Иқтисодиёт | 19:30 / 05.10.2018
88043
16 дақиқада ўқилади

«Долларга қарши уруш». Дунёнинг энг қудратли валютасининг ўтмиши ва келажаги

Куни кеча The Bell Россия ҳукумати иқтисодиётни доллардан халос қилиш учун лойиҳа тайёрлаётгани ҳақида хабар қилди. Хабарда таъкидланишича, бир-икки ҳафтадан сўнг у РФ бош вазири Дмитрий Медведев томонидан тасдиқланади.

Дедолларизация – доллардан халос бўлиш нима учун кун тартибига чиқди? Бу қанчалик осон ёки мураккаб? Доллар қандай қилиб дунёнинг мустаҳкам валютасига айланиб қолган? Бу саволларга қуйида жавоб топишга ҳаракат қилиб кўрамиз.

Катта саҳнага қадам

Фото: Коммерсант

Бреттон-Вудс шаҳрида бўлиб ўтган БМТ валюта-молия конференциясида 44 мамлакат вакиллари имзолаган келишув асосида Бреттон-Вудс тизими ташкил этилди. Совет Иттифоқи бу конференцияда қатнашмаган ва ўшанда тузилган Халқаро валюта жамғармасига аъзо бўлмаган, шу боис рубль конвертацияланадиган валюталар қаторидан жой олмаганди. Шунинг учун СССР уруш даврида олган қарзларини олтинда тўлашига тўғри келганди.  

Қўшма Штатлар эса уруш йилларида бойиганди. 1938 йилда Вашингтоннинг олтин захиралари 13 минг тоннани ташкил этган бўлса, 1945 йилда 17,7 минг тоннага, 1949 йилда эса 21,8 минг тоннага етиб, бутун дунёдаги олтин захираларининг 70 фоизини ташкил этганди.

Конференция қатнашчилари халқаро тўловларда олтин ўрнига долларда ҳисоб-китоб қилишга қарор қилишди, яъни доллар олтинга тенглаштирилди. Шу билан бирга, доллардан бошқа ҳеч бир валюта олтинга алмашиш “қобилияти”га эга бўлмай қолди. Долларнинг расмий нархи ҳам белгиланди: бир грамм олтин учун 1,1 доллар.

Европани тиклаш бўйича Маршалл режасига мувофиқ, Европа миллий иқтисодиётларига доллар «киритиш» бошланди. Бунинг натижасида Европа давлатлари марказий банклари олтин-валюта захираларида долларнинг улуши сезиларли даражада кўпайди. Бу умуман олганда, мантиқан тўғридек эди, чунки ўша пайтда олтинга белгиланган курс бўйича фақатгина Америка валютасини алмаштириш мумкин эди.

Бу тизим узоқ вақт ҳукм сурди. Шу билан бирга, ўтган асрнинг 60-йиллари охири 70-йиллари бошларида доллардан тўлов ва захира учун асосий валюта сифатида фаол фойдаланишни бошлаган халқаро ҳамжамият учун дастлабки огоҳлантирувчи қўнғироқ чалинди. Бу валюта бозорларида доллар қийматининг тушиб кетишига олиб келган АҚШ иқтисодиётининг навбатдаги, тўртинчи дефолтга дуч келишидан сўнг юз берди.

«Долларимни олтинингга алмаштириб бер»

1965 йил 4 февралда Франция президенти Шарль де Голль халқаро тўловлар ҳеч шубҳасиз олтин билан белгиланиши кераклиги ҳақида баёнот берди. 

“Олтиннинг хусусияти ҳеч қачон ўзгармайди: у ёмби, танга, бошқа кўринишда бўлиши мумкин, унинг миллати бўлмайди, у қадимдан ўзгармас қиймати учун бутун дунёда қабул қилинади. Шубҳасиз, бугун ҳам ҳар қандай валюта қиймати бевосита ёки билвосита олтин билан ўлчанади”, деди у ва АҚШ президенти Линдон Жонсон билан учрашувда Франция давлат резервларидаги бир ярим миллиард нақд долларни олтинга алмаштириб беришни талаб қилди.

