Жамият | 00:37 / 06.10.2018
57096
5 дақиқада ўқилади

Андижондаги кузатув камералари дастурининг носозлиги оқибатида ҳайдовчиларга асоссиз жарималар қўлланган

Шу йил 1 июнидан бошлаб Андижон шаҳридаги 7 та чорраҳада “Хавфсиз шаҳар” дастури бўйича кузатув камералари ишга туширилган эди.

Вилоят марказининг транспорт воситалари серқатнов бўлган чорраҳаларига жами 98та видеокузатув камераси ўрнатилди. Мазкур камералар орқали қайд этилаётган ҳолатлар Андижон вилояти ИИБ навбатчилик қисмида ташкил этилган бошқарув тизимига фото ва видеотасвир ҳамда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги юзасидан онлайн равишда шиша толали кабел орқали етказиб берилмоқда.

Лекин, ўтган тўрт  ой давомида ўрнатилган махсус автоматлаштирилган фото-видео  қайд этиш кузатув камералари ёрдамида аниқланган қоидабузарликлар компьютер дастурининг нотўғри хулоса қабул қилгани оқибатида ҳайдовчиларга нисбатан кўплаб асоссиз жарималар солинаётгани аниқланди. Таҳлиллар шуни кўрсатяптики,  Дастур мукаммал ишлаб чиқилмаган. Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан ўтган давр мобайнида техник хато сабабли нотўғри чиқарилган кўплаб қарорлар ихтиёрий бекор қилинди.   

Ҳайдовчиларга нотўғри жарима солинганида қандай йўл тутишлари ва қаерга мурожаат қилишлари ҳақида Андижон шаҳар адлия бўлими бошлиғи Озодбек Ғофуров  ўз фикрларини билдирди:

“Дарҳақиқат,  кўплаб фуқаролар  бузилган ҳуқуқларини тиклаш мақсадида суд ва адлия органларига мурожаат қилишмоқда.  Андижон шаҳар адлия бўлимига шу кунгача йигирмадан ортиқ  ана шундай арзномалар келиб тушди.

Олтинкўл туманида яшовчи В. Усмонов  кузатув камераси орқали йўл ҳаракати бузилиши ҳисобга олинганлиги билан боғлиқ жарима солиш тўғрисидаги қарордан норози бўлиб, ушбу қарорни бекор қилиш бўйича мурожаат қилган. Вилоят ИИБ ЙҲХБдан сўров хати орқали олинган ҳуқуқбузарлик содир этилган вақтдаги видео тасвир Ўзбекистон Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Андижон вилояти мутахассислари томонидан таҳлил қилингач, ҳайдовчи “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 15 боб, 102 ва 103 бандлари бўйича ҳаракатланишни тўғри амалга оширганлиги ҳақида хулоса берилди. Шундан сўнг бўлимимиз томонидан Андижон шаҳар маъмурий  судига ИИБ ЙҲХБнинг жарима солиш ҳақидаги   қарорини бекор қилиш бўйича берилган ариза берилди. Маъмурий суд аризани кўриб чиқиб, нотўғри чиқарилган қарор бекор қилинди. 

Султон Жўра кўчасида яшовчи Б. Долимов   вилоят ИИБ ЙҲХБнинг 344480 сўм маъмурий жаримага тортиш ҳақида қарорини бекор қилишни сўраб бўлимимизга ариза билан мурожаат қилган. Бўлим томонидан қоидабузарлик ҳолати ўрганиб таҳлил қилингач, Андижон шаҳар маъмурий судига даъво аризаси киритилди. Бу жараёнда ҳам  суд томонидан фуқаро томонга ижобий қарор чиқарилган.

Шунингдек, адлия бўлими томонидан фуқаро М.Позиловнинг ИИБ ЙХХБнинг 1 722 400 сўм жарима солиш тўғрисидаги қароридан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганиб чиқилди. Ҳайдовчи томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузмаганлиги, жарима техник хато эканлиги исботланиб, вилоят ИИБ ЙҲХБ томонидан ушбу қарор ихтиёрий бекор қилинди”.

Андижон шаҳар адлия бўлими раҳбари Озодбек Ғафуров  бўлимга тушган аризаларнинг барчаси ўз тасдиғини топмагани, улар орасида кўплаб ҳайдовчиларга жарима ҳақиқатда асосли қўлланганини ҳам таъкидлаб ўтди.

Айни пайтда Андижон шаҳар кўчаларидаги  айрим йўллар ва чорраҳалар торлиги сабаб тирбандлик ҳолатлари ҳам юзага келмоқда. Бу ҳолат пиёда ва ҳайдовчиларнинг  ҳаракати изчил бўлишига ҳалақит бераётир.

Бундан ташқари “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 31-бандида кўрсатилганидек, ҳайдовчиларга яшил ишора ўчишига қанча вақт қолганини сонияларда кўрсатиб, ахборот бериш учун рақамли табло қўлланилиши мумкин бўлсада, Андижон шаҳридаги 7 та чорраҳада мавжуд светофорларга секундомер ўрнатилмаган.

Мутасаддилардан янги лойиҳани амалга ошириш бошлаганда унинг ҳар томонлама мукаммал бўлишига жиддий эътибор қаратишларини сўраган бўлар эдик. Чунки, ҳар бир хато ортида аҳоли вакиллари  ва ходимларнинг зое кетган вақти ва қанча асаббузарликлар ётади.

Ўз мухбиримиздан

Мавзуга оид