Жаҳон | 17:57 / 22.11.2018
9359
2 дақиқада ўқилади

Европанинг яна бир давлатида бензин нархи ошгани сабабли тартибсизликлар бошланди

Фото: rtbf.be

Бельгияда бензин нархи ошгани сабабли юзлаб кишилар нефтни қайта ишлайдиган завод жойлашган Нивель шаҳрида тартибсизликлар уюштиришди, деб хабар берди RTBF телеканали.

Полиция билан тўқнашувларда 400га яқин киши қатнашган. Улар тартиб посбонларига тош ва “Молотов коктейллари” улоқтиришган ҳамда машиналар ойналарини синдиришган. Қайд этилишича, тартибсизлик қатнашчилари уюшқоқлик билан ҳаракат қилишган, улар полиция вертолётини лазер ёрдамида воқеа жойидан узоқлаштиришган.

Шу билан бирга, намойишчилар Брюсселга олиб борадиган йўлларни тўсиб қўйишган. Е19 трассасида 250га яқин, N6 трассасида эса 150та юк машинаси ҳаракатдан тўхтаб қолган.

Телеканалнинг хабар беришича, воқеа жойига 120 полициячи келган ва 30 кишини ҳибсга олишган.

Бензин нархи ошишига қарши норозилик намойишлари Бельгиядан Францияга кўчган. Улар намойишларни «сариқ нимчалилар акцияси» деб номлашмоқда, сабаби, намойишчилар одатда ҳайдовчилар киядиган ёрқин нимчаларни кийиб олишган.

17 ноябрь куни Франциядаги тартибсизликлар чоғида бир аёл ҳалок бўлгани, 500дан ортиқ киши жароҳатлангани хабар қилинганди. Акцияда бутун мамлакат бўйлаб 283 мингга яқин киши иштирок этган.

Франция ҳукумати 2019 йилда дизель ёнилғиси учун солиқни 6,5 фоизга, бензин солиғини эса 2,9 фоизга оширишни режалаштирмоқда. Ҳукумат ҳайдовчиларнинг транспортнинг экологик турларидан фойдаланишларини рағбатлантириш учун шундай чора кўрмоқда.

 

Мавзуга оид