Жамият | 15:28 / 05.10.2018
21896
6 дақиқада ўқилади

«Алло, ёнғин хавфсизлигими? Ёрдам беринг, уйимни сув босди!»

Кулманг! Кулишга шошмай туринг. Агар сизнинг уйингизни сув босса, «Сувоқова» корхонасига телефон қилиб, уч марта бориб ҳам ишингиз битмаса, барча тегишли ташкилотларга кириб чиқсангиз-у ҳеч ким эшитишни истамаса, бир умр меҳнат қилиб, эпақага келтирган уйингиз кўз олдингизда авария ҳолатига келиб қолишига томошабин бўлиб тура оласизми? Нажот кутиб, ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси тугул, ўсимликларни ҳимоя қилиш инспекциясига ҳам телефон қилиб юборасиз.

Бундан бир неча кун олдин — 30 сентябрь кеч соат 18:00 атрофида Самарқанд шаҳри, Даҳбед кўчасида жойлашган 83-уй ертўласидан сув чиқа бошлади. Аввал салгина сизиб чиқаётган сув босими бироз вақт ўтиб кучая бошлагач, уй эгалари саросимада қолади. Хонадон соҳиби, III гуруҳ ногирони Жаҳонгир Ҳалимов Самарқанд шаҳар «Сувоқова» корхонасига қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтиради. Аммо ҳадеганда бу ташкилот ишчилари келавермайди. Сув эса борган сари кўтарилиб борарди. Фуқаро корхонага ўзи етиб боради.

— Бутун бошли корхонада мени эшитадиган одам йўқ, — дейди уй эгаси Жаҳонгир Ҳалимов. — Навбатчиларга вазиятни тушунтирдим, илтимос қилдим, асабларим қақшаб бақирдим ҳам, қани биров тушунса. «Ҳозир бутун шаҳарда ичишга сув йўқ-ку, уйингизни қандай сув босади?» дейишгач, уйга қайтдим. Ертўладаги сув ярим метрдан ошган, аллақачон ҳамма жой нам тортган. Уй қулаб, бирор фалокат бўлишидан қўрқиб, оиламни, зарур нарсаларни олиб кўчирдим. Яна «Сувоқова» корхонасига бордим. Ўша аҳвол, бутун шаҳарга фақат битта эксковатор ва битта сув тортадиган машина хизмат қилиши, Чўпонота мавзеида авария бўлгани учун техника ўша ерга юборилганини айтишди. Бу орада уйдан қўнғироқ қилиб, сув кўтарилаётганини айтишгач, уйга югурдим. Таниш-билиш орқали сувни тортиш билан шуғулланувчи хусусий корхона топдим. Уч машина сув чиқардик, аммо қолганига маблағ етмади. Яна «Сувоқова» корхонасига бордим. Раҳбарларига вазиятни тушунтириб, ёрдам сўрамоқчи эдим, лекин бирор-бир ходим раҳбарининг ҳам, бош муҳандиснинг ҳам телефон рақамини беришни истамади: «Айтсак, ишдан кетамиз!».

Нимадир қилиш керак: кечаси бўлса ҳам, таваккал қилиб, Самарқанд шаҳар ҳокимлигига бордим. Эҳтимол, ҳокимлик вакиллари қўнғироқ қилишса, ёрдам беришар деган умидда эдим. Аммо навбатчи қўриқлаш хизмати ходимидан бошқа ҳеч ким бўлмагач, табиийки, ичкарига ҳам киритишмади. Масъулларнинг телефон рақамини сўраб илтимос қилиб кўрдим, фойдасиз. Шундан сўнг вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасига бордим. Ёрдам сўрадим, ҳолатни тушунтирдим, қани энди сал жиддийроқ қабул қилишса: «Одам ўлдими ё бирор машина пачоқ бўлиб кетдими? Бизга нима алоқаси бор?»

Хуллас, уйини сув босаётган Ж.Ҳалимов тунги соат 1:00 гача идорама-идора сарсон бўлиб, уйга ноумид қайтади. Энди биттагина нажот бор, илтимос қилиб, ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси техникалари билан сувни тортиб олиш мумкин. Аммо вазиятни тушунармикан, ахир уларда ҳам уй-жой бордир… Шу умидда қўнғироқ қилиб, ёнғин хавфсизлиги бўлинмасига боради. Афсуски, бошига иш тушган бу одам бўлинмада ҳам кулгига қолади. Қўйингки, кечаси уйини сув босаётган фуқарога бутун бошли Самарқандда ҳеч ким ёрдам қила олмайди ёки истамайди.

Яхшиям қўшнилар, ошна-оғайнилар бор экан, сув тортиш учун яна хусусий корхона ходимларини топиб келишгач, жами 10 машина (70 тонна) сув чиқарилади.

— Эртаси куни Самарқанд шаҳар уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими ҳақида эшитиб, ўша ерга бордим, — давом этади Ж.Ҳалимов. — Бўлим бошлиғи келиб аҳволни кўргач, шаҳар «Сувоқова» корхонасига қўнғироқ қилди. Ҳеч қанча ўтмай, керакли техникалар билан «Сувоқова» ходимлари етиб келишди. Тезда ёрилган сув қувурини топиб, ямашди. Аввалига ёрилган қувурга шунчаки ёғоч тиқин қўйишмоқчи эди, охирги ҳафсалам билан уларга қаршилик қилдим, вилоят уй-жой коммунал хизмат бошқармаси раҳбарига мурожаат қилиб, пайвандлаттирдим. Мени ҳайрон қолдирган нарса — «Сувоқова» корхонаси ходимларининг бир фуқаро кечаси билан ялиниб-ёлворганига пинагини бузмагани ҳолда масъул идора раҳбарининг битта қўнғироғига етиб келгани эди. Ахир авария-диспетчерлик бўлимлари аҳоли билан ишламайдими?

Воқеани жойида ўрганиш учун ушбу хонадонга борганимизда, уйнинг деворлари шифтгача дарз кетиб, ёрилганига гувоҳ бўлдик. Уй эгалари ижарага жой топиб чиқиб кетишган. Ҳатто, қўшни хонадонлар ҳам зарар кўрган. Ҳолбуки, фуқаро мурожаати ўз вақтида кўриб чиқилганида, бу уйларни сақлаб қолса бўлар эди. Хўш, энди бу зарарни ким қоплайди? Умуман, фуқароларнинг мурожаатларига бу қадар эътиборсизлик, бу қадар беписандлик қачонгача давом этади? Масалага тегишли ташкилотларнинг изоҳини кутиб қоламиз.

Анвар Мустафоқулов,

журналист

Мавзуга оид