Вашингтон Францияни бу ҳаракат Штатлар томонидан нодўстона деб баҳоланиши ва салбий оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлигидан огоҳлантирди. Генерал эса Франциянинг НАТОдан чиқишини ва мамлакат ҳудудидан НАТО штаб-квартираси ҳамда базаларини чиқариб юборишини эълон қилди.

Буёғига америкаликлар билан асосан парижлик молия мутахассислари мулоқот қилишди. 

“Барча ҳужжатлар тайёр. Франция банки вакили АҚШ ғазначилигига айтилган пулнинг тенг ярмини олиб келди”, деган хабар берилди Вашингтонга. 

Нью-Йорк портида Франциянинг “пул ташийдиган” кемасида 750 миллион доллар нақд пул туширишга шай ҳолда турарди. Ҳар бир доллар учун 1,1 граммдан олтин олган Париж учун бу келишув самарали бўлди – АҚШдан 825 тонна олтин олиб кетилди. Аэропортда эса яна шунча миқдордаги валюта юкланган самолёт турганлиги маълум қилинди. Бу фақат бошланиши эди. Икки йил ичида Франция АҚШдан 3 минг тоннадан ортиқ олтин олди.

Французлар ортидан немислар ҳам долларни олтинга алмаштириш учун океанортига отланишди. Оқ уй раҳбарияти қаршисида федерал канцлер, иқтисод фанлари профессори Людвиг Эрхард французларни қоралар экан, Германия ғазнасидан йиғиб келган долларларини намойиш қилди ва «Биз иттифоқчилармиз, шундай эмасми? Марҳамат қилиб шу пулларни олтинга алмаштириб беринг» деди. Америкаликлар бундан ларзага тушишди, аммо пул ўрнига олтин беришга мажбур бўлишди. Буёғига бошқа мамлакатларнинг марказий банклари АҚШга юриш бошлади: Канада, Япония...

1968 йил мартда америкаликлар биринчи марта долларнинг олтинга эркин алмаштирилишини чеклашди. 1971 йилнинг июль ойи охирига келиб АҚШнинг олтин захираси 10 миллиард доллардан пасайиб кетди. Шундан сўнг «Никсон-шок» номи билан тарихга кирган воқеа содир бўлди. Ўша йилнинг 15 августида АҚШ президенти Ричард Никсон долларнинг олтинга боғлиқлиги бекор қилинганини эълон қилди.

Бу воқеа ҳамда фақатгина долларга таянган мавжуд тизимга бўлган ишончнинг пасайиши аввалига ХВЖ ичида айрим ҳуқуқлар жорий этилишига, сўнгра Европадаги давлатларнинг ўз ягона валюталарини ишлаб чиқиш ғояси пайдо бўлишига олиб келди.

Вашингтондагилар олтин стандартидан воз кечиш долларга бўлган халқаро талабга сезиларли хавф олиб келишини, Америка валютасига бўлган талабни сунъий равишда ушлаб туриш иқтисодиёт гуллаб-яшнашининг асосий шарти эканини тушунишарди. Шу боис Вашингтон жаҳон молиявий тизимини назорат қилишда давом этиш учун самарали йўлни излай бошлади. У долларга бўлган талабни кафолатлаши лозим эди ва бу йўл топилди.

Махфий келишув

1973 йилнинг 6 октябрида Исроил Миср ва Сурияга қарши уруш бошлади. 13 октябрь куни Кувайтда араб давлатлари нефть вазирлари йиғилишди ва Исроил қўшинлари босиб олинган ҳудудлардан тўлиқ олиб чиқиб кетилмагунига қадар нефть қазиб олиш ҳажмини ҳар ойда 5 фоиздан камайтиришга келишиб олишди. Саудия Арабистони ва Кувайт нефть қазишни бирданига 10 фоиздан ортиқроққа қисқартирди. 20—22 октябрь кунлари араб давлатлари бирин-кетин Исроилни қурол билан таъминлаган АҚШга, кейинроқ Исроил томонида бўлган Нидерландияга нефть етказиб бериш тўхтатилишини маълум қилди. Араб давлатларида нефть қазиб олиш ҳажми учдан бир қисмга камайди.

