбарлари (масалан, автосаноат, электротехника саноати, авиаташувлар) нафақат ўз соҳаларининг давлатдан холи бўлиши ва монополиядан халос бўлишини исташади, аксинча, мавжуд ҳолатнинг сақланиб қолиши, ҳаттоки монополизмнинг янада кучайтирилишини хоҳлашмоқда.

Биз бундай соҳаларнинг раҳбарларидан олишимиз мумкин бўлган максимум нарса — вақти-вақти билан нархларнинг кўтарилиши ҳақидаги хабарлардир. Нархлар, балким, қаердадир оширилиши керак ҳамдир. Бироқ мазкур секторларнинг иш самарадорлиги йўқ бўлган шароитларда уларга бот-бот қўшимча молиявий кўмак берилиши тешик челакка сув қуйиш билан баробар. Бу пуллар нафақат соҳа муаммоларини ҳал қила олмайди, шунчаки мавжуд ҳолатнинг янада чўзилишига хизмат қилади, аҳоли даромадларида салбий акс-садо беради ва инфляцияни кучайтиради.

Тарифларнинг оширилиши билан боғлиқ ахборот билан бирга «Ўзбекэнерго» компаниясининг аҳволи аянчли эканлиги ҳақида қизиқарли рақамлар ҳам эълон қилинди. Компания қарзлари 2 миллиард доллардан ошган. «Ўзбекэнерго» тасарруфидаги иссиқлик электр станцияларининг 84 фоизи ярим аср муқаддам фойдаланишга топширилган. Бундай электр станцияларида ёқилғи сарфи замонавий ускуналардагидан кўра икки баробар кўпроқ — бу эса электр энергияси ишлаб чиқаришда харажатларнинг асосий таркибий қисми ҳисобланади. Бундан ташқари, электр энергияси умумий ҳажмининг 20 фоиздан ортиқроқ қисми тақсимловчи тармоқларнинг эскирганлиги туфайли йўқолади. 62,4 фоиз электр станцияларининг хизмат кўрсатиш муддати 30 йил аввал тугаган.

Энди бизга секторни ислоҳ қилиш режаси ўрнига бу самарасиз «юҳо»нинг умрини чўзиш учун ҳамён кавлашни таклиф этишмоқда. «Бизга пул беринглар, ҳаммасини тўғирлаймиз!» — бу аҳоли ва давлат гарданида ўтирган барча монополистларнинг севимли шиоридир. Фақат улар ҳеч нарсани ўзгартира олишмайди, чунки принцип жиҳатидан самарасиздирлар.

Биз, Ўзбекистон фуқаролари ҳукумат ва соҳа раҳбарларидан манфаатлар тўқнашувини бартараф этувчи ва самарали рақобат муҳитини ҳосил қилувчи тушунарли ва аниқ ислоҳотларни талаб қилишимиз керак, деб ўйлайман. Фақат шундан сўнггина нархларнинг эҳтимолий оширилиши ҳақида гап очилса ярашади.

Режалаштириш ва ислоҳотларни амалга ошириш учун вақт етарли эди. Токи бу ҳанузгача қилинмаган экан, ислоҳотлар ўрнига бизга нархларнинг оширилишини таклиф этишмоқдами, бу ислоҳотлар стратегияси йўқлиги ва номуносибликдан дарак беради. Ҳозир нархларнинг оширилишига рози бўлиш — ўзининг ачинарли ҳолатидан чиқиб кетиш учун ҳеч қандай реал режаси бўлмаган зиёнкор компанияга пул тикиш демакдир. Ҳеч бир ақлли инвестор бу ишга қўл урмаган бўлар эди. Биз ҳам ундай қилмаслигимиз керак.

Сўзим якунида.

Сўнгги бир ярим йил ичида мамлакатимизда ўта муҳим макроиқтисодий ислоҳотлар ўтказилди: валюта бозорининг эркинлаштирилиши, ташқи савдо ва бизнес юритиш йўлидаги кўплаб маъмурий тўсиқларнинг бартараф этилиши, банк соҳасининг эркинлаштирилиши. Радикал солиқ ва божхона ислоҳотлари белгиланган. Бироқ соҳа даражасида, айниқса табиий ва сунъий монополиялар соҳаларида ислоҳотларнинг бутунлай йўқлиги жамиятимиздаги ўзгаришлар стратегиясини тўлиқ таҳдид остида қолдиради.

Токи маъмурий ислоҳот, давлат сектори ислоҳотини ўтказмас эканмиз, сўнгги йигирма беш йил ичида қўзиқориндек кўпайтириб ташлаганимиз сунъий монополияларни бузмас эканмиз, соғлом рақобат муҳитини шакллантирмас эканмиз, муваффақиятли ривожланиш учун заррача имконимиз бўлмайди. Инвесторларнинг юртимизга ҳанузгача қадам босмаётганига бош сабаб ҳам шу — бу йўналишда бирор бир силжишни кўра олишмаяпти. Ва энг асосийси — соҳа ислоҳотларисиз эски иқтисодий моделнинг яна қайта тикланиш учун юқори риск сақланиб қолаверади.

Шу сабабли юқорида кўрсатиб ўтилган ислоҳотлар — назаримда, «ҳаёт-мамот» масаласи. Ва бу масала бугун Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиш истиқболларида марказий ўрин тутади.

Мавзуга оид