Спорт | 18:37 / 08.10.2018
25250
4 дақиқада ўқилади

Параосиё ўйинларида 2-кун: Ўзбекистон 3-ўринга кўтарилди, Осиё ва жаҳон рекордлари янгиланди

Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида III Параосиё ўйинлари давом этмоқда. Мусобақаларнинг иккинчи кунида Ўзбекистон вакиллари спортнинг енгил атлетика, дзюдо, пауэрлифтинг ва сузиш каби турларида 17 та медаль – 11 та олтин, 3 та кумуш ва 3 та бронза қўлга киритишди.

8 октябрь куни тонгида енгил атлетикачилар - Камолахон Абдуллаева (узунликка сакраш, 4,71 м), Александр Свечников (найза улоқтириш, 67,92 м) ва София Бурханова (ядро улоқтириш, 14,59 м) Ўзбекистон делегацияси ҳисобига навбатдаги олтин медалларни қўшиб қўйишди.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси
Александр Свечников  / Фото: Параосиё ўйинлари расмий сайти

Қайд этиш лозимки, Камолахон Абдуллаева Параосиё ўйинларида аёллар ўртасида узунликка сакраш бўйича чемпионликни қўлга киритган ўзбекистонлик дастлабки спортчи бўлди.

Камолахон Абдуллаева / Фото: Параосиё ўйинлари расмий сайти

Бугун гиламга чиққан тўрт нафар ўзбекистонлик дзюдочининг барчаси шоҳсупага кўтарилишга муваффақ бўлди.

Эркаклар ўртасида ўтказилган баҳсларда Шерзод Намозов (-60кг) ва Ўткир Ниғматов (-66кг) олтин, аёллар ўртасидаги беллашувларда эса Лобар Ҳуррамова (-48кг) кумуш, Севинч Саллаева (-52кг) бронза медалларини қўлга киритишди.

Шерзод Намозов / Фото: Параосиё ўйинлари расмий сайти
Ўткир Ниғматов / Фото: Параосиё ўйинлари расмий сайти
Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Дзюдо бўйича баҳслардан бироз ўтиб, ядро улоқтириш мусобақалари ҳам якунига етди. Унда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Ҳусниддин Норбеков 16,35 м натижа қайд этди ва жаҳон рекордини ўрнатди.

Ҳусниддин Норбеков / Фото: Параосиё ўйинлари расмий сайти

Шундан сўнг эса найза улоқтириш баҳсларида қатнашган Розия Эргашева 34,10 натижа қайд этди ва олтин медални қўлга киритди. 200 метрга югуриш йўналишида стартга чиққан Сабина Суханова эса маррага учинчи бўлиб етиб борди ва бронза медалига эга чиқди.

Пауэрлифтингда -55кг вазн тоифасида баҳсларда қатнашган Роза Қўзиева 113 кг натижа қайд этди ва делегация ҳисобига навбатдаги олтин медални қўшиб қўйди.

Мусобақаларнинг биринчи кунида сузиш бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг 4 аъзоси 2 та олтин ва 2 та кумуш медалларни қўлга киритган эди. Ушбу спорт туридаги муваффақиятли юриш бугун ҳам давом эттирилди.

100 м масофага эркин усулда S13 йўналишида сузиш баҳсларида Ўзбекистоннинг 5 нафар спортчиси бугунги финал мусобақаларида ҳам совриндор бўлишга муваффақ бўлди. Эркаклар ўртасидаги мусобақаларда шоҳсупага кўтарилган учала совриндор ҳам Ўзбекистон вакиллари бўлди: Ислом Асланов олтин, Музаффар Турсунхўжаев кумуш ва Дмитрий Хорлин бронза медали соҳиби бўлиб, бир вақтнинг ўзида мамлакатнинг 3 та байроғи баланд ҳилпирашига эришишди. Диққатга сазовор жиҳати, Асланов маррага биринчи бўлиб етиб келиш баробарида Параосиё ўйинлари рекордини (51:71 сония) ҳам ўрнатди.

Худди шу йўналишда аёллар ўртасидаги мусобақаларда Фотима Омилова олтин (58,66 сония натижа билан Параосиё ўйинлари рекордини ўрнатди), Шоҳсанам Тошпўлатова кумуш медални қўлга киритди.

Эслатиб ўтамиз, кечаги мусобақаларда олтин олган Дмитрий Хорлин 400 м масофага сузиш баҳсларида барча рақибларини ортда қолдириш билан бирга Осиё рекордини ўрнатган эди.  У ўз чиқишини 4 дақиқа 9,23 сонияда якунлаб, қитъа рекордини янгилади. Бундан аввалги рекорд 4 дақиқа 26,98 секундни ташкил этган эди.

Шу тариқа, сузиш баҳсларида жами 9 та медаль Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларига насиб этди.

Ўнгдан биринчи - Дмитрий Хорлин
Фото: Паралимпия қўмитаси матбуот хизмати

200 метрга югуриш баҳсларида маррага биринчи бўлиб етиб келган Дониёр Аҳмедов (22,79 сония) кунни Ўзбекистон делегацияси учун олтин медаль билан якунлаб берди.

Эндиликда Ўзбекистон ҳисобидаги медаллар сони 21тага етди - 13 та олтин, 5 та кумуш ва 3 та бронза. Медаллар сифати бўйича мамлакатимиз умумжамоа ҳисобида 3-ўринга кўтарилиб олди.

Параосиё ўйинлари 13 октябрга қадар давом этади.

Мавзуга оид