АҚШда бензин ва дизель ёнилғиси ҳамда авиация керосини нархи оша бошлади. 1973 йилда бир баррель нефть нархи 3 доллардан 5 долларга кўтарилди. Кейинги йил давомида нефть нархи 12 долларга етди, фонд бозори қулади, иқтисодиёт боши берк кўчага кириб қолди.

1974 йилнинг июлида АҚШ молия вазири Уильям Саймон Саудия Арабистонига расмий ташриф билан келди. Ҳаттоки президент Ричард Никсон атрофидагиларнинг ҳам кўпчилиги ташрифнинг асосий мақсади ҳақида билмасди.

Саймон саудияликларнинг «нефть қуроли»ни бартараф этиш ва қиролликни АҚШ бюджетининг дефицитини молиялаштиришга кўндириш учун ташриф буюрганди. Вазир ортга рад жавоби билан қайта олмасди – мамлакатнинг молиявий фаровонлиги унга боғлиқ эди.

Саймон Америка давлат қарзлари энг жалб қиладиган омил эканлигини яхши биларди. У саудияликларни АҚШ инвестиция учун энг яхши жой эканлигига ишонтира олди.

Келишув эса жуда оддий эди: АҚШ Саудия Арабистонидан нефть сотиб олиш ва унга ҳарбий техника ҳамда ускуналар етказиб бериш мажбуриятини олди. Саудияликлар эса нефтни фақат долларга сотишга, АҚШ хазина облигациялари учун миллиардлаб доллар ажратишга ва мамлакатнинг харажатларини молиялаштиришга ваъда беришди.

Шу билан бирга, Саудия қироли инвестициялар ҳақидаги маълумотлар қатъий сир сақланиши лозимлигини талаб қилди. Bloomberg’га бу келишув ҳақида орадан 40 йил ўтгач, АҚШ миллий архивидаги маълумотлар ўрганилганидан сўнг маълум бўлди.

1975 йилга келиб эса ОПЕКнинг барча аъзолари нефть савдосида АҚШ доллари билан ҳисоб-китоб қилишга рози бўлишди ва долларнинг яна чорак асрлик ҳукмронлиги таъминланди.

«Долларга ким қарши?»

Фото: Getty

Йигирма йил аввал доллардан воз кечиш ҳақида ҳеч кимга қўшилмайдиган иқтисодчи ва сиёсатчиларгина гапириши мумкин эди ва уларнинг фикрини ҳеч ким жиддий қабул қилмасди. Беш йил илгари эса бундай таклифлар баландроқ янграй бошлади, аммо улар асосан иқтисодий ва молиявий анжуманларнинг радикал кайфиятдаги қатнашчилари ёки молия йўналишида у-бу қоралаб турадиган мутахассислари томонидан айтилди.

Бугунги кунга келиб эса йирик давлат раҳбарлари гоҳ минбарларда, гоҳ юзма-юз учрашувларда дедолларизация ҳақида баралла сўзлашмоқда.

Жумладан, ўтган йили Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Деҳлида бўлиб ўтган турк-ҳинд бизнес форумида Туркия ва Ҳиндистон ўзаро ҳисоб-китобларда доллардан воз кечиш ва миллий валюталарда тўловларни амалга ошириш имкониятини муҳокама қилишлари мумкинлиги ҳақида баёнот берди.

«Экспорт ва импорт амалиётлари миллий валюталарда амалга оширилиши мумкин, бу эса валюта курслари тебранишлари билан боғлиқ салбий таъсирларни камайтиради», — деди Эрдўған.

