Жаҳон | 11:04 / 06.02.2020
11055
2 дақиқада ўқилади

Ҳолливуд афсонаси Кирк Дуглас 103 ёшида ҳаётдан кўз юмди

Ҳолливуднинг афсонавий юлдузи, таниқли актёр Майкл Дугласнинг отаси Кирк Дуглас 103 ёшида ҳаётдан кўз юмди.

Фото: EPA/PAUL BUCK

Бу ҳақда унинг ўғли Майкл Дуглас Instagram’да маълум қилди. 

“У бутун дунё учун афсона, кинонинг олтин асри актёри, адолатга содиқлиги билан барчамизга ўрнак бўлган инсонпарвар эди”, деб ёзган Майкл Дуглас.

Ўғилнинг таъкидлашича, отаси ажойиб умр кечирган ва келажак авлодга кинематографияда ўз меросини қолдирди.

Актёрлик фаолиятини 1946 йилда бошлаган Кирк Дуглас 80 дан кўпроқ фильмда, жумладан, “Ёмон ва гўзал” (The Bad and the Beautiful, 1952), “Ҳаётга ташналик” (Lust for Life, 1956) фильмларида суратга тушган. Унинг энг машҳур ролларидан бири “Спартак”даги (1960) гладиатор Спартак роли ҳисобланади. 1996 йилда ёрқин фаолияти учун фахрий “Оскар” мукофоти, 1956 йилда “Ҳаётга ташналик” фильмидаги роли учун “Олтин глобус” билан тақдирланган.

Асл исми Иззи Данилович бўлган актёр 9 та китоб муаллифи ҳисобланади.

Ҳолливуднинг классик киносининг энг машҳур актёрлари рўйхатида 17-ўринни эгаллаган. 

Мавзуга оид