Жаҳон | 11:22 / 07.11.2018
9722
2 дақиқада ўқилади

Голливуднинг энг кекса актёрларидан бири Майкл Дуглас ўз “юлдузи”га эга бўлди

Фото: Photo by Chris Pizzello/Invision/AP

Америкалик машҳур актёр Майкл Дуглас 6 ноябрда шоу-бизнесдаги 50 йиллик фаолияти муносабати билан Голливуддаги шон-шуҳрат хиёбонида ўз “юлдузи” билан тақдирланди.

“Бу мен учун катта шараф, мен энди ёш бўлолмайман. Мен бу онлардан оилам билан ҳузурланмоқчиман”, деб айтган 74 ёшли актёр. Бу юлдуз хиёбондаги 2648-юлдуз бўлди ва актёрнинг отаси, 101 ёшли актёр Кирк Дугласга аталган юлдуз яқинида жойлашган. Кирк Дугласнинг ўзи эса ўғлига аталган юлдузнинг очилиши маросимида иштирок этган. Дугласни қўллаб-қувватлагани, шунингдек, унинг рафиқаси, актриса Кэтрин Зета-Жонс ва актриса Жейн Фонда келган.

Майкл Дуглас 1944 йил 25 сентябрда Нью-Брансуик шаҳрида актёр Кирк Дуглас оиласида дунёга келган. Актёрга машҳурлик келтирган илк роли “Сан-Франциско кўчалари” сериалидаги роли бўлган. У “Тош билан муҳаббат” романтик комедиясидан кейин ҳақиқий машҳурликка эришган. Сўнгра у “Ҳалокатли интилиш” (Fatal Attraction, 1987), “Уолл-стрит” (Wall Street, 1987) (Дуглас ушбу фильмдаги роли учун “Оскар” олган) каби бир қатор фильмларда суратга тушган.

Дуглас, шунингдек, продюсерлик билан шуғулланган. У продюсерлик қилган “Какку уяси устидан учиб” (One Flew Over the Cuckoo's Nest, 1975) фильми хитга айланиб, 5 та йўналиш, жумладан “Энг яхши фильм” учун “Оскар” билан тақдирланган. 

Голливуд шон-шуҳрат хиёбони Лос-Анжелеснинг шимоли-шарқий қисмида жойлашган бўлиб, Голливуд хиёбонининг 15 кварталини эгаллайди. Хиёбонни ташкил этиш ғояси 1953 йилда пайдо бўлган, унга биринчи юлдуз эса 1958 йил августида ўрнатилган. Илк юлдуз соҳиби актёр Престон Фостер ҳисобланади. Хиёбонда 1960 йилда расман очилишигача 1,5 мингдан кўпроқ юлдуз ўрнатишга улгурилган.

Мавзуга оид