Anadolu агентлиги августда Эрдўғаннинг Туркия Хитой, Россия, Эрон ва Украина билан ўзаро савдо-сотиқни миллий валюталарда олиб боришга тайёрланаётгани ҳақидаги сўзларини келтирди.

Шу йил кузда Бишкекка расмий ташрифи чоғида ташкил этилган қирғиз-турк бизнес-форумида эса Эрдўған «халқаро савдода доллар ҳукмронлигига чек қўйиш зарур»лигини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, савдони гўёки енгиллаштириш учун яратилган, долларга боғланган тизим ҳозир энг катта муаммога айланди, савдо урушлари ва протекционизм кўплаб соҳаларда янги стратегиялардан фойдаланишга мажбур қилмоқда.

12 сентябрь куни Европарламент олдида чиқиш қилган Еврокомиссия президенти Жан-Клод Юнкер доллар борасида кескин фикр билдирди.

«Энергия импортининг бор-йўғи икки фоизи АҚШга тўғри келгани ҳолда Европа 80 фоиз энергия импорти учун пулни (йилига 300 миллиард евро) Америка долларида тўлаши бемаънилик. Европа компаниялари Европа самолётларини еврога эмас долларга сотиб олишлари бемаънилик», деди у.

Еврокомиссия раҳбари йил охиригача тақдим этилишини айтган режага кўра, нефть ва газ экспортчиларига шартномаларда тўлов валютасини алмаштириш таклиф этилади: доллар ўрнини евро эгаллайди. 

Аввалроқ Евроиттифоқ Эрондан келувчи нефтга тўловни амалга оширишда доллардан еврога ўтишни мўлжаллаётгани хабар қилинганди.

Шу йилнинг июлида ВТБ раҳбари Андрей Костин Россия президенти Владимир Путинга Россия иқтисодиётини дедолларизация қилиш бўйича режасини тақдим қилганди. Айни пайтда ҳукумат доллардан воз кечиш бўйича қонун лойиҳасини тайёрламоқда.

Костиннинг айтишича, режада халқаро ҳисоб-китобларда рублдан фойдаланишни кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар кўрсатилган.

«Гап доллардан буткул воз кечиш ҳақида бормаяпти», дейди у. Костиннинг айтишича, «режа узоқ муддатга мўлжалланган бўлиб, жаҳондаги юз бераётган ўзгаришларга асосланган». Унинг ҳисобига кўра, дедолларизация учун камида беш йил кетади.

«Бунда асосий эътибор ўзаро ҳисоб-китобларни миллий валюталарда амалга оширишга қаратилади. Шунингдек, валюта назорати эркинлаштирилади ва валюта қонунчилиги либераллаштирилади», деб ёзади The Bell.

«Шарқ ва Европада борган сари сари кўпроқ давлатлар бу валютага қарамликни камайтириш ҳақида ўйламоқда», — деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.

Унинг сўзларига кўра, Владимир Путин ва Си Жинпинг Пекиндаги Шарқий иқтисодий форум доирасида ўзаро ҳисоб-китобларни миллий валюталарда амалга ошириш мавзусини муҳокама қилишган.

Хитой юанни ХВЖнинг резерв валюталари рўйхатига киритишга фаол ҳаракат қилмоқда. Бундан ташқари, Россия ва Эрон билан энергоресурслар олди-сотдисини юанда олиб бормоқда. Саудия Арабистони ва Анголадан ҳам нефть савдосини долларда эмас, юанда олиб боришни сўрамоқда.

2018 йилда эса олтин билан таъминланган фьючерс шартномаларини («петроюань») жорий этди.

Теҳрон 2008 йилда нефть ва газ Эрон реалида сотилувчи савдо майдончасини ишга туширди. Сўнгра Ҳиндистонга нефтни еврода сота бошлади. 

Трампнинг янги санкциялар киритиш таҳдидидан кейин Эрон ҳисоб-китобларда доллардан воз кечиб, евродан фойдаланишини эълон қилди.

Ироқ ҳукумати расмий вакили Саад ал-Ҳадиси Вашингтоннинг Теҳронга қарши санкциялари сабабли Эрон билан ҳисоб-китобларда доллар ўрнига евродан фойдаланишини маълум қилди. 

2008 йилда Исроил, 2009 йили Боливия, Венесуэла, Ҳондурас, Куба, Никарагуа ва Эквадор доллардан тўлиқ воз кечган.

2014 йилда Бразилия ва Уругвай ўзаро ҳисоб-китобларни миллий валютада олиб боришга ўтди.

Кейинроқ дедолларизация Осиё-Тинч океани минтақасига етиб келди. Ҳозирда Хитой Австралия, Япония ва Ҳиндистон билан, Япония Бразилия билан савдода доллардан фойдаланмайди.

Доллар ҳукмронлиги давом этадими?

АҚШнинг фаол санкцион сиёсати бошқа мамлакатларни муқобил молия тизимини яратишга мажбур қилади ва жаҳон майдонида доллар гегемонияси қулашига олиб келади, деган фикрни билдирди Глобал хавфсизликни таҳлил қилиш институти директори Гэл Лафт CNBC учун ёзган мақоласида.

Унинг ёзишича, АҚШ ҳозирда жаҳондаги деярли ҳар ўнта давлатдан биттаси билан иқтисодий уруш ҳолатида. Улар қаторида Россия, Эрон, Хитой, КХДР, Венесуэла ва бошқа давлатлар бор. Бу мамлакатлардаги аҳоли сони икки миллиард кишидан ошади, умумий ЯИМ эса 15 триллион доллардан ортиқроқни ташкил этади.

Бундан ташқари, АҚШ бу мамлакатлар ҳукуматларига яқин деб ҳисоблаган минглаб шахсларни қора рўйхатга киритган ва улар глобал молиявий тизимга кира олишмайди.

Лафтнинг ёзишича, АҚШнинг санкциялар сиёсатига қарши чиқаётганлар орасида нефть экспортчилари жуда ҳам кўп ва улар ўз маҳсулотлари долларда баҳоланмаслиги ва сотилмаслиги керак, деб ҳисоблашади. Хитой Анголадан нефтни, Россиядан газни, Мўғулистондан кўмирни юанга сотиб олишни маъқул кўради. Бундан ташқари, Россия Туркия билан савдони долларсиз амалга оширишни, БРИКС давлатлари эса доллар иштирокисиз иқтисодиёт яратишни исташмоқда.

Келажакда Америка валютасининг халқаро савдодаги улуши камайиши мумкин, аммо доллар жаҳон резерв валютаси мақомини сақлаб қолади, дейилади Moody's агентлиги ҳисоботида.

ХВЖ маълумотларига кўра, жаҳон валюта резервларида АҚШ долларининг улуши 62,7 фоизни, евро эса 20,1 фоизни ташкил этади. 

Moody's экспертлари вақт ўтиши билан долларга муқобил валюталар оммалашишини тахмин қилишмоқда. Мутахассислар Осиё ва Лотин Америкасида евронинг ҳамда Хитойнинг бошқа давлатлар билан муносабатларида юаннинг фаол муомалада бўлишини тахмин қилишмоқда.

Статистикага қараганда, доллар SWIFT тўлов тизимидаги барча тўлов ўтказмаларининг 40 фоизга яқинини ташкил этган. Кейинги ўринларни евро, фунт ва япон иенаси эгаллаган.  

Bloomberg таҳлилчиларининг хулосасига кўра, Россия, Туркия ва Эрон биргаликда ҳаракат қилганида ҳам доллар гегемониясига сезиларли зарба бера олмайди. Уларнинг бир-бирлари билан миллий валютада ҳисоб-китоб қилишлари эса жаҳон бозорида ҳаттоки сезилмайди.

Лекин бир нарса аниқ: долларга қарши уруш бошланди. Бу урушда доллар ғолиб чиқадими ёки бирданига бир нечта жаҳон валютаси пайдо бўладими, вақт кўрсатади.

Дилшод Асқаров

Мавзуга оид